Линклар

logo-print

Путин Украинада ҳарбий куч қўллашга оид қарорни бекор қилмоқчи


Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин Федерация кенгашидан Украинага бостириб кириш учун Россия ҳарбийларидан фойдаланишга рухсат берувчи қарорни бекор қилишни сўради. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу таклиф Украинанинг шарқий минтақаларида муҳитни нормаллаштириш ва вазиятни ўнглаш мақсадида илгари сурилганини билдирди.

Россия Федерацияси парламентининг юқори палатаси, Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко президент Владимир Путиннинг таклифи 25 июнь куни кўриб чиқилишини айтди.

Айни пайтда Матвиенко бу борада тегишли резолюция ишлаб чиқилишини билдирди.

Федерация Кенгашининг Ташқи алоқалар бўйича қўмита раиси ўринбосари Андрей Климов президент Путиннинг таклифи ҳақида буларни айтди.

- Мен, Россия турли баҳсларга фақат сиёсий ва қонун доирасида ечим топиш кераклиги ҳақида гапирадиган мамлакат эканини яна бир марта дунёга исботлаяпмиз деб ўйлайман, дея баён қилди Андрей Климов

Хабарларга кўра, Украина Президенти Петро Порошенко Путиннинг таклифини Украина шарқидаги бўҳронни ҳал қилишда Россия томонидан кўрилган “биринчи амалий қадам”, дея баҳолаган.

23 июнь куни Брюсселда учрашган Европа Иттифоқи (ЕИ) ташқи ишлар вазирлари Кремлни Украинада Россия ҳарбийларидан фойдаланишга рухсат бериш ҳақида 1 март куни қабул қилинган қарорни бекор қилишга чақирган эди.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари агар Россия Украина президенти Порошенконинг тинчлик режасини қўллаб-қувватламаса, санкциялар кучайтирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Владимир Путин эҳтиёткорлик билан Украина президенти ўтган ҳафта эълон қилган тинчлик режасини қўллашини айтган.

Айни пайтда Германия Ташқи ишлар вазири Франк Уольтер Штанмайер Украина Президенти Петро Порошенко билан тинчлик режасини муҳокама қилиш учун 24 июнь куни Киевга борди.

Учрашувдан олдин Порошенко ва Штанмайер шу ҳафта Украина учун “ҳал қилувчи” ҳафта бўлишини баён қилди.

Украина ҳукумати кучлари ва россияпараст исёнчи гуруҳлар 27 июнга қадар ўт ўчишни тўхтатишга рози бўлган.

Бироқ Украина кучлари сешанбага ўтар кечаси Россия тарафдори бўлган айирмачиларни мамлакатнинг шарқий қисмида бир неча ҳарбий текширув пунктини ўққа тутганликда айблади. Воқеада талафот кўрилгани хабар қилинмади.

Айни пайтда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 24-25 июнь куни Брюссел шаҳридаги йиғилишида Украинанинг мудофаа имкониятини қўллаб-қувватловчи қўшма жамғарма тузилганини эълон қилиниши режаланган.

XS
SM
MD
LG