Линклар

logo-print

Июнь ойи бошларида Нукус аэропортида делоразепам дориси билан қўлга олинган италиялик шифокор Норберт Пескостадан психотроп модда олиб кирганлик айблови олиб ташланиб, озод қилинган. Бироқ ўтган ҳафта сўнгида ватанига эсон-омон етиб борган 53 ёшли шифокор энди 5 йил мобайнида Ўзбекистонга киролмайди.

Анҳор.уз сайтининг ёзишича, Пескоста Италияга қайтганидан кейин журналистларга Нукусда дуч келган машмашалари ҳақида сўзлаб берган.

Унинг айтишича, икки ҳамроҳи билан Самарқандга отланган италиялик шифокорни Нукус аэропортида юк текшириш чоғида қўлга олганлар.

- Қўлга олганлар билан гаплашиш жуда қийин бўлди, чунки биз рус тилини ҳам, ўзбек тилини ҳам билмасдик. “Бу дори сизга нима учун керак?” деган саволга: “Бу менга боришни мўлжаллаганимиз иссиқ жойларда ўзимни нохуш ҳис қилган маълум пайтларимда керак бўлиб қолиши мумкин”, деб жавоб бердим. Бу дори наркотик сифатида баҳоланиши мумкинлиги ҳатто хаёлимга ҳам келган эмас, - дейди Пескоста.

Унинг айтишича, сўроқ-саволдан кейин у ва ҳамроҳларини меҳмонхонага жойлаштирганлар. Тез орада Пескостанинг дўстлари Италияга қайтганлар, шифокорнинг рафиқаси эса ёрдам сўраб Ўзбекистоннинг Италиядаги элчисига мурожаат қилган.

- Италия элчиси билан ҳар куни гаплашиб турдим. Бу одамлар бунақа ишларни кўравериб, ўрганиб кетган эканлар. Менга дўстларим ва бошқа кўплаб таниш-билишларимдан дастак хатлари олиб турдим. Бу даҳшат нима билан тугашини билмаган мен учун ўша кунлари бу хатлар ягона тасалли манбаи эди, - дейди италиялик шифокор.

Ниҳоят, Норберт Пескоста оқланган ва ватанига қайтишга муваффақ бўлган, бироқ уни беш йилга Ўзбекистонга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилганлар.

Италиялик шифокор Нукусда унга инглизчани оз-моз билан милиция зобити ёрдам берганини ҳам эътироф этади.

Шунча машмашалардан кейин ўтган жума оқшомида оиласи бағрига қайтиб, бунинг нақадар катта бахт эканини яна бир бор ҳис қилган Пескостада туризм потенциали ривожланаётгани иддао қилинаётган Ўзбекистонга қайтиб бориш истаги бўладими-йўқми – номаълум. Айни пайтда Ўзбекистонга бормоқчи бўлганларга ёнида ҳеч қачон дори-дармон олиб юрмасликни маслаҳат беради.

- Доим ёнингизда инглиз тилига таржима қилинган рецепт бўлсин ва кетаётганингиз мамлакат қонунчилигини яхшилаб ўрганинг, - дея тавсия қилади Пескоста.

Италиялик шифокор Норберт Пескоста дори-дармон олиб киргани учун Ўзбекистонда қўлга олинган ажнабийларнинг биринчиси эмас. Ўтган йили Афғонистондаги АҚШ қуролли кучлари учун юк машинасида Термизга озиқ-овқат олиб кетаётган 63 ёшли литвалик Пятрас Чюжас Қорақалпоғистонда судлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Ундан аввалроқ эса Самарқанддан ватанига учиб кетаётган пайтда сумкасидан “Феназепам” ҳапдориси чиққан россиялик 73 ёшли Тамара Талашманова ҳам ана шундай сарсонгарчиликни бошдан кечирганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG