Линклар

Жон Керри: Ироқ ҳукмати барча фирқаларни тамсил қилиши керак


АҚШ Давлат котиби Жон Керри Бағдодда Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий билан учрашди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Бағдодда Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий билан учрашди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Бағдодда Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий билан учрашиб, барча фирқаларни тамсил этувчи ҳукумат тузишга чақирди. Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи кўтарган исён ал-Маликий ҳукуматини қийин аҳволга солиб қўйган. Шиалар назоратидаги ҳукуматни ағдариш билан таҳдид қилаётган сунний жангарилар икки ҳафта ичида Ироқ шимоли-ғарбида катта ҳудудларни эгаллаб олган.


Бош вазир Нури ал-Маликий билан икки соат давом этган учрашувни давлат котиби Жон Керри “ижобий”, дея баҳолади.

Керрининг 23 июнь куни Бағдодага сафари Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи кутилмаганда хуруж бошлаб, Ироқнинг Сурия чегарасига туташ шимол ва ғарбидаги қатор вилоят ва шаҳарларни эгаллай бошлашидан икки ҳафта ўтиб амалга ошмоқда.

Керрининг сафари давомида Ироқ етакчиларини ҳукуматда барча фирқаларга жой беришга чақириши кутилмоқда. Лекин Вашингтон расмийларига кўра, АҚШ дипломатининг бош вазир Нури ал-Маликийни истеъфога кетишга чақириш нияти йўқ.

22 июнь куни Қоҳирага қилган сафари чоғида Керри Қўшма Штатлар Ироқ халқи барча ироқликларни тамсил этувчи ҳукуматни танлашини истайди, дея таъкидлади.

Ироқ ҳукумати мамлакатда кўпчиликни ташкил қилувчи шиа мазҳаби вакиллари томонидан назорат қилинади ва сунний мусулмонлар ўзларини яккалаб қўйилган, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, ИШИД жангарилари Ироқда янги ҳудудларни босиб олишда давом этмоқда. Суннийлар етакчилигидаги жангарилар озирда Ироқ билан Сурия ва Иордания ўртасидаги чегарада учта назорат пунктини эгаллаб олган ҳамда Тал Афар шаҳри ва аэропортини ўз назоратида қолдирмоқда.

Ироқ ҳукумати кучлари ИШИД жангариларини Мосул шаҳрида сиқиб чиқариш учун Тал Афар аэропортини ўз назоратига қайтариши керак. Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосул ҳамда Тикрит шаҳри шу бошларида ИШИД томонидан ишғол қилинган.

ИШИД хуружи бироз заифлашганига қарамасадан, сўнгги воқеалар Ироқдаги мазҳаблараро бўлинишни янада кескинлаштиришга улгурди.

Бош вазирнинг хавфсизлик масалалари бўйича матбуот котиби генерал-лейтенант Қосим Атта 23 июнь куни қилган чиқишида ИШИД хуружига қарши жангларда ҳукуматнинг юзлаб аскари ҳалок бўлганини эътироф этди.

21 июнь куни Ироқ шиалари орасида катта нуфузга эга Муқтадо ас-Садрга содиқ жангарилар ИШИДга қарши курашажаклари рамзи ўлароқ, бир неча шаҳарда кўча юриши ўтказди.

Эрон ҳам Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, ИШИД жангариларининг Ироқдаги шиаларнинг муқаддас шаҳарларни эгаллашига йўл қўймаслигини баён қилди.

Эрон аллақачон ўз ҳарбий мутахассисларни Ироқ ҳукумати қўшинларига маслаҳат бергани Бағдодга юборган.

ИШИДнинг Ироқда исён кўтариши Теҳрон билан Вашингтоннинг сунний жангариларга қарши кураш борасида ўзаро мулоқот бошлашига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG