Линклар

Испанлар Қамчиқ довони йўлини вақтида битказа олмаяпти


Corsán-Corviam Қамчиқ довонидаги йўлнинг 64 километрлик қисмини қурмоқда.

Corsán-Corviam Қамчиқ довонидаги йўлнинг 64 километрлик қисмини қурмоқда.

Ўзбекистон пойтахтини Қирғизистоннинг Ўш шаҳри билан боғлайдиган А-373 автойўлининг Қамчиқ довони қисми қурилишида муаммолар пайдо бўлди. Осиё Тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган лойиҳани Испаниянинг Corsán-Corviam қурилиш ширкати амалга оширмоқда. Унинг техникавий назорати ва бошқаруви билан Жанубий Кореянинг Sambo Engineering компанияси шуғулланмоқда. Озодликка маълум бўлишича, шахсан президент Ислом Каримовнинг топшириғига кўра, 2014 йилнинг охирига қадар битиши керак бўлган йўл қурилиши номаълум муддатга кечикмоқда.

Қамчиқ довони орқали ўтадиган автойўл қурилишида муаммолар кузатилаётгани ҳақида Ўзбекистонга оид хос хабарлар сиздириладиган Замондош нашри эълон қилган “Европача сифат ўрнига испанча “кетмонқурилиш” мақоласида гап боради.

“Испанча” деганда мақола муаллифлари бу лойиҳанинг бевосита амалга оширилиши билан шуғулланаётган Испаниянинг Corsán-Corviam, S.A. ширкатини назарда тутган.

А-373 Тошкент-Ўш автойўлининг Қамчиқ довони қисмини қураётган испанлар, ҳақиқатан шартноманинг баъзи шартларини бузаётгани ва бунинг оқибатида, йўл қурилиши вақтида якунланиши савол остида қолаётганини Ўзбекистон молия вазирлигининг Йўл жамғармаси вакили ҳамда бу лойиҳанинг техникавий назорати билан шуғулланаётган Sambo Engineering Co.LTD ширкатига яқин манба Озодлик билан хос суҳбатда тасдиқлашди.

Молия вазирлигининг Йўл жамғармаси мутасаддиларидан бирининг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, гап Қамчиқ довонидаги йўлнинг 64 километрлик қисми ҳақида кетмоқда.

“Ҳақиқатан, Қамчиқ йўлини испанлар қуряпти. Улар баъзи шартларни бузгани ҳам рост. Ҳозир йўлни вақтида қруиб битказиш учун нафақат биз, ҳамма шу билан шуғулланмоқда. Бу ҳозир биз учун долзарб масала бўлиб турибди. Энди бу масала ҳал бўлади, деган умидлар бор”, дея таъкидлади Ўзбекистон Молия вазирлиги вакили.

Айтилишича, Испания ширкати йўлни қуриш ишларини, шартномада белгиланганидек, Жанубий Кореянинг Sambo Engineering компанияси билан техникавий жиҳатларини келишиб олмасдан амалга оширган ва бу билан йўл сифатини таъминалмаган.

Sambo Engineering ширкатига яқин манбанинг Озодликка айтишича, йўл қурилишида испанлар тарафидан жиддий қоидабузарлик бўлган. Натижада, йўлнинг белгиланган муддатда қуриб битказилиши шубҳа остида қолмоқда.

“Йўл шу йилнинг охирига қадар битиши керак эди. Қамчиқ довонидаги бу йўлни 2014 йил охиригача битказиш ҳақида Ўзбекистон президенти шахсан топшириқ берган. Лекин йўлнинг ҳозирда вақтида битишини ҳеч ким кафолатламаяпти. Йўлнинг сифати ва қачон битиши ҳақида бир нарса дейиш қийин, ҳозир. Лекин бир нарсани атйиш керак, масъулият тўлалигича Испаниянинг Corsán-Corviam ширкатида”, дейди Озодлик манбаси.

Sambo Engineering ширкатига яқин бу манбанинг яна айтишича, 64 километрлик йўлни қуришга доир лойиҳанинг умумий қиймати 211 миллион АҚШ долларига тенг.

Озодлик Corsán-Corviam ширкатининг Тошкентдаги ваколатхонаси мулозими Луис Ларроа билан телефон орқали боғланди.

Жаноб Ларроа бу иддаоларни бутунлай рад этиб, гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаётганини таъкидлади.

“Мен сизни тушунмаяпман, Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммоларимиз йўқ. Йўл қурилиши режага кўра, давом этмоқда”, дея иддао қилди Corsán-Corviam вакили.

Тошкент-Ўш автомобил йўлининг Қамчиқ довонидан ўтадиган қисми Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлаб турувчи ягона йўлак ўлароқ, стратегик аҳамиятга эгадир.

Ҳозирда Тошкент билан Фарғона водийси ўртасида Қамчиқ довони орқали темир йўл ҳам ўтказилмоқда.

Бу лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга бўлгани боис Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг шахсий назоратида экани айтилади.

Озодликка маълум бўлишича, шу кунларда президент Каримов Фарғона водийсига сафари давомида у ердаги автомагистраллар аҳволи билан танишишни режалаштирган ва шу сабабдан Ўзбекистон Молия вазирлиги Йўл жамғармаси раиси Жамол Шукуров ҳам Фарғонага кетган.

Йўл жамғармаси мутасаддисига кўра, Испаниянинг Corsán-Corviam ширкати Ўзбекистонда Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу йўналиши бйўича 787,5 километрлик А-380 автойўли қурилишида ҳам иштирок этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG