Линклар

logo-print

Наманганда ўқитувчиларга "солярка ва минерал ўғит" солиғи солинмоқда


Солиқ йиғиш¸ пахта териш¸ макулатура ва металлолом йиғиш каби ишлар қатори фермерлардан ўғирланган солярка жойини тўлдириш ҳам ўқитувчига юклатилди.

Солиқ йиғиш¸ пахта териш¸ макулатура ва металлолом йиғиш каби ишлар қатори фермерлардан ўғирланган солярка жойини тўлдириш ҳам ўқитувчига юклатилди.

Ëзги таътилга чоғланган наманганлик ўқитувчиларга маҳаллий ҳокимият яна бир ўлпон солди - ўқитувчилар ишдан ҳайдалиши ва дарс соатлари қисқартирилиши таҳдидлари билан ëзги ойлигининг каттагина қисмидан "қишлоқ хўжалиги соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш" учун воз кечишга мажбурланмоқда.

Исми сир қолишини истаган наманганлик ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича, ўзи ва ҳамкасбларининг ойлик маоши ва ёзги таътил пулидан 60 минг сўмдан “минерал ўғит ва соляркага”, деб олиб қолинмоқда.

Пул беришга қаршилик қилган ходимларга дарс соатлари кесиб ташланиши ёки ишдан ҳайдалиши ҳақида таҳдид қилинмоқда.

Айни шу жараëннинг битта алоҳида мактаб эмас¸ бутун вилоят миқëсида бошланганини наманганлик бошқа бир ўқитувчи ҳам тасдиқлади:

- Ўқитувчиларнинг отпускной ойлигидан ҳар бир мактабга 2,3 гектар ғўзани култивацияси учун, ғўзага солинадиган дорилар учун, тракторни соляркаси учун мажбурий пул йиғишаяпти, дея маълум қилди ўз исми сир қолишини истаган наманганлик ўқитувчи.

Озодлик мухбири ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Намангандаги бир қанча мактабга қўнғироқ қилди.

Тўрақўрғон туманидаги мактаб директорларидан бири ўқитувчиларда пул йиғилаётганини тасдиқлади, лекин бу ишнинг "ихтиёрий" тарзда қилинаëтганини иддао қилди:

- Ҳаммамиз қўлимиздан келган ёрдамни қилaяпмиз. Мажбуран ҳеч кимдан пул олинаётгани йўқ. Ўз ихтиёрлари билан бўлaяпти бу. Йиғилишда ўзларининг муҳокамасига ташладик, мана шунақа аҳвол, ёрдам бериш керак экан, деб. Ҳеч ким норози бўлгани ҳам йўқ, ҳеч ким уларни мажбурламаяпти ҳам, деди Озодлик боғланган наманганлик мактаб директори.

Айни пайтда¸ Наманганда давлат бюджети ëки маҳаллий ҳокимият ҳисоб-китоб дафтаридаги ноқисликни тўлдириш вазифасини ўқитувчилар елкасига ташлаш кўлами "қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш" кампанияси билан чекланмаëтир.

Наманган шаҳридаги мактабларда ўқитувчиларнинг ойлиги ва таътил пулидан мактаб ремонтига маблағ чегириб қолинмоқда:

- Мактабнинг ташқи фасадига маблағ йўқ, ҳозир ҳаммамиз баҳоли қудрат 1 сентябргача мактабни ремонтдан чиқариш учун ҳаракат қилаяпмиз. Ўқувчиларни ота-оналари ҳам ёрдам қилаяпти, дейди наманганлик муаллим.

Бу кампания "ижодкорлари ким?

Вилоят таълим бошқармасидагилар ҳам, вилоят ҳокимлиги расмийлари ҳам мактабларга қишлоқ хўжалигини қўллаш учун ўқитувчилар ойлигидан олиб қолиш ҳақида кўрсатма берилганидан бехабарликларини иддао қилишди.

Наманганлик фермер Маъруф аканинг айтишича, фермер хўжаликларида солярка ва минерал ўғитларга маблағ етишмовчилиги жиддий муаммога айлангани боис¸ бундай ташаббус ортида айнан маҳаллий ҳокимият расмийлари турган бўлишини тахмин қилади:

– Қишлоқ хўжалигини биласиз. Трактор юриши учун солярка керак. Солярка эса ўғирланиб, фермерга жуда кам миқдорда етиб боради. Дори, минерал ўғит ҳам шу. Ўғитлар ўғирланганидан кейин бу пахта унумдорлигига таъсир қилади. Солярка ўғирланганидан кейин ер ҳайдаб бўлмайди. Шу ўғирликларни чиқариб олиш керак-да. Одатда бунақа пул йиғишлар маҳаллий ҳокимлик даражасида бўлади, уларнинг оғзаки буйруқлари билан қилинади, -дейди наманганлик фермер.

Наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, вилоятда давлат идоралари ходимлари, айниқса таълим сохаси ходимлари ойлигидан қишлоқ хўжалиги ёки бошқа сохага, деб пул ушлаб қолиши биринчи марта бўлаётгани йўқ:

- Мактабларда ўқитувчиларни ёзда турли дала юмушларига юбориш баробарида, ҳар бир мактабда ўқитувчиларнинг ойлик маошларидан “пилла қуртига”, деб “ғаллага”, деб ушлаб қолиниши ҳар йили бўлади. Стадион қурилишига, деб пул йиғилди. Мен бир нарсани тушунмайман-да. Давлат ҳар бир соҳага маблағ ажратади. Маорифга, спортга, фермерларга, деб пул ажратади. Давлат ажратаётган бу пуллар қаерга кетаяпти? Доим пул йўқ, пул йўқ, дейди. Ҳар бир соҳага давлат бюджетидан пул ажратиладику, қаерда шу пуллар?, дейди Носир Зокир.

Суҳбатдошнинг эслатишича¸ Наманганда “Навбаҳор” стадиони қурилиши учун ҳам вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ўқитувчилардан тортиб “Дамас” ҳайдовчиларигача “солиқ” солинган ва бу ҳам аҳоли орасида яширин норозилик кучайишига сабаб бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG