Линклар

Ўзбекистонлик йигит Россияда 83 яшар кампирни зўрлаб, ўлдирганликда айбланмоқда


Волгоградда 83 яшар кампирни талон-тарож қилган, зўрлаган ва ўлдирганликда айбланиб Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Маълумотларга қараганда, у олдинроқ бошқа бир аёлни пичоқлаб кетган ва сўнгги қурбони уйида яшириниб яшаётган эди.

Волгоградда 83 яшар кампирни талон-тарож қилган, зўрлаган ва ўлдирганликда айбланиб Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Маълумотларга қараганда, у олдинроқ бошқа бир аёлни пичоқлаб кетган ва сўнгги қурбони уйида яшириниб яшаётган эди.

2014 йилнинг 21 июнида Волгоград вилояти, Николаев тумани, Ленин қишлоғидаги ҳовлилардан бирида 83 яшар маҳаллий аёл мурдаси топилди.

Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига биноан, кекса аёл оғир тан жароҳатлари ва бўғилишдан ўлганини Озодликка Россия Тергов қўмитасининг Волгоград вилояти бўйича бошқарма расмийси, адлия капитани Наталия Куницкая тасдиқлади.

Тергов қўмитаси вакили изқуварлар жиноятни содир этганликда гумонланаётган шахсни орадан бир кун ўтмаёқ қўлга олганини маълум қилди.

- У мигрант, Ўзбекистон фуқароси экани, Волгоград вилояти ҳудудида қонунан яшаб келаётгани аниқланди. У бу кампирникида бошқа бир аёлни пичоқлаб қўйгани учун яшириниб ўтиришни режалаштирган экан. 20 июнь куни кечки пайт айбланувчи ўз танишлари билан шу ердаги уйлардан бирида ароқ ичиб ўтирган. Мастликда чиққан жанжал оқибатида бу шахс уни ҳақорат қилган аёллардан бирини пичоқлаб қўйган ва жиноят жойидан қочган. Олдинроқ у 83 ёшга кирган бир кампирдан хона ижарага олган экан – шу ерга қочиб келган, дея ҳодиса тафсилотларини гапириб берди Наталия Куницкая.

Терговчиларга кўра, кекса аёл 30 ёшли бу ўзбекистонликни уйига киргизган. У кампир катта миқдорда пулни яшираётганини кўриб қолган ва кампирнинг уйқуга кетишини кутган.

“Ўғирлик қилаётган пайтда у уйғониб қолган нафақахўр аёлга ташланган, уни зўрлаган, кейин бўғиб ўлдирган ва ўликни омборга яшириб кетган, деб гумон қиляпмиз”, деди Волгоград тергов қўмитаси расмийси.

- 23 июнь куни у ҳибсга олинди. Унга нисбатан терговчи даъво аризасига биноан суд томонидан қамоққа олиш чораси қўлланилди. Айбланувчи Николаевск шаҳрида ушланди. Ҳозир содир этган жиноятларига тўлиқ иқрор бўлди, деди тергов давом этаётганини гапирган Россия Тергов қўмитасининг Волгоград вилояти бўйича бошқарма ходими Наталия Куницкая.

Волгоград вилояти бўйича Тергов қўмитаси содир этилган жиноят юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105 моддаси 1 банди (қотиллик) асосида жиноят иши қўзғатилди.

Озодлик Россиядаги меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган бошқа зўрлаш ҳолатлари ҳақида ҳам хабар берган.

Россия тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи Вадим Яковенко сўнгги йилларда муҳожирлар томонидан содир этилаётган оғир ва ўта оғир жиноятлар сони кескин ошиб кетгани қайд этилганини май ойида маълум қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG