Линклар

logo-print

Ўзбек имомлари: Тарозийларнинг бугунги авлоди - Баҳодирхон Тарозий


Буюк олим МубашширхонТарозийга эвара авлод - Баҳодирхон Тарозий.

Буюк олим МубашширхонТарозийга эвара авлод - Баҳодирхон Тарозий.

Жанубий Қозоғистоннинг Тароз шаҳрида яшаётган 42 яшар Баҳодирхон Тарозий Марказий Осиёнинг халқлар зеҳнияти, диний қадриятлар ва мураккаб ижтимоий-иқтисодий сиёсатлар кесишган нуқтасида яшаётган имомлардан биридир. Озодлик билан суҳбатда бу киши ўз фаолияти билан бирга аждодлари – буюк Тарозийлар ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Диндорлар бошига иш тушган даврга тўғри келган ёшлик

Қозоғистоннинг Жамбил - ҳозирги Тароз шаҳрида яшаётган 42 яшар имом Баҳодирхон Тарозийнинг авлодлари Марказий Осиё мусулмонлари ва бу минтақадаги туркий халқлар мустақиллиги учун курашган Мубашширхон Тарозийга бориб тақалади.

- Жамбил шаҳри – 1997 йилдан номи Тароз бўлган шаҳарда туғилганман. Маълумотим олий, Наманганда политехника институтини битирганман. 1988-90 йилларда Наманганда диний сабоқларни олганман. Қариндоршларим Наманганда турарди. Шуларникига бориб, ўқиб-ўрганганман. Ҳам дунёвий, ҳам диний илмларни олганмиз. У вақтда ҳамма оларди диний билимни. “Муалими соний”, “Қуръон”, “Тажвид”, “Матлуби қироат”ларни ўрганганмиз, - дейди Баҳодирхон Тарозий.

Бу киши Ўзбекистонда олий таълим олган ва динни ўрганган давр 1992-93 йилларда фарғоналик диндорлар ҳаётини алғов-далғов қилган жараёнларга тўғри келди. Бу киши ўша пайтлардаги тало-тум воқеаларнинг ўчоғи бўлган Фарғона водийси, хусусан Наманган шаҳрида илм олган.

Ўша кезда номи чиққан аҳли илмлар ва кейинчалик халқаро террорчилар номи битилган рўйхатларга киритилган Тоҳир Йўлдош, Жума Намангоний ҳозир қамоқда жазо муддатини ўтаётган аксар аҳли илмлар номини Баҳодирхон Тарозий ҳам ўша даврларда эшитганини айтади.

- Диндорларга қарши фитна бўлиб, алғов-дағовлар бошланиб кетди. Тоҳир Йўлдош, Жума Намангонийларнинг номи чиққанди. Абдулаҳад домла, Умархон домлалар, ҳатто Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бошига ҳам иш тушган пайтлар бошланди. Бизга ўхшаган ёшлар шу фитналардан кейин дин илмини тўхтатдик. “Муаллими соний” ва “Тажвид” даражасида тўхтаб қолдик. Кейин ўқишни ҳам тугатибоқ, армияга кетганман, - дея ҳикоя қилади Баҳодирхон Тарозий.

Ўзбекистон армиясидан “хорижлик” диндор аскарнинг қувилиши

Баҳодирхон Тарозийнинг сўзларига қараганда, 1993-йиллардан кейин Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскарлар ва ҳарбий хизматчиларнинг диний илми ҳамда эътиқодини аниқлашга қаратилган анкеталарни тўлдириш талаб қилинган.

- Аскарда текширишлар бўлган. “Ким динга қандай қарайди?” мазмунидаги анкеталар берилган. Биз ҳам очиқ-ойдин ёзиб юборганмиз: “Ҳа намоз ўқиймиз, ҳа озгина Қуръон ўқишни ҳам биламиз” деб ёзворганмиз. Шундан кейин Отдел военный разведки, деган отделнинг одамлари келиб: “Нимага СССРнинг болалари ўзбек армиясида хизмат қилади,” деган баҳона билан бизни чиқариб юборишган. Шундан кейин Жалолобод, Ўш, Жамбил, Сариоғочдан борган ўзбек йигитлари Ўзбекистон армиясидан чиқарилиб, юртига қайтариб юборилган, - деб ҳисоблайди Баҳодирхон.

Жамбил-Тарозлик маҳалла имоми

Шу тариқа илм олган ва дунёни таниган юрт – Ўзбекистондан 29 ёшида чиқариб юборилган Баҳодирхон Тарозий она шаҳри – Тарозга қайтгач, диний илм олишни давом эттириш имконига эга бўлганини айтади.

- Илмли маҳалла оқсоқолларимиз ҳаётда эди унда. Улар бизга илм берди ва тарбиялади. 2008 йилда эса мени имом қилиб тайинлашди. Намоз, ибодат ва дини-ислом илмини яна бошладим. Бунинг ёнида қандолат цехини очиб, иш ҳам бошладим. Шундан буён маҳалла имомиман, - дейди Баҳодирхон.

Марказий Осиё диндорларини парчалаган ақидапарастлик

Тарозга қайтгач, диний илм олишни қолган жойидан давом эттириш билан бирга Марказий Осиёнинг кесишув нуқтаси бўлган Жанубий Қозоғистондаги иқтисодий-сиёсий жараёнларни кузата бошлаган Баҳодирхон Тарозий кундан кунга турли йўналишларга бўлиниб кетаётган маҳаллий диндорлар билан ҳам фаол мулоқотга кириша бошлади.

- Ўзбекистондан чиқиб кетаётган пайтимизда бошланган эди “ақидапастралик” деган муаммо. Мана вақти соати келиб, бу муаммо Қозоғистонда ҳам бошланди. “Таблиғ жамоати”, “Салафия” ва ҳоказолар. Бу ëқда мусулмонлар кимларгадир мухлис - кимдир Ринат деганни эшитади – бу Абу Муҳаммад, деган бири. Яна кимдир Назратуллони эшитади. Хулласи калом мусулмонлар орасида жуда кўп ақидавий бўлинишлар бор. Жамоатлар орасида бўлинишлар жуда қаттиқ бўлди Қозоғистонда. Бу бўлинишга 5-6 йил бўлиб қолди. Мана ҳозир секин-секин ўзининг таъсирини кўрсатаяпти. Лекин, секин-секин тинчияпти булар ҳам, худо хоҳласа.

Озодлик: Шу бўлинишлар сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

- Бўлинишлар шу билимсизликдан, нодонликдан, ўзиникини маъқул, деб туриб олиш, қолганларникини маъқул эмас, дейишдан.

“Даъватга чиқмаганлар – мусулмонмас, соқоли йўқлар – хунаса!”

Жанубий Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек Россиянинг баъзи ҳудудларидаги мусулмонларни ботиний гуруҳларга бўлаётган ақидавий иддаоларни янада аниқроқ изоҳлашга уринган Баҳодирхон Тарозий унинг маҳаллий диндорлар билан баҳслари ортидан келган хулосаларни шундай баён қилди:

- Бўлинишларнинг яққол кўринган хусусияти ақидавийда. Масалан, Ҳиндистондаги Таблиғ жамоасининг шайхларига эргашган бу ëқдаги йигитлар айтадики: “Агар сизлар биз билан даъватга 3 кун¸ 40 кун ëки 4 ойга чиқмасангизлар, демак сизлар динда эмассизлар. Яъни пайғамбаримиз йўлида эмассизлар!” дейди.

Кейин Салафи солиҳинлар назари билан юрганлар ўзини салафий, дейдида шайх Албоний, шайх Усаймий, шайх Мадхалий деганларни эшитиб юради ва улар орасида нодонлари “Кимнинг соқоли бўлмаса¸ демак булар хунаса” деб туриб олади. Пайғамбаримиздан ҳадис бор, деб далил келтириб қўйишади яна, - дейди бугунги мусулмонлар орасидаги ақидавий фарқлар ҳақида хулосаларини тилга олган тарозлик имом.

Махфий хизматларга қўл келган савол: “Оллоҳ қаерда?”

Жанубий Қозоғистонда яшаётган мусулмонлар, бундар ташқари Интернет тармоғида бирлашган мусулмонлар ўртасидаги савол-жавоблар, баҳсларда кўп тилга олинган яна бир жиддий масала сифатида Баҳодирхон “Оллоҳ қаерда?” деган саволни тилга олди:

- Масалан, “Оллоҳ қаерда?” деганга ўхшаш саволлар берилиб қолса, бу ерда ҳам бўлинишлар бошланади яна. Биров “Оллоҳ осмонда” деб жавоб бериб қўйса, уни ваҳҳобий экан дейишади. “Оллоҳ юракда” деса, Нақшбандий экан дейди. “Оллоҳ ҳамма ерда” деса, бу Яссавий экан дейди. Шунақа қилиб эътиқодни бузиб юборишадида! Бу энг катта нодонлик. Бу нарса Ўзбекистонда бор эди.

Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Дил ба ëру даст ба кор” деган бир гапи бўлган. Яъни Оллоҳ юракда бўлсин, қўлинг ишда¸ хизматда бўлсин, деган. Бу маънони шайх Баҳоуддин Нақшбандий шогирдлари вақти-соати келиб, ажралган эътиқод қилиб юборишган. Яъни, ундоқ назарда тутилмаганда бу нарса Оллоҳ юракда экан, деб. Энди қотиб қолган шогирдлар мутаассиблик қилишади.

Озодлик: “Оллоҳ самода”, деганлар “Оллоҳ юракда” деганларни тан олмайдими, қанақадир бир-бири билан зидлашадими улар?

- Тан олмайди, илми саëзлигидан ҳозирги кунгача шунақа мутаассиблар бор, - дейди Баҳодирхон Тарозий.

Араб диёрида Туркистонни танитган Тарозийлар ҳақида

Қозоғистоннинг Жамбил - ҳозирги Тароз шаҳрида яшаётган 42 яшар имом Баҳодирхон Тарозийнинг авлодлари Марказий Осиё мусулмонлари ва бу минтақадаги туркий халқлар мустақиллиги учун курашган Мубашширхон Тарозийга бориб тақалади.

Саййид Абу Наср Мубашширхон Тарозий 20 аср давомида туркий мусулмонлар дини ва Туркистон халқлари мустақиллиги учун курашган олимлардан биридир.

- Бувим айтиб берардилар - бувимнинг оталари Қуръонни ëд билган эканлар. Мана шу Тарозда “Мулла Турсунбой”, деган катта мозор бор. Мулла Турсунбой бизнинг катта бобомиз бўладилар. Саид Муҳаммадхон Ғозийнинг энг яқин жигарбандлари мулла Турсунбой. Саид Муҳаммадхон дадамиз - у пайтда Саид Мубашширхон Тарозий деб айтганлар - бу киши ҳақиқатан ҳам эътиқодий, фиқҳий масалалардан олим эдилар. Олтинхон тўра эса илк бор “Қуръон”ни туркий тилга ағдарганлар, деб хотирлайди Баҳодирхон Тарозий.

Сўнгги қарийб 150 йил ичида аввалига Туркистон, кейинчалик собиқ СССР таркибида бўлган Ўрта Осиё, шу кунларда эса Марказий Осиёда қадрланган Тарозийлар авлодидан бўлганини бувиси ва аждодларининг катталаридан эшитган ҳикоялар асосида хотирлайди.

Озодлик: Ҳозир аждодларингиздан қолган илмий, тарихий, диний меросни жамлашга ҳаракат қилаяпсизми?

- Ҳа. Маълумотларни мен йиғиб ўтирибман 2008 йилдан бери. Ҳозир яшаётган авлодлардан фақат Саид Муборакни биламан, холос. У киши Қоҳирада турадилар.

Озодлик: У киши ким бўлади Мубашширхон Тарозийга?

- У киши Мубашширхон Тарозийнинг неваралари. Мубашширхоннинг ўғиллари - Саид Насруллохоннинг ўғиллари. Саид Насруллохон эса Амир Олимхоннинг куёви бўлади. У киши Саид Муборак Тарозийга вазият қилиб айтган эканларки: “Ўғлим, бу китобларнинг барчасини туғилган шаҳримга олиб бор” деб. Бу китоблар бутун Ўрта Осиëдаги халқлар – бугун ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркманга бўлиниб кетган элларнинг 900 йилдан кейин – Тавба тобеинлар (Муҳаммад алайҳиссаломни кўрган саҳобалардан кейинги тобеинларнинг авлодлари) давридан бошланган тарихининг маълум бир қисмини қамраб олган. Ҳатто, баъзи даврларнинг каттагина қисмини ўз ичига олган, дейишарди. Бу тарихий ҳикояларнинг сўнггилари эса Саид Насруллохоннинг қиссалари ҳам бор. Ҳаммаси қўлёзмада – туркий ва форсийда битилган, эски араб ёзувида ёзилган. Хуллас бу жуда катта мерос, - дея ҳикоя қилади Баҳодирхон Тарозий.

Бу меросга ўз даврида АҚШ, Япония, Франциядаги йирик жамғармалар харидор бўлгани, аммо Мубашширхон Тарозийнинг ўзи ва авлодлари бу қўлёзмаларида акс этган жамғармани ҳеч кимга бермай келгани айтилади.

Бухоро амири Саид Олимхоннинг 2011 йилда Қозоғистонга борган набираси Саид Муборакхон ҳақида қозоқ матбуоти чоп этган мақола.

Бухоро амири Саид Олимхоннинг 2011 йилда Қозоғистонга борган набираси Саид Муборакхон ҳақида қозоқ матбуоти чоп этган мақола.

2011 йилда бу қўлёзмалар Қозоғистон ҳукуматига тақдим этилган.

Ўшанда аждодлари ҳақидаги қиссаларни Саид Муборакхон оғзидан эшитган Баҳодирхон Тарозий бу мерос Марказий Осиё халқларига бирдек тегишли бўлган маданий-маънавий бойликдир, деб ҳисоблайди.

- Бу қўлёзмаларда, биласизми, аробийлар халифалиги, Ўрта Осиëга қандай қилиб ислом кириб келгани ва Чингизхон, Амир Темур, кейин мана шу кунларгача Бухоро амири, Хива хонлиги, шу ерда яшаëтган элларнинг тарихини ҳам ëзганлар. “Нима учун туркий эллар бўлиниб кетди?” деган китоби ҳам бор экан, қаранг! Бу китобни Саид Муборак 2011 йили келганларида, бу ерда ҳамма қариндошларимиз йиғилган ва шунда айтиб ўтгандилар. Ўша китобларни бу киши Мисрдан Олмаотага олиб келиб топширдилар. Шундан бери бу китоблар Олмаотада. Лекин айнан қаерда экани биз билмаймиз,- дейди Баҳодир Тарозий.

Шундан буён бу қўлёзмалар жамоатчиликка тақдим этилгани йўқ.

- Аслида бу бойлик, бу тарих - китоблар 3000 нусхами, қанчадир нусха китоб - қўлëзмалар барча туркий элларники. Қани эди энди ҳамма ўқиса, мутолаа қилса, - деб орзу қилади буюк Тарозийларнинг Тарозда яшаётган авлодларидан бир.

Тошкент метросида тўлиқ салом учун ёлғизланган меҳмон

Баҳодирхон Тарозий Ўзбекистондаги вазиятни ҳам мунатазам кузатиб бориши ва кўп ҳолларда ич-ичидан куйинишини айтади.

- Мен айтаяпманку¸ Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ, деганим учун атрофдаги одамлар қараб юборишган метрода. 10-15та одам бир-бирига қараб ҳам қўйишган дарров. Ундан кўра, "здравствуйте" деворсам ҳам бўлар экан, деб ўзингча ўйлайсан киши. Майли энди, демак сиëсат шунақа экан. Ўша сиëсатга боқар эканмиз, деймиз ўзимизча. Яъни, ўзбекистондагилар ҳар тарафлама қисилган ҳолатдада.

Озодлик: Бу ҳолатни ўзгартирса бўлармикин?

- Бўлади.

Озодлик: Қандай қилиб?

- Ўқисин кўпроқ (ўзбекистонлик мусулмонлар). Ўқиганда ҳам Пушкинни, Криловни ҳам ўқисин. Рус тилини билсин. Барибир ҳам руслар продвинутый дейдику. Нимага? Чунки, они демократичные - в лицо говорят. Бетга айтади. Бу нарсанинг ҳам рамкаси бор, албатта. Лекин, ўзбекларда черезчур бу нарса йўқ. Бетга айтиш йўқ.

Озодлик: Ҳақиқатни гапириш керак дейсизда!

- Албатта, ҳақ гапни юзга айтиш керак. Болаларни ҳам шу руҳда тарбия қилиш керак, - дейди Баҳодирхон Тарозий.

Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг!

Биз ўзбекистонлик мусулмонларга илм берган ва уларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган аҳли илмлар ҳақида имконимиз қадар хотирлашга ҳаракат қиляпмиз.

Шу вақтгача ҳикоя қилганимиз ўндан ортиқ ўзбек имомининг кўпчилиги ҳақидаги маълумотларни сиз азиз мушатрий кўмагида йиғдик ва бунинг учун сизлардан миннатдорлигимизни билдирамиз!

Саййид Абу Наср Мубашширхон Тарозий ҳақида тўплаганимиз бир ҳовучгина маълумотга қўшимчалар бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, марҳамат, бизга мурожаат қилинг!

Зеро, "Ўзбек имомлари" туркумидан олиб бораётганимиз лойиҳа бироз мушкуллиги, нодир маълумотларнинг озлигини инобатга олган ҳолда ҳар доим ёрдамингизга умид қиламиз.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG