Линклар

26 июнь куни Фарғонага борган президент Ислом Каримов бу шаҳарда ўзи қурдирган иморатларни кўриб¸ ўз ташаббуси билан амалга оширилган йирик қурилиш объектларини очиб берган. 27 июнь куни сафарини Андижонда давом эттирган президент¸ авжи чиллада сувга эҳтиëжи ошиб бораëтган водийни суғорувчи асосий омбор – Андижон-Кампиробод сув омборини бориб кўрган.

"Эй, гўзал Фарғона янги кўйлагингдан айланай..."

Ислом Каримовнинг Фарғона сафари ҳақида кўтаринки мақола ëзган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги¸ президентнинг “Гўзал Фарғонанинг янги қиëфаси”ни кўриш¸ “жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида” Фарғонага борганини хабар қилди.

Расмий хабарда қайд этилишича¸ президент Фарғонадаги Санъат саройи ва Сув спорти мажмуасини очиб берган.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев¸ президентнинг бу гал водийга¸ анъанадан бир оз чекиниб¸ ҳоким алмаштириш эмас¸ балки ўзи қурдираëтган иншоотлардан баҳраманд бўлишга келганини қайд этади:

- Фарғона¸ Қўқон ва бошқа кўпгина шаҳарлардаги қайта қурилиш ишларига туртки берган¸ шу шаҳарларда қайта қуриш ишлари ташаббуси ҳам шахсан Каримовдан чиққан¸ дейилади. Афтидан¸ президент ўзи берган вазифанинг қандай бажарилганини кўриш учун келган.

Президент сафари арафасида Фарғона¸ Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги марказий бозорлар бузилиб¸ қайта қурилган ва бу минглаб долларга бу бозорлардан дўкон сотиб олган савдогарлар норозилигига сабаб бўлган эди.

Айни шунда¸ Каримовнинг Фарғонага келиши муносабати билан марказий йўл бўйидаги юзлаб ҳовлилар бузилиб¸ улар эгаларидан йўлдан бир неча метр орқароқ қилиб¸ икки қаватлик янги уй тиклаш талаб қилинган эди. Озодликка мурожаат қилган шундай уй эгаларидан айримлари¸ ҳокимият берган пулга ўз ëнларидан қўшиб¸ "Каримов йўли"га қараган фасадни амаллаб битирганлари¸ лекин фасад орқасининг бўм-бўш қолаëтганини билдирган эдилар.

Андижоним бордур маним...

Озодлик манбаларига кўра¸ 26 июнь куни Фарғонада шахсан ўзи учун қурилган “президент резиденция”сида тунаб қолган Ислом Каримов¸ 27 июнь куни водий бўйлаб сафарини Андижонда давом эттирган.

Норасмий маълумотларга кўра¸ Каримов ўзбек-қирғиз чегара ҳудуди¸ хусусан¸ ана шу ҳудудда жойлашган Андижон-Кампиробод сув омборига борган.

- Саратон ойи кириб¸ кунлар роса исишни бошлади. Қишлоқ хўжалигида сувга эҳтиëж энди бошланади. Вегетацион давр бошланиши ҳозир. Президент Кампиробод сув омборида тўпланадиган сув сатҳи ҳар йилги даражадами-йўқми¸ шуни кўриш¸ мутахассислар билан гаплашишга борган бўлиши керак¸ дея тахмин қилади фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

1978 йилда қурилган Андижон-Кампиробод сув омборига сув Қирғизистондан бошланадиган Қорадарëдан келади ва бу омбор ҳудуди Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлари олиб бораëтган ўзаро чегараларни аниқлаш музокараларидаги бош мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳозирча иккала томон муросавий ечим топа олмай келаëтган бу муаммо юзасидан Бишкек ҳукумати илгари сураëтган иддаолардан бири айнан Кампиробод сув омбори ҳудудининг аслида Қирғизистонга қарашли эканига оиддир.

Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш ва чегара ҳудудларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеровнинг айтишича, расмий Бишкек бу музокараларда энг долзарб бўлиб турган чегара муаммоларини ҳал этишни таклиф қилиб келмоқда:

- Биз Ўзбекистоннинг Сўх тумани атрофидаги чегарани тиконли симлар билан тўсиш, Кампиробод сув омбори ҳудудидаги чегарани аниқлаш ва Қирғизистоннинг Барак эксклавига йўл очиш масаласини кун тартибига киритишга ҳаракат қиламиз, деган эди Озодликка ўтган ой Қурбанбай Искандеров.

Ечимсиз қолаëтган чегара муаммолари¸ айни пайтда Ўзбекистоннинг 14 апрелдан бошлаб Ўшга газ беришни тўхтатганига жавобан Бишкек томони бу мавсумда Ўзбекистонга сув беришни кескин тўхтатишдан пўписа қилмоқда.

Ислом Каримовнинг чиллада айнан водийга¸ хусусан¸ Кампиробод сув омборига бориши¸ сув ва чегара муаммоларининг не чоғли жиддийлигини ўз кўзи билан кўриш мақсадини кўзлагани тахмин қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG