Линклар

Ўзбекистондаги Мудофаа ишлари бошқарма (военкомат)лари абитуриентларни бир ойлик ҳарбий хизмат бўйича шартнома тузишга мажбурламоқда. Озодлик манбаларига кўра, бир ойлик сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат шартномасини имзоламаган абитуриентларга олийгоҳлар талаб қилаётган ҳужжат берилмаяпти. Амалдаги тартибга кўра, абитуриент йигитлар ўқиш давомида ҳарбий хизмати кечиктирилгани ҳақидаги маълумотномани олийгоҳга топширмаса, унинг ҳужжатлари қабул қилинмайди.



Фарғона вилоятида яшовчи исмини очиқламаётганимиз йигитга кўра, у яшаётган тумандаги Мудофаа ишлари бўлими уни бир ойлик сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат шартномасини имзолашга мажбурлаяпти, акс ҳолда унинг ҳарбий хизматини кечиктирмаслик билан таҳдид қилинган:

"Университетга военкоматда учётда турибди деган справка керак экан. Ўша олий ўқув юртига топширадиган документлар орасида шу ҳужжат ҳам бўлиши керак. Коллежни битирганимдан кейин олий ўқув юртига, университетга топшираман деб, военкоматга борганимда шунақа шарт қўйишдики, ё бир ойлик шартнома асосида борасан, пул тўлайсан деди. Ёки университетга ёзиб бермаймиз, дейишди. Каттароқ одам келса, ё бирорта амакиси, тоғаси каттароқ ишда ишласа, келиб ёздириб кетаяпти. Қолган оддий инсонларга беришмаяпти осонлик билан", деди фарғоналик йигит.

Озодликка мурожаат қилган тошкентлик йигит ҳам мудофаа ишлари бўлимидан “Ҳарбий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома”га ҳарбий хизматини кечиктириш борасидаги муҳрни бостира олмаётганидан шикоят қилди:

“Ўқишга киришдан олдин отсрочка қилдиради-ку. Военкомат военний прописнойга ҳарбий хизматни кечиктириш ҳақида печать босиб бериши керак. Шунга военкоматга борсам, менга “Бир ойликка бориб келиш учун шартнома имзоласанг, сенга печать босиб бераман”. Бир ойлик армия 2 миллион 800 минг сўм. Шуни тўлаш ҳақидаги шартномага қўл қўймаганларга печать босиб бермаяпти”, дейди исмини очиқламасликни сўраган тошкентлик йигит.

Абитуриент йигитнинг айтишича, унинг тенгдошлари бир ойлик ҳарбий хизматга бориш учун шартномани имзолашга мажбур бўлишмоқда:

“Ҳамма абитуриентлар югуриб юрибди. Ўртоғим шартномага қўл қўйиб, 500 минг сўмини тўлабди. Энди ҳар ойда тўлаб бораркан. Унга печать босиб беришибди. Нимага, мен 27 ёшгача хоҳлаган вақтимда боришим мумкин-ку ахир, десам, эшитишни ҳам хоҳлашмади. Мен бир ойликка эмас, бир йилликка бормоқчиман. Уларга айтсам, “фақат бир ойликнинг шартномасини имзоласанг, печать босамиз”, дейишди. Ҳокимиятда ишлайдиган амакимнинг айтишича, ҳамма военкоматлар бир ойликка мажбурлаб одамларни тиқаяпти. Уларга план берилган экан. Бир ойликка қанча кўп одамни шартнома қилдиришса, уларга плюс бўлар экан. Отчётини кўпайтириш учун қилишаяпти”, деди тошкентлик йигит.

Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими абитуриент йигитлар дуч келаётган муаммони таъмагирлик билан боғлади:

“Балки жойлардаги военкоматларнинг айримларида таъмагирлик қилиш ҳолатлари бўлаётгандир. Бу борада бизга ёзма ариза тушса, албатта ўрганамиз. Лекин коллежни битирган ҳар бир йигит ҳарбий хизматни ўташга мажбур. Агар прописнойи бўлмаса, институт қабул қилмайди. Коллежни биритгач, кимдир бир йилликка, кимдир бир ойликка боради. Бу ёшдагиларнинг 27 фоизи ҳарбий хизматга бориши лозим. Кейин ўқишга қабул қилинади. Тартиб шунақа қилиб қўйилди. Албатта соғлиги тўғри келиши лозим. Лекин ўқишга кирмоқчи бўлганлар ҳарбий хизматини кечиктириши мумкин. Бунга уларнинг ҳаққи бор”, деди Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаси мулозими.

Ўзбекистоннинг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасига кўра, ҳарбий чақирув ёшидаги йигит оилавий шароити, саломатлиги, ўқиши сабаб муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақириш муддатини кечиктириши мумкин.

Мазкур қонунда қайд қилинишича, мактаблар, лицей ва коллежлар талабалари ҳамда олийгоҳларнинг кундузги бўлими талабалари ҳарбий хизматни ўқишни тамомлагунларига қадар кечиктириши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG