Линклар

Ўзбекистонликлар биометрик паспорт билан Россияга кириши мумкинми?


Ўзбекистоннинг янги биометрик паспорти.

Ўзбекистоннинг янги биометрик паспорти.

2015 йил 1 январдан бошлаб Россияга кириш хориж паспорти асосида бўлиши тўғрисида Россия ҳукумати қарори эълон қилинди. Озодликка келаётган аксар саволлар мана шу масалага қаратилган. Ўзбекистонда берилаётган янги биометрик паспорт билан 2015 йилда Россияга кириш мумкинми?

Россия кенгликларида меҳнат қилаётган бир қанча муҳлисларимиздан Озодликка тушган саволларда Россияда жорий қилинажак янги паспорт тартиби борасида қўшимча маълумот бериш сўралади.

“Бизда, ўзбекистонликларда, загранпаспортимиз йўқ-ку? 2015 йилдан бошлаб эса Россияга фақат загран билан киритилар экан? Биз нима қиламиз?”, деб ёзади тингловчиларимиздан бири.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган расмий маълумотга биноан, 2015 йилнинг 1 январидан Россия Федерациясига кириб бораётган МДҲ мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон фуқаролари, хориж паспортини тақдим этиши лозим.

Россия ҳукумати буни мамлакат чегарасини кесиб ўтиш тартибини ягона қолипга солиш ва миграция жараёнлари устидан назоратни кучайтириш зарурати билан изоҳлаб келмоқда.

“Эътибор қаратамизки, 2000 йилнинг 30 ноябрида ўзаро визасиз борди-келдилар тўғрисидаги давлатлараро шартномани имзоланган мамлакатлар фуқаролари учун Россия Федерациясига кириш ва чиқиш учун олдингидек виза талаб қилинмайди”, дея хабар қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги.

Таъкидлаш керакки, кўплаб МДҲ давлатларида алоҳида ички ва ташқи паспорт жорий қилинган.

Озодлик билан суҳбатлашган Калининград вилояти Федерал миграция хизматининг паспорт-виза бўлими ходимаси Юлия Борисова ҳар бир мамлакат “ички ва ташқи паспортларга эга бўлиш бўлмаслик масаласини мустақил равишда ҳал этади”, деди.

- Ҳафта бошида Россия Тожикистон фуқаролари учун ички паспорт билан кириш тартибини бекор қилди. Ўзбекистон масаласида ҳозирча алоҳида қарор қабул қилинмаган. Аммо ҳар бир давлат қайси паспорт билан фуқароларини ташқарига чиқаришга рухсат беришини ўзи ҳал этади,- деди Юлия Борисова.

Тошкент шаҳар туманларидан бирининг ОВИР ходими бу масалага ойдинлик киритиб, Россияга Ўзбекистонда берилаётган янги биометрик паспортлар билан бемалол кириб-чиқиш мумкинлиги айтди:

- Россияда иккита – ички ва хориж паспорти мавжуд, бизда эса битта. Ана ўша паспорт бизда иккаласининг вазифасини бажаради, - деди 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари берилаётган янги биометрик паспортлар билан Россияга бориши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик ишлари бўлими мутассадиси.

Айни пайтда, жорий қилинган янги паспорт тартиби Ўзбекистондан ташқари Озарбайжон, Молдова, Украина, Тожикистон давлатларига таалуқлидир. Божхона Иттифоқига қўшилиш истагини билдирган Арманистон ва Қирғизистон масаласида ҳозирча узил-кесил қарор қабул қилинганича йўқ.

Собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидан Россия биргина Грузия ва Болтиқбўйи мамлакатларига нисбатан виза режимини сақлаб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG