Линклар

Олий таълим вазири битирувчиларнинг сўнгги стипендиялари юзасидан расмий шарҳ берди


Озодликка мамлакатнинг турли олийгоҳларида контракт асосида ўқиб¸ айни кунларда ўқишни битираëтган турли талабалардан июль-август ойи стипендиясининг берилмаëтгани¸ айрим жойларда талаба сўнгги насибасининг мажбуран институт таъмири учун олиб қолинаëтгани ҳақида хабарлар келмоқда.

“Кеча бизнинг Тошкент Ирригация ва мелеорация институтида ректор мажлис қилиб¸ бизнинг 4-курс битирувчиларини июнь-июль-август ой стипендияларини берилмаслигини¸ бу пуллар институтда таъмир бўлиши учун талабалардан “мажбурий” ëрдам сифатида олиб қолинишини айтишди. Бошим қотиб қолди. Узоқ воҳадан келиб¸ қийналиб бир амаллаб шу институтни тугатаëтгандим¸ ректорнинг бу гапи битирувчиларнинг ҳафсаласини пир қилди”¸ деб ëзди ўз исми хавфсизлиги боис ошкор этилмаслигини сўраган битирувчи курс талабаси.

Афтидан бундай шикоят ва мурожаатлар¸ Озодликдан ташқари Ўзбекистондаги расмий идораларга ҳам етиб борган шекилли¸ 17 июнь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири махсус буйруқ чиқариб¸ битирувчиларнинг сўнгги икки ойлик стипендиясининг қандай тақсимланишига расмий изоҳ берди. Бу изоҳ¸ 19 июнь куни Адлия вазири томонидан тасдиқланиб¸ куни-кеча расман эълон қилинди.

Вазир Ваҳобов “Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-бандига изоҳ беришни мақсадга мувофиқ деб топди.

Бу банд мазмуни эса¸ қуйидагича:

“Олий таълим муассасалари битирувчи курс талабаларининг охирги ўқув йили (қисмларга бўлиб тўланганда охирги ўқув семестри) учун тўлов, тўловнинг белгиланган миқдоридан июль ва август ойлари учун тўланадиган стипендия миқдорини чегириб қолиш орқали амалга оширилади. Бунда, чегириб қолинадиган стипендия миқдори контракт асосида ўқитиш учун тўлов миқдорининг охирги белгиланган стипендиянинг миқдори 0,75 коэффициенти қўлланган базавий миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.”

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг эслатишича¸ 2013 йилнинг февраль ойидаги низомга кўра¸ контракт асосида ўқиб¸ олийгоҳни битираëтган талабанинг июль-август ойларига берилиши керак бўлган стипендияси¸ контракт пули тўланаëтганда чегириб қолиниши керак.

Бунинг талаба ва унинг контракт пулини тўлаëтган ота-онаси учун нимани англатиши¸ Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиëт факультети мисолида тушунтирилади.

Бу изоҳнинг содда шарҳи¸ бир йиллик ўқув йили учун пул тўлар экан¸ битирувчи курс талабасининг июль-август ойлари учун стипендияси контракт пулидан чиқарилади ва бу пул талабанинг ўзида қолади.

2013 йил бошидан кучга кирган низомга вазирнинг янги шарҳи ортидан Озодлик айрим олийгоҳлар бухгалтерия-молия расмийлари билан боғланди.

“Битирувчи июнь ойи охирида талабаликдан чиқарилганидан кейин¸ унга қандай стипендия берамиз?”¸ деди Тошкентдаги олийгоҳлардан бири бош бухгалтери.

Бошқа бир олийгоҳ молиячиси эса¸ битирувчи курслар сўнгги йил контракт пулини айнан июль-август стипендияси чиқариб ташланганидан кейин тўлагани боис¸ улар билан олийгоҳ олди-бердиси июнда тугашини билдирди.

“Мабодо¸ қандайдир хатолик билан битирувчи курс талабаси контракт пулини тўлиқ тўлаган бўлса¸ икки ойлик стипендия миқдоридаги пул унга қайтиб берилади”¸ деди Озодлик суҳбатлашган олийгоҳ бухгалтери.

Айни пайтда¸ Озодликка Ирригация олийгоҳи битирувчи талабасидан келган шикоятга изоҳ берган мазкур институт мутасаддилари¸ бу хабарни инкор қилдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG