Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Бош вазирни судга берган зоминлик фермер руҳий касалхонада қолмоқда


Зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов.
Зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов.

Зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов 18 июнь куни Жиззах вилоят руҳий касаллар шифохонасига мажбуран ëтқизилганидан бери у ердан чиқарилмаяпти. Бу ҳақда Озодликка билдирган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга кўра¸ зоминлик фермер Бош вазирни судга бериш ташаббуси билан чиққани учун шу йўсинда жазоланган.

Бош вазирни судга берган зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов 18 июнь куни руҳий касалхонасига мажбуран ëтқизилган ва 25 июнь куни ҳам чиқарилмаган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг Озодликка айтишича¸ зоминлик фермер аввалига Жиззах Ички ишлар бошқармасига чақирилган ва айни идора зобитлари тарафидан мажбуран руҳий касаллар шифохонасига ëтқизилган.

Шуҳрат Рустамовга кўра¸ зоминлик фермернинг ҳуқуқ ҳимоячилиги билан боғлиқ фаолияти шу тариқа жазоланган.

24 июн куни Шуҳрат Рустамов Жиззах вилоят руҳий касаллар шифохонаси бош врачи билан учрашиб, Алиқул Саримсоқов вазияти юзасидан изоҳ сўраган.

“Бош врач изоҳ бермади”, дея билдирди жиззахлик ҳуқуқ фаоли.

Озодликнинг Жиззахдаги манбаларига кўра¸ зоминлик фермер Алиқул Саримсоқов Бош вазир Шавкат Мирзиёевни судга берганидан кейин уни изоляция қилиш мақсадида МХХнинг вилоят бўлими ходимлари топшириғига кўра Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси зобитлари тарафидан мажбуран руҳий касалхонага олиб келинган.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Бош вазири устидан аризасини Олий Судга топширганини руҳий касалхонага ëтқилишидан олдин Озодлик мухбирига билдирган эди.

Бу суҳбатда Саримсоқов Мирзиёевни шикоят аризаларига жавоб бермаётганликда айблаган эди.

Жавобсиз қолган шикоятларида Алиқул Саримсоқов Жиззах вилоятидаги амалдорларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан арз қилган эди.

Озодлик билан олдинги суҳбатларда ҳуқуқ фаоли Бош вазир бу "амалдорларнинг ҳомийси бўлганлиги учун" ҳам унинг шикоятини эътиборсиз қолдираëтганини айтган эди.

12 май куни Ўзбекистон Олий Судига топширилган даъво аризасида Алиқул Саримсоқов суддан фуқароларнинг шикоят мактубларига жавоб бермаётганлиги учун Бош вазир жавобгарликка тортишни сўраган эди.

Саримсоқовнинг айтишича, Олий Суд мулозими аввал аризани қабул қилишдан бош тортган:

- Олдин бундай аризани қабул қилмайман, деди. Ўзбекистон қонунларини рўкач қилиб, бақир-чақир қилганимдан кейин қабул қилишга мажбур бўлди, - деган эди Алиқул Саримсоқов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўз даъво аризасида у Шавкат Мирзиёевни фуқаролар шикоятларига эътиборсизликда айблаган эди:

- Мен уни (Бош вазирни - таҳр.) ўз ишига лоқайдлик қилаётгани учун айблаяпман. 31 мартда мен унинг номига Зомин туманида бўлаётган қонунбузарликлар ҳақида ариза ёзиб киритган эдим. Қонун бўйича у менга бир ой ичида жавоб бериши керак эди. Лекин орадан қирқ кун ўтган бўлса ҳам, жавоб бўлмади, - деган эди ҳуқуқ фаоли.

Алиқул Саримсоқов Озодлик билан олдинги суҳбатида Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Зоминдан бўлганлиги учун ҳам туман амалдорлари Бош вазир ҳимоясида фаолият юритади ва истаган қонунбузарликни қилади, дея билдирган эди:

- 31 март куни ёзган мактубимда мен Бош Вазирга: "Зоминдаги эркатойларингизни ноқонуний хатти-ҳаракатларидан қайтаришни ва она юртингизда тартиб ва адолатни ўрнатишни талаб қиламан", деб ёзган эдим. Эркатойлар деганим ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи каби амалдорлар. Улар "энангни...", "отангни..." деб сўкадиган, қорнини қаппайтириб юрган бойваччалар. "Менинг ортимда Бош вазир бор" деб, истаган қонунбузарлигини қилишади, - деган эди Алиқул Саримсоқов.

Ўзбекистон Олий Судининг канцелярия бўлимига яқин манбалар Алиқул Саримсоқовнинг даъво аризаси почта жўнатмаси мақомида қабул қилиб олганини айтишди.

XS
SM
MD
LG