Линклар

“Россияга киритилмаган хотиним Қозоғистонда қул қилинди, қўлдан қўлга сотилди”


Озодликка ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан келган мактублардан бири муаллифи ўзи ва турмуш ўртоғининг иш излаб, Россияни кўзлаб Ватандан чиққанию йўлда ўз бошларидан кечирган саргузаштлари тўғрисида ёзди.

Лотин алифбосида ва мутлақ сўзлашув тилида ёзилган хатни мухбиримиз нашрга тайёрлар экан, ўзини "зангиоталик Ш.", деб таништирган муаллифнинг биронта ҳам жумласини тушириб қолдирмади, услубини сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Хатни ўқир экансиз, муаллифнинг баъзи ҳаракатлари, балки, Сиз тингловчида эътироз уйғотар, лекин асосий гап, фикримизча, иш излаб саргардон бўлаётган ўзбекистонликнинг мутлақ ҳимоясиз қолаётганидадир...

Хатни ўқинг:

"Хотиним билан Москвага бормоқчи бўлдик. Ўзбекистонда ишласак ҳам бўлардию хотиним “кетайлик”, деб қўймади. Охирги марта Россиядан депорт қилинганман, шунинг учун Россияга киришимга запретим бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин барибир таваккал қилдик.

Поездда кетамиз, дедим. 700 минг сўмдан билет олиб йўлга чиқдик.

Мен “Газель” минардим. Доставкада ишлардим.

Россияда иккита тўланмаган штрафим борийди. Телефонларимдан биттаси 400 рубль, иккинчиси 700 рубль қарзда эди. Депортим бор, агар киритмаса, укангнинг ёнига борасан, деб хотинимга уқтириб кетаётувдим.

Ўзимизнинг таможнядан ўтдик. Муомаласи ёмон эмас болалар экан. Қозоқларники ёмон экан. “Жуз сом бер, жуз сом бер”, деб тўйғазишди.

Уларга институтда гадойликни ўргатишганми, уларнинг эгаси йўқми, деб ўйладим.

Пулларимни проводникка бериб қўйдим ҳар эҳтимолга қарши. Қозоқ чегарачисими, таможнийсими – билмайман – биттаси менга бир нарсалар деяверувди, “не трогай бля, салага”, деб жеркиб бердим. Шундан кейин бошқаси келмади олдимга.

Кейин ... (шу ўринда хат муаллифи Қозоғистон-Россия чегарасидаги назорат-ўтказиш масканини ёзган, ёзув аниқ бўлмагани учун келтирмаяпмиз – таҳр.) постига етиб бордик.

Худонинг қудратини қаранг, шунча қарзим бўла туриб, менинг эмас, хотинимнинг депорти бор экан. Хотинимни тушириб опқолишди. Ортидан мен ҳам тушиб қолмоқчи бўлдим. Проводникдан бу ёғига қанча пул билан етиб олсам бўлади, деб сўрасам, “5000 рубль билан”, деди. Ёнимда 1200 рубль борийди, холос. Шунинг учун тушмадим. Хотиним ўша ерда қолди. Энди бу ёғига нима бўлади, десам, проводник, ҳечқиси йўқ, ўзимизнинг поезд келганда ўшанга чиқарворишади, деди. Лекин барибир кўнглим ғаш эди.

Хотиним билан эсемеслашиб турдик. Телефон қилишнинг имкони йўғийди. Мендаям ўзбек номер, ундаям.

Хотиним тушиб кузатибди. “Ҳар бир вагондан биттадан одамни тушириб, ортга қайтаришаяпти”, деб ёзди.

Хотиним ва поезддан туширилган бошқаларни қандайдир бир хонага олиб киришибди. Ҳозир бошлиқ келади, суҳбатдан ўтасизлар, дейишибди.

Лекин ҳеч ким келмабди. Ҳожатхонага боришгаям рухсат беришмабди. Ҳатто дераза олдига борса бақиришибди, борма, деб. Умуман, одам ўрнида кўришмабди. Ўша куни кечга яқин уларни битта поездга чиқариб, Қозоғистонга қайтариб, ўтказиб юборишибди.

У ёқда қандайдир қозоқ болалар чегарадан (Россияга) ўтказиб юборамиз, 30 минг рублдан чақиртиринглар, дебди. Булар кўнмабди.

Хотиним ва у билан бирга поезддан тушириб қолдирилганларни айтяпман. Ҳаммаси 20 га яқин киши бўлган. Хотиним ва яна бир қиздан бошқа аёл йўқ экан уларнинг орасида.

Бизникилар таклифга рози бўлмагач, уларни битта “Газел”га ўтқазиб бошқа бир жойга жўнатишибди. Сўрашса, айтишмабди. Через-через сотилиб юриб Сайрамгача келиб қолишибди. Охирида битта қозоқ бола “мен сенларни сотиб олганман, ҳар биринг 3000 рублдан берсанг, уйингга кетасан, бўлмаса йўқ”, дебди.

Хотиним менга телефон қилиб, вазиятни тушунтирди. Мен ўйловга тушиб қолдим. Бошим қотиб қолди. Ўзим қарз кўтариб келган бўлсам (Россияга) 3000 рублни қаердан топаман, деб ўйлаб ўтирсам, Худога шукурки, 3 – 4 соатдан кейин яна телефон қипқолди хотиним, хавотир олманг, мен Ўзбекистондаман, деб.

Қандай етиб олдинг, деб сўровдим айтиб берди. Улар билан бирга қашқадарёлик бир йигит ҳам бўлган экан. Ўша бола Ўзбекистондаги тоғасига телефон қилиб, 500 минг сўм чақиртирибди. Ўша пулни бериб, бу икки кишига дебди. Қозоқ кўнибди. Шундан кейин ўша йигит хотинимга "юринг опа мен билан, ҳеч йўқ бир кишига яхшилик қилай", дебди.

Хотиним чегарадан Ўзбекистонга ўтиб, божхонада бўлган воқеаларни айтиб, ариза ёзиб чиққунча, ҳалиги йигит кетиб қопти. Ўшандан бери хотиним Ўзбекистонда.

Шу ёзганларимни сайтингларда чиқаришингларга розиман".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG