Линклар

Наманган вилояти ҳокимлиги топшириғи билан вилоятдаги ўқитувчилар 21 июндан маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолидан мулк солиғи ва коммунал тўловлар учун қарзларни ошиғич ундиришга сафарбар қилинди. Мактабларда эса махсус йиғилишлар ўтказилиб, қарздорлик оқибатидан огоҳлантирилган ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди ва ўша ернинг ўзига ўрнатилган терминаллар воситасида қарздорликнинг маълум бир қисми ундирилди.



Наманган вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчилари 21 июнь кунидан бошлаб, аҳолининг коммунал хизмат тўловларидан қарзи ва йиллик мулк солиғини ҳозирданоқ ундириш тадбирига сафарбар қилинди.

Наманган шаҳридаги 2-сонли мактабнинг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси шанба кунидан бошлаб, таътилдаги ўқитувчилар ҳам "кўнгилли равишда" ишга чақирилганини айтди.

- Эрталаб соат 8 дан бошлаб, ўқитувчиларимизнинг ҳаммаси - таътилдагилар ҳам келишди – маҳалла фаоллари билан эрталабдан учрашиб, гаплашишди. Маҳаллалар бўлиб берилди. Бугун кечки пайт соат 5 дан яна ўқитувчиларимиз маҳаллама-маҳалла юриб, одамларга қарзини тўлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб боради. Йиғилишлар бўлаяпти. Ҳокимиятдан буйруқ бўлдику махсус,- деди Наманган шаҳридаги 2-сонли мактаб ходими.

​Унинг айтишича, мактаб директори ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига ҳар бир маҳаллада йиғилиш ўтказиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича вилоят ҳокимидан махсус буйруқ келган.

Бу буйруқ асосида мактаб ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари бошчилигида 21 июнь куни оқшом жойларда йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши, сўнгра тегишли тартибда вилоят ҳокимига берилиши керак бўлган ахборотнома намунаси эса аввалдан мактаб раҳбарларига жўнатилган.

Ушбу намунадан бир нусха Озодликка ҳам йўлланди.

Ушбу ҳужжатда йиғиндан асосий мақсад маҳалла фаоллари ва ўқитувчилар иштирокида электр қуввати, газ ва санитар тозалов идораларидан аҳоли қарзини тезкор тартибда ундириш экани кўринади. Белгиланган топшириқлар сирасида, ҳатто йиғилиш ўтказилган жойнинг ўзида штаблар тузиб, терминаллар ўрнатиб, аҳолига пенсиялар тарқатиш ва 22 июнь кунидан бошлаб эса қарзни ундиришга киришиш вазифаси акс эттирилган.

Наманган вилояти Уйчи туманидаги Ёрқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ҳамида опанинг айтишича, унинг маҳалласидаги йиғилиш 13-мактабда бўлган ва унда аҳоли коммунал хизматлардан қарздорликнинг жиддий оқибатидан огоҳлантирилган.

- Бизда шу 5 та маҳаллада яшайдиган аҳоли фаоллари 13 мактабдаги йиғилишга чақирилди. Қарзларни ундириш, кейинги тўловлар учун олдиндан тўлаб қўйиш ҳақида гапирилди. Кейин бир CD диск қўйиб, аҳоли огоҳликка чақирилди. Шу қарздорлик, одам савдосига қарши кураш ҳақидаги ҳужжатли фильм қўйилди, - дейди Ҳамида опа.

Унинг айтишича, 22 июнь – якшанба кунидан бошлаб, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар ва солиқчилар уйма-уй юриб, коммунал тўловдан қарздорликни ундираяпти.

- Лекин, шу мулк солиғини ҳам йил тугамасидан тўлиқ тўлайсизлар, деган гап бўлаяпти. Ҳали йил тугамасидан қандай тўлаймиз, десак ҳам тўланглар, деяпти. Менга 148 минг сўм ёзиб кетди мулк солиғи, - дейди ёрқўрғонлик Ҳамида опа.

Наманган шаҳридаги бозорда уй-рўзғор буюмлари сотадиган маҳаллий тадбиркор Абдурасул Каримов у яшайдиган ҳудуддаги йиғилиш маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли бинода ўтганини айтди.

- Шу бинода ўтди йиғилиш. Мен ишда эдим, боролмадим. Лекин борган қўшним айтдики, қарзингизни тўлаб қўйинг, олдиндан тўланг коммунал тўловларни, деган одатдаги гаплар бўлган. Кейин диск кўрсатилган. Одам савдосидан эҳтиёт бўлинглар, деган. Шу-да энди, асосий мақсад пул ундириш ва огоҳликка даъват! - дея киноя қилди Абдурасул Каримов.

Наманган вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси вилоятда мактаб ўқитувчиларининг коммунал тўловдан аҳоли қарзини ундириш жараёнига сафарбар қилингани янгилик эмаслигига ишора қилар экан, бу галги сафарбарлик бир неча кун давом этишини айтди.

Мухбир билан микрофонсиз гаплашган мутасаддига кўра, нафақат Наманган, балки Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳам бораётган бу тадбирдан асосий мақсад 2014 йилнинг биринчи ярмига оид қарздорликни тугатишдир ва бу тадбир республика раҳбариятидан борган махсус топшириқ асосида ўтказилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG