Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:04

АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистонга қайтишига оид хабарлар инкор қилинди


Тошкентда кунда-шунда бўлиб қолган АҚШ мулозимлари Ўзбекистонда ҳарбий база ташкил қилиш ниятлари йўқлигини айтиб келади.
Тошкентда кунда-шунда бўлиб қолган АҚШ мулозимлари Ўзбекистонда ҳарбий база ташкил қилиш ниятлари йўқлигини айтиб келади.

Россия матбуотида АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилмоқда, деган тахминлар илгари сурилмоқда. “Независимая газета” эълон қилган “АҚШ “Манас” ўрнига бошқа жой қидирмоқда” номли мақола Ўзбекистон америкаликларга “Хонобод” базасини тақдим қилиши мумкин, деган хулоса билан бошланган. Мақола муаллифи, экспертларнинг бунга оид тахминларини кейинги пайтларда АҚШ мулозимларининг Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюраётганига асослаган. 2005 йилда Хонободдаги ҳарбий базадан ҳайдалган АҚШ Ўзбекистонга қайтиш ниятлари йўқлигини айтиб келади.

АҚШ мулозимлари Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига тез-тез сафар қилиши кейинги бир-икки йил давомида, айниқса, кўзга ташланмоқда. Бу эса россиялик таҳлилчиларнинг Қўшма Штатлар Қирғизистонда “Манас” ҳаво базасидан маҳрум бўлгач, унинг ўрнига бошқа жой қидирмоқда, Ўзбекистон эса бунинг учун энг эҳтимолий вариант, деган фикрларига туртки бўлмоқда.

“Независимая газета”да эълон қилинган мақолада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 20 июнь куни АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили ўринбосари Лорел Миллер билан учрашиб, Афғонистондаги вазиятнинг минтақадаги жараёнларга таъсири борасида фикр алмашганига доир расмий хабарномага таянган ҳолда, АҚШ ҳарбийларининг “Хонбод” ҳаво базасига қайтиши эҳтимоли юқори, дея хулоса қилинади.

Мақола муаллифи сўнгги ҳафталарда Тошкентга АҚШ Хавфсизлик кенгашининг Россия бўлими раҳбари Селен Уолландер, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнслар ҳам ташриф буюрганини эслатади.

“АҚШ “Манас” ўрнига бошқа жой қидирмоқда” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақолада Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Александр Князевнинг “Гап Америка қуролли кучларини Қарши яқинидаги “Хонобод” авиабазасига жойлаштириш ҳақида кетмоқда. Шунингдек, уларнинг ўзбек-афғон чегарасидаги Термез базасидан Бендесвер ҳарбийлари кетадиган тақдирда бу базага жойлашиб олиш истаги ҳам бор”, деган сўзларидан иқтибос келтирилган.

АҚШ 2001-2005 йилларда Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасига эга бўлган. Афғонистондаги ҳарбий миссияси мақсадларида фойдаланилган АҚШ базаси Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан ҳайдалган эди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган АҚШ дипломати Вашингтоннинг Ўзбекистонда ҳарбийларни жойлаштириш ниятлари йўқ, дея таъкидлади.

Россия экспертлари қайд этаётган Тошкентда кунда-шунда бўлиб қолган АҚШ мулозимлари ҳам Ўзбекистонда ҳарбий база ташкил қилиш ниятлари йўқлигини айтиб келади.

АҚШ ва НАТО кучлари 2014 йил охирига қадар жанговар қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан тразит йўлаги сифатида фойдаланишни истамоқда.

“Независимая газета” мақоласида билдирлган фикрларга асос сифатида шу йилнинг май ойида Тошкентда НАТО ваколатхонаси очилгани ҳамда ташкилотнинг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурайнинг Шимолий Альянс Ўзбекистонга ҳарбий ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашишни ваъда қилгани эслатилади.

Лекин Жеймс Аппатурайнинг ўзи май ойида Озодликка берган эксклюзив интервьюсида НАТО ваколатхонаси ташкилотнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги қолган ҳукуматлар билан сиёсий алоқаларини амалга ошириш ниятида очилгани ва ҳарбий ҳозирлик ҳақида гапиришга асослар йўқлигини билдирган эди.

- Ваколатхона нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча беш давлатида НАТОни тамсил этиш мақсадида ташкил қилинмоқда. Чунки уларнинг барчаси биз учун ҳамкордир. Яъни бу мамлакатларда НАТО ҳақида ахборот бериш, бу мамлакатлар билан ҳамкорлик дастурларимизни мувофиқлаштириш мақсад,- деган эди НАТО вакили май ойида.

Россия АҚШни Марказий Осиёда таъсир доираси учун курашда рақиб, деб кўради. Минтақанинг, Ўзбекистон ва Туркманистондан ташқари, қолган давлатлари Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо. Москва бу мамлакатларни янги тузилаётган Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишга ҳам ундамоқда.

Ўзбекистон Россиянинг собиқ иттифоқ мамлакатларни яна ўз қаноти остида бирлаштириш уринишларидан масофаланишга ҳаракат қилиб келаётган давлат сифатида кўрилади.

Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг бош муҳаррири ва ҳарбий шарҳловчи Александр Гольц нафақат Ўзбекистон, умуман Марказий Осиёда АҚШ ҳарбий контингенти жойлаштирилиши истиқболларига шубҳа билан қарайди. Лекин, дейди у, Қўшма Штатлар Афғонистондан чиқиб кетар экан Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашга доир мажбуриятларни ўзидан бутунлай соқит қила олмайди. Айниқса, Вашингтон-Москва муносабатларида таранглик вужудга келгани шароитида АҚШ бунинг бошқа воситаларини қидиришга мажбур.

- Россия билан муносабатлар у билан ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятларни қолдираётгани йўқ. АҚШ ҳарбийларининг “Манас” базасидан кетиши америкаликларни янги иттифоқчи ва ҳамкорларни қидиришга мажбур қилмоқда. Бу маънода эса, Россиянинг ҳарбий соҳада интеграциялашув ва Марказий Осиёда коллектив мудофаа тизимларини тузиш режаларига нисбатан алоҳида позицияда бўлиб келган Ўзбекистон, албатта, энг қулай ҳамкор сифатида кўрилади. Лекин АҚШнинг ҳарбий контингентлар кўринишидаги ҳозирлик, албатта бўлмайди. Улар Афғонистондан Марказий Осиёда ўз ҳарбийларини жойлаштириш учун чиқиб кетаётгани йўқ. Афғонистонда қўшинларни олиб чиқилгандан кейин маълум миқдордаги қурол-аслаҳаларни сақлаш базалари ташкил қилиниши мумкин. Ёки маълум миқдордаги қурол-аслаҳа минтақа давлатларидан айримларига берадиган тақдирда қандайдир инструкторлар бўлиши мумкин, лекин бу ҳарбий ҳозирлик бўлмайди,- дейди ҳарбий таҳлилчи.

Лекин, АҚШнинг Марказий Осиёда таъсир доираси кучаятётганидан хавотирланиш ўрнига, Россия турли таҳликалар мавжуд бўлган бу минтақа хавсизлигини таъминлаш борасида Вашингтон билан ҳамкорлик қилиши, ўзининг манфаатларига хизмат қилган бўларди, дея хулоса қилади Гольц.

- Ҳа, Россия ҳозирда Марказий Осиёда тезкор кучларни ташкил қилишга уринмоқда. Афғонистондан халқаро қўшинлар олиб чиқилгач, Марказий Осиёда вазият мураккаблашиши мумкин ва Россия бунга тайёр бўлмоқчи. Лекин очиғини айтиш керак, Россиянинг бу муаммони ёлғиз ҳал қилиш учун ресурслари етарли эмас. Айни пайтда бу масалада Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни ҳам истамаяпти,- дейди “Ежедневный журнал” нашрининг бош муҳаррири ва ҳарбий шарҳловчи Александр Гольц.

XS
SM
MD
LG