Линклар

АҚШ Ироқ ҳукуматига ИШИДга қарши курашда чекланган ёрдам ваъда қилди


Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб, пойтахт Бағдодни ишғол этиш билан таҳдид қилмоқда.

Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб, пойтахт Бағдодни ишғол этиш билан таҳдид қилмоқда.

Ироқ шиаларининг олий руҳонийси Оятуллоҳ Али ал-Систоний мамлакатда янги “самарали” ҳукумат ўрнатилишига чақирмоқда. Ал-Систонийнинг бу баёнотини унинг вакили жума намозида ўқиб эшиттирди. Ал-Қоидага алоқадор Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб, пойтахт Бағдодни ишғол этиш билан таҳдид қилмоқда. АҚШ Ироқнинг шиа ҳукуматига сунний жангариларни тўхтатишда ҳаво зарбалари ва ҳарбий мутахассислар билан кўмаклашишини ваъда қилди.




Ироқда катта нуфузга эга шиа руҳонийси Оятуллоҳ Али ал-Систонийнинг баёнотини унинг вакили Абдул Маҳди ал-Карбалоий жума намози пайтида ўқиб эшиттирди.

Карбало шаҳрида ўқилган жума намозида ал-Систоний номидан гапирган ал-Карбалоий янги ҳукумат “барча ироқликларнинг келажаги учун янги истиқболларни очиб бериши керак”, дея таъкидлади.

Ал-Систонийнинг баёнотида шунингдек, мамлакатнинг катта ҳудудларини эгаллаб олган сунний жангарилар кеч бўлмасидан, иложи борича тезроқ Ироқдан хайдаб чиқарилиши керак, дейилади. Ироқдаги барча динлар ва жамоалар сунний экстремитсларга қарши кураш учун жипслашмоғи керак, дея таъкидлади ал-Карбалоий.

Ал-Қойдадан ажраб чиққан Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи мамлакатнинг шиалар назоратидаги ҳукумати томонидан камситилаётгани айтиладиган сунний арабларнинг норозилигидан фойдаланиб, Ироқ шимолида исён кўтарди ва икки ҳафта ичида катта ҳудудларни эгаллаб олди.

Бағдодни ишғол этиш билан таҳдид қилаётган ИШИД жангариларига қаршилик кўрсатиш учун пойтахтнинг шимолий қисмида Ироқ ҳукумати қўшинлари тўпланмоқда.

Вазиятнинг жиддийлиги боис Қўшма Штатлар Ироқнинг шиа ҳукуматига кўмаклашиш учун бу мамлакатга 300га яқин ҳарбий мутахассисни жўнатишини ваъда қилди.

АҚШ Президенти Барак Обама 19 июнь куни қилган чиқишида мутахассислар сунний жангарилар ҳужумини қайтаришни ташкил қилиш жараёнини бошқаришга ёрдам беради, дея таъкидлади.

- Биз 300 нафаргача қўшимча америкалик ҳарбий мутахассисларни юборишга тайёрмиз. Бу мутахассисларимиз Ироқ хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш, уларга маслаҳат беришнинг энг самарали йўлларини баҳолайди. Америка қўшинлари Ироқда жанговар ҳаракатларда қатнашгани у ерга қайтмайди,- деди Обама.

Ироқ ҳукуматининг ИШИД жангарилари истеҳкомларини ҳаводан нишонга олиш сўровини қондириш масаласини кейинроққа қолдирди АҚШ раҳбари. Обама Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликийни бўҳронни келтириб чиқарган мазҳаблараро келишмовчиликларни бартараф қилишга имкон қадар ҳаракат қилишга чақирди.

Ироқ етакчилари, деди Обама, ўзаро келишмовчиликларни четга суриб, Ироқ келажаги учун бирдамлик намойиш қилиши керак.

- Ироқ етакчиларини танлаш бизнинг вазифамиз эмас. Ироқда ватандошларимиз кўп йил давомида курашган мақсадлардан бири ироқликларга ўз тақдирини ҳал қилиш ва ўз етакчиларини танлаш ҳуқуқи ва имкони берилиши бўлган,- деди Обама.

Шу ой бошида ИШИД жангарилари мамлакат шимолида ҳуружни бошлаб, иккинчи йирик шаҳар Мосулни эгаллаб олиши Ироқ армиясини саросимага тушириб қўйди. Ироқ ҳукумати Вашингтондан жангариларга қарши ҳаводан зарба беришни сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Пайшанба куни қилган чиқишида Обама “керак бўлганда” “нишонли” ҳарбий чораларни кўришшга тайёрлигини баён қилди. Лекин, дея таъкидлади у, бўҳронни ҳарбий чоралар билан эмас, ҳукуматда “барча” фирқаларга жой бериш билан ҳал қилиш мумкин.

20 июнь куни Ироқ ҳукумати кучлари Бағдоддан 200 километр шимолроқда жойлашган Баижи нефтни қайта ишлаш заводида сунний жангарилар билан қарама-қаршиликни давом эттиргани тўғрисида хабарлар келмоқда.
XS
SM
MD
LG