Линклар

Умрага борган ўзбек ҳожилари "ёт мафкурадан сақланиш учун" ЎзТВни кўради


Рамазон ойида, 10 июлдан 29 июлгача давом этадиган Умра зиëратига борадиган дастлабки 670 ўзбекистонлик билан сафаролди суҳбатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, Умра зиёрати муддати 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар 4 кунни Мадинаи Мунавварада, 6 кунни эса Маккаи Мукаррамада ўтказиши режалаштирилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадинада “Масжидул-Набавий”га қўшни бўлган “Ажниҳат ат-Тоййиба” меҳмонхонасида, Маккада эса Каъбатуллоҳдан 1 километр наридаги “Нама ал-Мавадда” меҳмонхонасида истиқомат қилади.

Умра сафари чоғида зиëратчилар 8 кишилик ишчи гуруҳ тарафидан бошқарилиши ҳам маълумотда айтилди.

Зиëратчиларни назорат қилиш учун 4 мулозим ва 27 врач ҳам Ўзбекистондан уларга қўшиб жўнатилади. Ўзбекистондан борган 4 ошпаз зиëратчиларга ўзбекча овқатлар пишириб бериши ҳам ҳабарномада айтилган.

Хабарномада таъкидланишича Умрага борган ўзбек зиëратчилари учун меҳмонхоналарда Ўзбекистон телеканалларини томоша қилиш ҳам ташкил қилинган.

Умрага йўл олган ўзбек зиëратчиларига яратилган шароитлар ҳақида гапирган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Саудиядаги ўзбек хожилари борадиган меҳмонхоналарда Ўзбекистон телеканалларини томоша қилиш бўйича шароитлар яратилганлигини Озодликка айтар экан, жумладан бундай деди:

- Яратилган шароитлар жуда яхши. Мехмонхонада Ўзбекистон телевидениеси Биринчи канали дастурлари зиëратчиларга кўрсатилади. Саудия бизга 25 мингдан 30 минг кишигача квота берган. Лекин 25 минг квота бор, деб 25 минг кишини шундайча юборилавермайди-да. Мана ҳозир беш минг кишини обориб-обкелиняпти. Шуларнинг бирортасини йўқолиб, адашиб, қаровсиз қўймасдан олиб бориб-олиб келиш учун бизга беш минг одам етарли бўляпти. Лекин талаб кўп. Бораман деб ариза ëзганлар кўп, дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур.

Озодликка маълум бўлишича¸ шу кунларда зиëратчилар билан суҳбатлар олиб борилмоқда.

Тошкент Ислом институтидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 20 июнь куни Тошкент Ислом институти мажлислар залида “Умра-2014” мавсуми бўйича Ишчи гуруҳи ва Гуруҳ раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлган.

- Йиғилишда Умра зиёрати борасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистонида амалга оширилиши керак бўлган ишлар юзасидан вазифалар белгиланди. Шу вазифалардан бири зиëратчиларнинг ëт мафкура таъсиридан сақлаш борасида бўлди. Тасдиқланган рўйхат асосида мажлисга келган элликбошилар Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тегишли қарор ва буйруқлари билан танишишди. Элликбошиларга араб тилида суҳбатлашиш учун махсус қўлланмалар, кўргазмали қуроллар ва адабиётлар тарқатилди. Элликбошиларга умра ибодати пайтида Ўзбекистон фуқароларининг юриш-туришига бўлган талаблар ҳақида зарур тавсиялар берилди, дейди Озодлик манбаси.

Ўзбекистон муслмонлари идораси 2014 йил давомида Умра зиëратига 6400 киши бориши ҳақида қарор қабул қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG