Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 21:26

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш бошланди


20 июнь кунидан Ўзбекистонда абитуриентлардан олий ўқув юртларига ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Ҳужжат топшириш бир ой давом этади. Лекин, Ўзбекистондаги Кореянинг "Инха" ва Британиянинг "Вестминстер" халқаро университетида ҳужжат қабул қилиш 20 июнь куни тугайди.



Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш бошланди, лекин бу йил олийгоҳларга қанча киши қабул қилиниши маълум эмас.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийларига кўра, “2014-2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарор ҳали чиққани йўқ.

- Бу йилги қабул тўғрисидаги қарор ҳали чиққани йўқ. Лекин, ҳужжат топшириш бугундан бошланди. Ҳужжат топшириш ҳар доимгидек, ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Ўтган йили биометрик паспорт бўлиши керак, деган гап-сўзлар бўлганди. Унақа талаб йўқ. Амалдаги эски паспорт бўлса ҳам, ҳужжат қабул қилинаверади,- деди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийларидан бири.

Ўтган йили Ўзбекистон олий ўқув юртларига бакалавр босқичи бўйича 56 мингдан зиёд талаба қабул қилинган. Шундан бюджет ўринларининг сони 19 мингдан кўпни, тўлов-контракт асосидаги ўринлар 37 мингни ташкил этганди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кўра, бу йил ўқишга киришни режалаётган коллеж ва лицей битирувчиларининг сони 220 мингдан ошади.

Ҳар йилгидек бу йил ҳам Тошкентдаги Юридик, Шарқшунослик институтлари, Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университетига ўқишга талабгорларнинг кўп бўлиши кутиляпти.

- Бугун эрталабдан қабул бошланди. Санамадик, лекин келишяпти. Тушгача йигирмага яқин одам топширди. Биринчи кун одатда суст бўлади. Бу йил ҳам ҳар доимгидек дипломдан копия, иловаси, паспорт 086 тиббий справка, қолганини абитуриентни ўзи билади. Аризани шу ерни ўзида тўлдиради,- дейди Тошкентдаги Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети қабул комиссияси ходими.

Ўзбекистондаги Кореянинг "Инха" университетига ҳужжат қабул қилиш эса 20 июнь куни тугайди.

- Бугун охирги кун. Кеч соат олтигача ким ҳужжат топширишга улгурса улгургани. Ҳужжатларни Тошкентдаги Турин политехника университети қошидаги академик лицей биносида қабул қиляпмиз. Бизда 6 июндан 20гача ҳужжат қабул қилинади, деб айтилган. Имтихонлар бизда 6 июль куни бўлади. Ўқиш 1 октябрдан бошланади. Бизга топширолмаганлар бошқа олийгоҳларга ҳам топширишга улгуради,- дейди Кореянинг Инха университети қабул комиссияси ходими.

Абитуриентлар "Вестминстер"га кўпроқ қизиқмоқда

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул бошланиши арафасида “UzinfoCom” агентлиги Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари рейтингини эълон қилди.

Рўйхатда Тошкентдаги "Вестминстер" халқаро университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Тошкент ахборот техналогиялари универститети етакчилик қилмоқда.

“UzinfoCom” журнали бош муҳаррири Александр Сучков рейтинг Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари сайтларига кирувчилар сонига қараб тузилганини айтади.

- Олий ўқув юртларига кириш мавсуми бошланиши билан шу университет ёки институт сайтларига кирувчилар сони ошади. Абитуриенлар шу сайтларга кириб, кўпроқ маълумот олишга уринади. Бу эса абитуриентларнинг у ёки бу олийгоҳга қизиқишини кўрсатади. Шунга қараб бу рўйхат тузилди,- дейди Сучков.

Тошкентдаги "Вестминстер" халқаро университетига ҳам бюджет асосида ўқишга қабул 20 июнь куни тугайди. Контракт бўйича ўқимоқчи бўлганлар учун қабул давом этмоқда.

- Бизда бюджет асосида ўқишга алоҳида, контрактга алоҳида танлов бўлади. Ҳужжат топширувчилар жуда кўп. Бюджетга ҳужжат топширишга бугун оҳирги кун. Ҳужжат топшириш учун абитуриент бугун соат бешгача онлайн рўйҳатдан ўтиши керак. 30 июнь куни имтихон бўлади. Котнракт учун қабул январ ойидан бошланган. Имтихона ҳар ойда бўлади. Асосан инглиз тили ва математикадан имтихон бўлади,- дейди Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети ходими.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили олийгоҳларга 500 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган. Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида бир ўринга ўртача тўққиз киши даъвогар бўлган.

Энг катта танлов – бир ўринга 20 дан зиёд киши – Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида қайд этилганди.
XS
SM
MD
LG