Линклар

28 июнь куни Тошкентда мустақил журналист Сид Янишев аҳоли орасида саросима уйғотувчи ахборотни тарқатишда айбланиб судланди ва юз минимал ойлик миқдорида жаримага тортилди. Ҳукмда унинг видеокамерасини давлат фойдасига мусодара қилиниши ҳам белгиланди.

Тошкентнинг Шайхонтохур тумани судида мустақил журналист Саид Абдураҳимов устидан маҳкама бўлиб ўтди.

28 июнь куни Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани жиноий ишлар бўйича суди Сид Янишев тахаллуси билан танилган ўзбекистонлик мустақил журналист Саид Абдураҳимовни юз минимал ойлик миқдорида жаримага тортиш ҳақида ҳукмни чиқарди.

Сид Янишев бугунги бўлиб ўтган маҳкама ҳақида Озодликка қуйидагиларни гапириб берди:

-Ҳозиргина суд якунланди. Менга юз минимал ойлик миқдорида жарима белгилашди. Бу таҳминан уч минг АҚШ долларига тенг. Бундан ташқари видеокамерамни давлат фойдасига мусодара этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Журналист айнан қайси материаллари билан "аҳоли орасида саросима уйғотувчи ахборот" тарқатагни эса суд жараёнидан сўнг ҳам номаълумлигича қолмоқда:

-Мен ҳали суд қарорини қўлимга олганим йўқ. Билишимча, менга аҳоли орасида саросима уйғотувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш айби қўйилмоқда, ҳозир аниқ айтолмайман, - деди Янишев.

Журналист 26 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига чақиртирилиб, сўроқ қилинганди.

Бунга унинг бир ой аввал Фарғона.ру сайтида босилган Тошкентдаги уйлар бузилиши ва уй эгаларининг ҳуқуқлари топталиши ҳақидаги мақоласи сабаб бўлган.

Милицияда Янишевга гўёки журналистнинг маҳалла ишига аралашувидан норози бўлган уй эгаларининг даста-даста ариза ва шикоятлари битилган қоғозларни кўрсатишган.

Сид Янишев ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини, адвокат ёллаб бугунги суд қарори юзасида юқори инстанцияга арз қилажагини айтди.

-Яқин кунларда бу қарор юзасидан апелляция аризасини топширамиз, - деди Янишев.

Фарғона.ру таҳририяти Янишев касбий фаолияти учун тазйиққа учраётганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат Конституцияси ва оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга амал қилишга чақирди.

2010 йилда Ўзбекистонда қолган оз сонли мустақил журналистлар прокуратурага чақиртирилиб, ёзган мақоласи юзасидан сўроққа тутилган. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлишганди.

- Янишевнинг милицияга чақирилиши ва у билан мулойим суҳбат Ўзбекистондаги бошқа мустақил журналистлар билан бўлган ҳодисани эслатади. Малик Бобоев, Елена Бондарларни шу йўл билан мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурлашганди, - дейди Даниил Кислов.

Лекин Сид Янишев таҳдидларга қарамай мамлакатдан чиқиб кетиш нияти йўқлигини айтади:

- Мени мамлакатимдан кетиш ниятим йўқ. Мен шу мамлакат патриотиман. Мени қўрқитишга ҳаракат қилишяпти, лекин қўрқитишолмайди, - дейди ўзбекистонлик мустақил журналист Сид Янишев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG