Линклар

Пензада тўрт ўзбек пичоқланди


Ўзбекистонлик муҳожирлар орасида муштлашув ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Ўзбекистонлик муҳожирлар орасида муштлашув ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

Россиянинг Пенза шаҳри Жоме масжидидан чиқаётган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари ҳужумга учради. Юзага келган муштлашувда улардан 4 нафарини пичоқлаган ҳужумчилар ҳам ўзбекистонлик экани аниқланди. Айрим маълумотларга кўра, ўзбек муҳожирлари ўртасидаги жанжал тўлўанмаган иш ҳақи устида чиққан.


18 июнь куни Пенза шаҳрининг Бакунина кўчасида жойлашган масжиддан чиқаётган асли Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари ҳужумга учради. Улар орасида андижонлик йигитлар ҳам борлиги айтилмоқда. Ўртада чиққан муштлашув натижасида 4 нафар йигит оғир жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилди.

Бу хабарни Озодликка маълум қилган ўшлик Саид Усмонга кўра, ҳужум қилганлар ҳам ўзбек йигитлари бўлган.

- Масжиддан тўртта ўзбек йигит чиқаётса, бошқа областдан бўлган ўзбеклар билан ўзаро конфликт бўлган, улар чиқаётганида пичоқлаган. Шуни пойлаб туришган экан. Кеча операция қилибди биттасини, яхшиям ўлмабди. Пичоқланганларнинг учтаси ўшлик, биттаси андижонлик боллар бўлган. Пичоқлаган боллар қўқонлик экан, пичоқлаган – Сардор исмли қўқонлик бўлган. Шу масжиддҳнинг орқасида савдо қиладиган бола экан. Кеча бордик, “қон керакми, нима керак”, деб шифлхонага,- деди Саид Усмон.

Суҳбатдош пичоқланган ўзбеклардан бирининг исми Отабек, андижонликнинг эса Мирзоҳид эканини билишини айтди. У жабрланган йигитлар 35 ёшгача бўлгани, уч нафари аллақачон Россия фуқаролигини олиб бўлганини билдирди.

Саид Усмон муҳожирлар ўртасида бундай ҳолатлар тез-тез учраётганида маҳаллий ўзбеклар жамиятларининг бефарқлиги ҳам сабаб бўлмоқда, дейди.

- Бу ерда ўзбек йигитлари 90 фоиз қурилишда ишлайди. 2013 йилнинг ўзида Пенза шаҳрида бундай пичоқлашлардан ўнта ҳодиса бўлган. Диаспора бу ерда ёрдам қилмайди, концерт қўяди, пул ишлайди, лекин бировга ёрдам бермайди. Мен ўзбеклар иноқ бўлса, ҳамма уларни ҳурмат қилади, деб ўйлайман. Иложи бўлса аккуратно юриш керак ҳамма жойда. Ўз миллатини ҳурмат қилган одамнинг миллатини бошқалар ҳурмат қилади,- дейди Саид Усмон.

Маълум бўлишича, ярим миллиондан зиёдроқ аҳоли яшовчи Пенза шаҳрида жами 25 минг Ўзбекистон фуқароси қайдга олинган.

Озодликнинг Пенза вилояти бўйича Ички ишлар бошқармасига бу ҳодиса юзасидан қилган мурожаатига муштлашув 18 июни содир бўлгани, унда марказий-осиёлик фуқаролар иштирок этганидан ортиқ маълумот бера олмасликларини билдиришди.

Пенза шаҳри ўзбеклар жамияти собиқ фаоли Ибрагим Ниёзов мигрантлар ўртасида келишмовчилик олинган қарз устида келиб чиққанини аниқлаганини айтади.

- Қарз сўраб, алдаб, пулини бермаган экан. “Кидалово” бўлган ўзбекларни. Бу ерда қарз олган бола айбдор экан дейишди. Сўйган болани қамаб қўйишибди, ҳозир изоляторда экан. У пул берган, пулини сўраган-сўраган, бермаганидан кейин сўйган. Ҳозир тўрт киши изоляторда қолмоқда, тўрт киши пичоқланган шифохонада, тергов кетяпти,- дейди Ибрагим Ниёзов.

Айни пайтда, Пенза шаҳар ички ишлар бошқармасида роппа-роса бир йил олдин – 15 июн куни – Пензанинг Ростов кўчасида беш нафар Ўзбекистон фуқароси ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида юрагига пичоқ зарбаси олган 23 яшар ўзбекистонлик нобуд бўлганини эслатишди.

Бу жиноятда айбланиб, 32 ёшли бошқа ўзбекистонлик муҳожир ҳибсга олингани айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG