Линклар

Керри: Россия Украина шарқидаги айирмачиларни қуролсизлантираётганини исботлаши керак


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Москва “бир неча соат” ичида Киев билан Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувини қўллаб-қувватлаётганини исботлаши керак, дея баён қилди.

Парижда 26 июнь куни Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус билан сўзлашувлардан кейин, Керри Россия “келаси бир неча соат ичида” айирмачиларни қуролсизлантириш ва “легитим жараёнда” қатнашишга рағбатлантиришга кўмаклашаётганини кўрсатиши лозим, дея таъкидлади.

Ғарб давлатлари, деди у, Россиянинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан “санкцияларни қўллаш режимини тадбиқ қилмаслик” тарафидадир.

Бугун Украина Президенти Петро Порошенко мамлакат шарқида айирмачилик бўҳронини бартараф қилиш режасининг бир қисми ўлароқ, парламентга минтақалар ваколатларини оширишга доир конституциявий ўзгартишлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритишини билдирди.

Порошенконинг 26 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин, Германия Канцлери Ангела Меркель ва Франция Президенти Франсуа Олланд билан телефон конференцияси ўтказиши режалаштирилган.

Бугунги музокараларда бўҳронни ҳал қилиш борасида 25 июнь кунги тўрт томонлама телефон сўзлашуви пайтида Меркель илгари сурган режа муҳокамасининг давом этиши айтилмоқда. Бир кун аввалги суҳбат давомида Германия раҳбари бўҳронни бартараф қилиш жараёнига ЕХҲТни жалб қилишни таклиф этган эди.

Порошенко 26 июнь куни шунингдек Страсбургда Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси олдида чиқиш қилиши режалаштирилган.

Айни пайтда, ҳукумат билан россияпараст айирмачилар ўртасида ўт очишни тўхтатиш борасида келишиб олинганига қарамасдан, Украина шарқидаги Краматорск ва Славянск шаҳарларида бугун ҳам жанглар давом этгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG