Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

АҚШ Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишидан бош тортаётганини тан олди


Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатларига қарши курашиб келаётган Cotton Campaign гуруҳи АҚШ Давлат департаментининг Одам савдоси бўйича ҳисоботида Ўзбекистоннинг қуллик кўп тарқалган мамлакатлар қаторига қўйилганини олқишлади. 20 июнь куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри шахсан тақдим этган ҳисоботда Ўзбекистон одам савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолларининг учинчи даражаси кузатилаётган мамлакатлар қаторидан жой олди.



Қўшма Штатлар Одам савдоси бўйича ҳисоботи (Trafficking in Persons Report)да Ўзбекистонни одам савдоси ва қуллик энг кўп тарқалган мамлакатлар қаторига қўйиши бу мамлакатда ҳар йили пахта теримига мажбурланадиган миллиондан зиёд одамга йўлланган бирдамлик муждасидир.

Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан иборат Cotton Campaign гуруҳи баёнот тарқатди.

АҚШ Давлат департаменти қуллик ва кенг тарқалган мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация каби ҳолатларга қарши талабга мувофиқ кураш олиб бормагани учун Ўзбекистонни одам савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолларининг учинчи даражаси кузатилаётган мамлакатлар қаторига қўшган.

АҚШ қонунларига кўра, одам савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолларининг учинчи даражаси- "Tear-3" га киритилган мамлакатларга савдо-сотиққа бевосита боғлиқ бўлмаган санкциялар жорий этилиши мумкин.

Бундай даражага туширилган мамлакатлар орасида Эрон, Саудия Арабистони, Яман, Сурия, Шимолий Корея, Зимбабве ва Африканинг бошқа бир қатор мамлакатлари бор.

–Бу қарор Тошкент ҳукуматини Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий меҳнат холатлари учун жавобгарликка тортиш йўлида ташланган муҳим қадамдир, - деди Cotton Campaign коалициясига кирувчи Хьюман Райт Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши чоралар талаб қилинадиган минимал талабларга ҳам жавоб бермайди.

"Ўзбекистонда пахта йиғим-терими даврида мажбурий сафарбарликни тўхтатиш йўлида Тошкент ҳукумати жиддийроқ қадамларни қўйиши керак", дейилади ҳисоботда.

Ўтган йили Cotton Campaign коалицияси фаоллари АҚШ Давлат котиби Жон Керрига мурожаат этиб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга чек қўйилишига эриши учун Тошкент ҳукуматига босим ўтказишга чақиргандилар.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда пахта теримида кўп йиллардан бери болалар ва катта ёшдаги талабалар мажбуран ишлатилиши айтилади.

"Cotton Campaign" мактубида 2013 йилги пахта мавсумида ҳам Ўзбекистон ҳукумати 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва катталарни систематик тарзда пахта теришга мажбурлагани қайд этилади.

Ўтган йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурлангани ва пахта далаларида камида 11 одам ўлгани билдирилган.

Дунёдаги юздан зиёд ширкат мажбурий меҳнат маҳсули бўлган Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган.

Ўзбекистон ҳукумати эса далада болалар ишлатилишини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG