Линклар

Муфтий Рамазон борасидаги асоссиз маълумотларга ишонмасликка чақирди


Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов.

Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов.

Ниқоб кийиб босқин уюштирган икки йигит узоқ йилга қамалди. Калтакларга чидолмаган келин ўзини осди. Алиментдан қарзи бор фуқаролар чет элга чиқарилмаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Калтакларга чидолмаган келин ўзини осди”

Эри ва қайнонасининг ҳақорат ва калтакларига чидолмаган Сайёра Ярашева ўз жонига қасд қилди (“Даракчи”, 26 июнь).

Бу ҳақда Бош прокуратура расмийси Алишер Шокиров маълум қилган. Воқеа қаерда ва қачон рўй бергани очиқланмаган.

Ошкор этилган тафсилотларга қараганда, Сайёра Ярашева қайнонаси Адиба Чориева ва эри Достон Чориев томонидан камситилиб келган. Тазйиқ ва калтаклар таъсирида нуқсонли фарзанд кўрган ва бола 3 ойлигида нобуд бўлган. Бу эса келинга кучли руҳий таъсир кўрсатган.

“Буни қарангки, шундай оғир дамда она-бола Сайёрага далда бўлиш ўрнига уни боланинг ўлимида айблаб, камситиб, калтаклаб, турли даражадаги тан жароҳатлари етказишди”, деб ёзади прокуратура расмийси А.Шокиров.

Оқибатда келинчак ўзини осган. Қайд этилишича, Достон Чориев озодликдан маҳрум этилган, қайнонага нисбатан эса амнистия акти қўлланилган.

“Вазир ўринбосари: Абитуриентдан биометрик паспорт талаб қилиш тўғри эмас!”

Олий таълим муассасасига ва таълимнинг магистратура босқичига кириш учун абитуриентлар ҳужжат топширишида биометрик паспорт талаб этиш тўғри эмас (“Адолат кўзгуси”, 26 июнь).

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов маълум қилган. Вазир ўринбосарига кўра, абитуриент ҳужжат топшираётганда амалдаги паспортини кўрсатиши кифоя.

Абитуриентлар орасида олий ўқув юртига ҳужжат топширишда биометрик паспорт талаб этилаётгани борасида хабарлар тарқалган эди.

“Ўзбекистон муфтийси асоссиз хабарларга эргашмасликка чақирди”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов мамлакат мусулмонларини Рамазон ибодатида ўзларича йўл тутмаслик, шошма-шошарлик билан асоссиз хабарларга эргашмасликка чақирди (“Оила даврасида”, 26 июнь).

Дин пешвосига кўра, Рамазон ойининг бошланиши ва якунланиши ҳамда Ҳайит куни санаси Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти билан ҳамкорликда аниқланган.

Муфтий Усмонхон Алимов, шунингдек, бу йилги закот нисоби 6 миллион 800 минг сўм, фидя миқдори 12 минг сўм ва фитр садақаси Тошкент шаҳри учун 2000 сўм эканини маълум қилган.

“Тошкентда ниқоб кийиб босқин уюштирган икки йигит маҳкамага тортилди”

Тошкентда ниқоб кийиб босқин уюштирган икки йигит маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 26 июнь).

Исми ошкор этилмаган икки йигит қора рангли ниқоб тутиб, ўйинчоқ пистолет билан қуролланиб Юнусобод туманидаги ҳовлилардан бирига босқин уюштиради.

Босқинчилар хонадон эгаларининг қўл-оёғини боғлаб, уларни калтаклаган ва катта миқдордаги мулкини ўғирлаб кетган. Қайд этилишича, 26 ёшлар атрофидаги икки йигит муқаддам уч марта судланган. Бу гал жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди уларни 21 ва 18 йилга озодликдан маҳрум этган.

“Алиментдан қарзи бор фуқаролар чет элга чиқарилмаяпти”

Тошкент шаҳри Ҳамза тумани бўйича 439 нафар фуқарога алиментдан қарзи борлиги сабабли Ўзбекистон Республикасидан чиқишига вақтинча чеклов қўйилган (“Инсон ва қонун”, 24 июнь).

Республика суд департаментининг Ҳамза тумани бўлими вакили Фурқат Отабековга кўра, туман бўйича алимент ундириш билан боғлиқ 1735 та ҳужжат ижросини кутмоқда.

Ижро иши юритувидаги ҳужжатларнинг катта қисми коммунал қарздорлик билан боғлиқ қарорлар экани қайд этилган. Бу борадаги ижро ҳужжатлари сони 19,5 мингдан ошади.

“Сертификатсиз радиоалоқа воситалари мусодара қилинади”

Ўзбекистон Электромагнит мослашув маркази республика ҳудудига рухсатномасиз ва сертификатсиз олиб кирилган, сотилаётган ёки ишлатилаётган радиоэлектрон алоқа воситалари мусодара этилишидан огоҳлантирди (“Ўзбекистон овози”, 26 июнь).

Радиоэлектрон алоқа воситалари сирасига узоқ масофали радиоузайтиргичлар, радиостанциялар ва бошқа воситалари киради. Электромагнит мослашув маркази радиоэлектрон алоқа воситаларини ушбу идора орқали расман рўйхатдан ўтказиш лозимлигини қайд этган.

“Шифокорлар хизматидан норозилар кимга мурожаат қилади?”

Оилавий поликлиника шифокорлари кўрсатаётган тиббий хизматдан норози бўлган фуқаролар биринчи навбатда шу муассаса бош шифокорига мурожаат қилиши керак (“XXI аср”, 26 июнь).

Самарқандлик Алишер Муҳаммадиевнинг саволига жавоб берган Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Зулхумор Раҳмонова агар бош шифокорнинг хулосаси ҳам қониқтирмаса, соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилишни тавсия этган.

Бошқарма вакили тиббиётдаги муаммолар бўйича ишонч телефони орқали ҳам хабар бериш мумкинлигини эслатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG