Линклар

Ироқ Россиядан сотиб олган учқичлар мамлакатга етиб келди


Россияда ишлаб чиқарилган СУ-25 учқичи.

Россияда ишлаб чиқарилган СУ-25 учқичи.

Ироқ ҳукумати Россияда ишлаб чиқарилган жанговар учқичларнинг биринчи партияси мамлакатга етиб келганини эълон қилди. Мазкур бешта учқич Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггариларига қарши олиб борилаётган урушда қўлланилиши кутилмоқда. Айни пайтда Ироқ ҳукумати кучларининг Тикрит шаҳрини қайта назоратга олиш йўлидаги уриниши ҳозирча натижа бергани йўқ.

Ироқ армияси Ҳаво кучлари қўмондони генерал Анвар Ҳамма Амин 28 июнь куни кечқурун Бағдод аэропортида Россиядан сотиб олинган учқичларнинг бештаси мамлакатга етиб келганини эълон қилди.

- Бизга, қўшинларимизни қўллаб-қувватлаш ва терроризмга қарши курашишга мўлжалланган Россиянинг Сухой (SU-25) учқичлари жуда зарур. Бу учқич тўрт кун ичида қўшинларимизни дастаклаш ҳамда Ироқ ва Шом Ислом давлати ташкилоти террорчиларига қарши жангларда қўлланилади, деди генерал Анвар Ҳамма Амин.

Ироқ армияси генерали жанговар учқичларнинг кейинги партияси яқин кунларда етиб келишини қўшимча қилди.

Ироқ ҳукумати қўлланилган бешта учқични Россия билан эришилган 500 миллион долларлик келишув доирасида сотиб олгани тахмин қилинмоқда.

Уч ҳафта олдин Ироқда кенг кўламли ҳужумлар бошлаган Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари мамлакатнинг шимол ва ғарбий минтақаларида катта ҳудудларни, жумладан, иккинчи йирик шаҳар ҳисобланган Мўсул, Тикрит ва бошқа шаҳарларни ҳам ишғол қилган.

Жанггарилар шаҳарларга ҳужум қилган пайтда Ироқ хавфсизлик кучлари чекинган ёки қочиб кетган.

АҚШ Ироқдаги ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва жанггариларга қарши курашда Ироқ хавфсизлик кучларига ёрдам бериш учун 300 га яқин ҳарбий маслаҳатчи ва одамсиз бошқариладиган учқичлар жўнатган.

29 июнь куни Ироқ ҳукумати Тикрит шаҳри қайта ҳукумат кучлари назоратига ўтганини билдирди. Бироқ жанггарилар Ироқ армияси қисмлари уюштирган ҳужумлар қайтарилганини иддао қилди.

Ассошиэйтед Пресс агентлигининг гувоҳларга таянган ҳолда хабар қилишича, жанггарилар ҳозир ҳам Тикрит шаҳри кўчаларида патруль назоратини амалга оширмоқда.

Ироқ ҳукумати кучлари, танклар ва вертолётлар мадади билан, Тикритни қайта назоратга олиш амалиётини 28 июнь куни бошлаган эди.

Шанба куни Бағдоддан 50 километр нарида жойлашган Журф ал-Саҳар шаҳрини жанггарилардан қайтариб олиш учун бошланган амалиёт пайтида шиддатли отишмалар рўй бергани хабар қилинди.

Шиа мазҳабидаги Ироқ Бош вазири Нурий Ал-Маликий миллий ярашувни рағбатлантириш ўрнига кўпчиликни ташкил қилган шиалар билан сунний араблар ва курдлар ўртасида мазҳаблараро зиддиятни кучайтириб юборганликда айбланмоқда.

Ироқда апрель ойида сайловлар ўтказилганидан бери барча гуруҳлар вакилларидан иборат янги ҳукумат тузиш борасида Нурий Ал-Маликийга босим кучаймоқда.

Ироқлик шиалар Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ал-Систоний шу ҳафтада сиёсий блокларни 1 июлга қадар янги бош вазир масаласида келишувга эришишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG