Линклар

logo-print

"Салом, Озодлик, мен Сизларга бир неча муддат олдин қуйидаги хатни жўнатгандим. Хатим Сизларга етиб бордими-йўқми, билмадим, у ҳақда ҳеч бир маълумот чиқмагач, яна бир марта юборишга аҳд қилдим".

Бу гап Озодликка Сурхондарёдан келган мактублардан бири унвонига битилган. Биз биринчи бор кўриб турганимиз хатни ўқиб чиқдик. Муаллиф ўз қишлоқдошларининг кўргиликларини ҳалол баён қилганига ишондик.

OzodMaktub рукни талабларидан келиб чиқиб, хатни таҳрир қилганимиз йўқ. Фақат баъзи имло хатоларини тузатган бўлдик. Ички сарлавҳалар ҳам бизники.

Мана энди Сурхондарёдан келган хатни ўқинг:

Ассалому алайкум ҳурматли Озодлик. Сизларга хат ёзишимдан мақсад, "Бир келиб кетинг қишлоғимизга", демоқчиман. "Ие. қишлоғингизда нима қиламиз”, дейсизми? Ҳозир мен сизларга бир бошидан дардимни достон қилай, Сиз эшитинг! Келиш ё келмаслик Сизнинг ишингиз.

Демак, гап бундай: Мен Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Боботоғ ҚФЙ, Янгиобод Маҳалласи Малик қишлоғи ҳақида сизларга ҳикоя қилмоқчиман.

Қарийб 15 йил аввалги гаплар

Бизнинг бу қишлоқ, нафақат қишлоқ, балки бутун Боботоғ уч тарафи Тожикистон билан ўралган чегара ҳудудидир.

Адашмасам 2001 йили эди шекилли, чегара ҳудудидаги аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида тиканли симлар торта бошлашди. Тожиклар эмас албатта, бизникилар.

Малик қишлоғи эса симдан ташқарида қолиб кетди, ўзи омон-замонда аранг бориладиган қишлоққа ўтиб-қайтиш янада қийинлашди. Шаҳарга - бозорга тушиб-чиқиш учун ҳам камида иккита чегара постида текширувдан ўтишга мажбур бўлардик.

Шу-шу мана қарийб 10-11 йилни қишлоқни ана кўчирармиш, мана кўчирармиш, деган ташвишда қишлоқликлар айтарлик бирорта иморат қурмасдан таҳликада ўтказишди.

Қўрқиб кутилган кунлар келганда

Ва ниҳоят, қишлоқликлар қўрқиб кутишган лекин, қачондир бўлиши муқаррару, қачонлиги мавҳум бўлган ўша кун ҳам етиб келди. Бу тарихий кунлар 2012-йилнинг ёз ойларига тўғри келди.

Ёдимда, ўшанда бир-неча ҳарбий кийимдаги амалдор ва уларнинг ёнида папка қўлтиқлаб олган бир-икки югурдаклари билан келиб, қишлоқни қаёққа кўчириш тўғрисида қишлоқ аҳли билан роса баҳслашишди.

Бир жойнинг ери тўғри келмаса, бошқасига сув чиқариш муаммо эди.

Боботоғнинг нафас олиб бўлмайдиган даражада исиб кетган ҳавосида, ҳалиги амалдорлар чодир ясаттириб, ҳансираб чодирга кириб олишган, устма-уст совуқ сув ичишарди.

Қишлоқ аҳли эса ташқарида жазирамада уларнинг қарорларини кутарди .

Ва ниҳоят маликликларга Гулистон қишлоғининг қоқ ўртасида жойлашган, қайсидир бир фермерга тегишлию лекин неча йиллардан буён сув чиқмай қуриб-қақраб ётган ердан томорқа берадиган бўлишди.

Ўзлари навқирон, лекин шу ёшида иссиққа дош беролмай ҳансираётган кишилар ўйлашмадики бу иссиқда, бу қақшаб ётган ерда ёш боласи, кекса ота-онаси бор оилалар қандай кун кўришади, деб.

Қишлоқликлар бир овоздан қарорга қарши чиқиб, бу қақшаб ётган жойда сув йўқ, шароит йўқ, дея рози бўлишмади.

Амалдорнинг ваъдалари

Шунда ҳалиги амалдорларнинг бошида турган бежирим мўйлабли ҳарбий киши (исми ёдимда йўқ), кўкрагига уриб "Мана, ман туриб бераман. Любой шароитингнизни қилиб бераман. Жуда қисқа фурсатда ҳамма шароитларни: сув, ичиш учун тоза кран суви, электр қуввати етказиб бериш менинг зиммамда", дея қоп-қоп ваъдаларни бериб халқни кўндирди.

Айни пайтда у октябрга қадар ҳамма мажбурий кўчиб чиқиши кераклигини, қиш фаслига қадар ҳеч ким қишлоқда қолмаслиги кераклигини ва шароитлар ҳақида ҳеч ҳам ҳавотир олмаслигини қайта-қайта таъкидлади.

Шундан кейин қишлоқ аҳли имкони етгани ҳам, етмагани ҳам ўз чўнтакларидан тақир даланинг ўртасидан ўзларига уй қуришга тушиб кетишди. Ахир ваъда беришдику, тез орада ҳамма шароитни қилиб беришади!

Хом саналган чучвара

Шундай ўй-хаёллар оғушида зўр бериб, бошқа ишларини йиғиштириб қўйиб, уй қуришга киришиб кетишди. Аммо қиш остона босиб келганида қишлоқликлар чучварани хом санашганини англаб қолишди.

Амалдорлар ваъдаларини бериб кетганича, қайта қорасини кўрсатишмади. На сувдан дарак бор, на электр токидан ва на бошқа шароитлардан.

