Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:20

Ипподром раиси "Элга хизмат" ярмаркасидан пул ўғирлашда гумон қилинмоқда


Тошкентдаги энг йирик "Чилонзор буюм савдо комплекси" (Ипподром бозори) бошқарув кенгаши раиси Жасур Исломов давлат маблағини ўзлаштиришга оид бир қатор молиявий жиноятларда гумон қилинмоқда. Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Жасур Исломов ўтган ҳафта ҳибсга олинган.

Нафақат Тошкент балки Ўзбекистондаги энг йирик бозор ҳисобланадиган “Чилонзор буюм савдо комплекси” очиқ акциядорлик жамиятига атига бир ой раислик қилган Жасур Исломов давлат маблағини ноқонуний ўзлаштирганлик ва бозор маблағини суистеъмол қилганликда гумон қилинмоқда.

Тошкент ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Жасур Исломов ўтган йили “Фарҳод” бозори директори лавозимида ишлаган пайти аҳолига арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган “Элга хизмат” ярмаркасидан тушган даромадни ўзлаштиргани аниқланган:

“Жасур Исломовнинг ҳибсга олинишига 2013 йилда “Фарҳод” бозорида “Элга хизмат” товарлари тушумини ўзлаштиргани сабаб бўлган. У Ипподромга директор бўлиб ўтгач, камомадни ёпиш мақсадида Ипподром бозори ҳисобидан “Фарҳод” бозори ҳисобига пул ўтказган. "Элга хизмат” савдо расталари Бош вазир Шавкат Мирзиёёв қарамоғида бўлгани учун Исломовнинг жинояти очилди”, дейди Озодлик манбаси.

“Чилонзор буюм савдо комплекси”ининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, Жасур Исломов жамият бошқарувидан расман ишдан олинган бўлиб, ҳозирда унинг ўрни вакант бўлиб турибди:

“Жасур ака ўтган ҳафта ишдан бўшаган. Ҳозир унинг ўрнига ҳеч ким тайинлагани йўқ. Жамшид ака Аҳмедов вақтинча раис вазифасини бажараяпти”, деган мулозим Исломовнинг ҳибсга олиниши тафсилотларини очиқламади.

Жасур Исломов жорий йилнинг 29 май куни “Чилонзор буюм савдо комплекси” бошқарув кенгаши раислигига сайланган ва орадан бир ой ҳам ўтмасдан ҳибсга олинган.

Ҳозирда Жасур Исломовнинг қайси орган ҳисбхонасида сақланаётгани номаълум. Озодлик манбасига кўра, Исломовга очилган жиноят ишини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда.

“Тошбозорсавдо” уюшмаси томонидан ташкил қилинадиган “Элга хизмат” ярмаркаларида озиқ-овқат маҳсулотлари бозор нархидан арзон сотилади.

Ушбу ярмаркаларда, асосан вилоят деҳқонлари етиштирган мева-сабзавот, полиз ва гўшт маҳсулотлари сотилади.

XS
SM
MD
LG