Қишлоқликлар эса иккига бўлиниб қолди, ярмиси чала битган уйларига кўчиб келган бўлса, ҳар бир оиланинг бир-иккидан аъзоси эски қишлоқдаги нарсаларга, мол-ҳолга қоровул бўлиб қолди.

Шу орада, ҳаш-паш дегунча, орадан бир йил ўтиб, 2013 йилнинг ёзи ҳам етиб келди. Бу орада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади: эски ҳаммом эски тос.

Президентгача ёзганмиз

Шу-шу бу масала кўтарилиб ёзилмаган ташкилот, ёзилмаган идора қолмади. Прtзидент девони дейсизми, Бош вазир дейсизми, вилоят ҳокимию прокуроригача ёзилди.

Ҳатто вилоят телевидениесида ҳам бу масала оммага ҳавола этилди.

Лекин, ҳаммасидан бир хил мазмундаги жавоб олинди: 2014-йилнинг 1-кварталигача бу масала ҳал этиладиган бўлди.

Аммо, 2014-йилнинг 1-квартали эмас балки, бус-бутун ярмиси ортда қоляпти ҳамки, ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.

Хусусан, Толтўқай маҳалласидан бошланган катта Боботоғ канали то Гулистон қишлоғигача янгитдан қазилиб капитал ремонт қилиниши ва 1- кварталнинг охиригача қишлоқ аҳли сув билан таъминланиши ваъда қилинган эди. Афсуски, канал қазиб битказилиши у ёқда турсин ҳали-ҳануз, ҳатто бошланмаганига нима дейсиз?

Бузилган уйлар учун товон тўланган эмас

Мана орадан зувиллаб икки йил ҳам ўтиб кетди. Амалий ёрдам тугул ҳатто товон пули ҳам берилмагани халқни анча оғир аҳволга солиб қўйгани бор гап. Билмадим ҳукуматимиз бизни унутиб қўйдими ёки ажратган пуллари қайсидир "қоринбой"нинг жиғилдонидан ўтиб кетдими - бу ёғи бизга қоронғу.

Қишлоқ аҳли амал-тақал қилиб узуқ-юлуқ симлар ёрдамида уйларига электр токи ўтказишган. Лампочкалар, ҳарна, помидордан яхшироқ қизариб турибди. Томорқани суғориш учун эса собиқ СССР давридан қолган кўтарма насос станцияси қайта-қайта таъмирланиб сув чиқарилмоқда.

Эскини ямагунча эсинг кетади дегандек, эскириб қолган генераторлар узоғи билан бир ҳафтага аранг дош беради ва яна куйиб қолади. Қишлоқликлар уйма-уй юриб, минг азоб билан пул йиғиб, яна қайта таъмир қилишади, афсуски, узоғи билан бир ҳафтадан сўнг яна шу ҳол. Насоснинг бир марталик таъмири учун бир миллион сўм атрофида пул кетаётганини ҳисобга олсак, хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг!

Президентнинг шиорлари

Президентимиз ҳар доим бир неча иборани қайта-қайта такидлаб келадилар. (“Ўзбекистон келажаги буюк давлат!”, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиши шарт!”)

Лекин бу ишга масъул бўлган аллақандай кимсаларнинг лоқайдлигини деб юрт келажагининг бир бўлаги бўлган қишлоқ ёшлари оғир шароитларда улғаяётгани тўғримикин? Бу шароитда улар эртага юртига қанчалик фойда келтираркин? Билмайсан киши.

Айтаверсак, гап кўп...

Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, бундан уч йил олдин Оқ мачит ва Янгиобод маҳаллаларини боғлаб турувчи бир неча километрга чўзилган асфальт йўлнинг эски асфальтини қўпориб, янги асфальт ётқизиш мақсадида шағал тўкиб чиқишганди.

Шу-шу бу иш ҳам қаровсиз ташлаб қўйилди. Ҳеч кимни қизиқтирмади ёки қизиқтирса ҳам ажратилган пуллар қайсидир бир "ватанпарвар"нинг чўнтагини қаппайтирдимикин, буниси ҳам бизга қоронғу.

Йўл эса эскисидан ҳам баттар шағал уюмларига айланди қолди, бундан эскиси минг марта яхши эди. Ҳозир бу йўлдан машинасида бир марта ўтган киши бир ҳафта машинасига ичи ачиб юради.

...лекин ечим йўқ

Айтаверсак гап кўп, лекин ечим йўқ. Мурожаатларимиз мутасаддиларимизни қизиқтирмас экан, биз охирги нажот сифатида сизлардан бу масалада ёрдам беришлариларингизни сўраб қоламиз.

Чунки сизлар кўр бора халқнинг ечилмаётган муаммоларини ечишга ёрдам берганларингизни эшитганмиз. Зора, сиз баҳона бизнинг шароитлар ҳам яхшиланиб қолса.

(...)

Ана шунақа гаплар, "гапни росаа чўзиб исмизни айтишни унутибсиз" дейсизми? Унутмадиму келинг исмимни жойига уч нуқта (...) қўйиб қўяй, шуниси энг мақбул йўл, менимча. Бу ёғини энди ўзингиз тушунасиз.

Ҳа, айтганча агар хатим сизларга эсон-омон етиб борса, мабодо хатимни веб саҳифангизга жойламоқчи бўлсангиз сизлардан кичкина илтимосим, жумлалардаги нуқта, вергул каби белгиларинг ерини ўзингиз тўғрилаб қўярсизлар?! (она тилидан яхши ўқимаганмизда ёшлик қилиб).

Хуллас, Сурхондарё тарафларга йўлингиз тушиб қолса, сўраб- суриштириб Боботоғ тарафга, "бир келиб кетинг қишлоғимизга" деб,

МУХЛИСИНГИЗ ...!


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG