Линклар

Украина шарқида россияпараст айирмачилар уюштирган ҳужумлар натижасида ҳукумат кучларининг беш аскари нобуд бўлди. Украина ҳарбийларига кўра, ҳужумлар Донецк ва Луганск вилоятларида амалга оширилган. Айни пайтда айирмачилар қўлга олган ЕХҲТнинг тўрт ҳарбий кузатувчиси озод бўлди.

Украина хавфсизлик кучлари ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўт очишни тўхтатганига қарамай, сўнгги 24 соат ичида мамлакат шарқида беш аскар ҳалок бўлди, камида 17 нафари ярадор бўлди.

Украина ҳарбийларига кўра, уч аскар Донецк вилоятининг Славянск шаҳри яқинида йўлга ўрнатилган постга ҳужум қилинган пайтда ўлган.

Икки аскар Луганск вилоятида айирмачилар ҳарбий карвонга уюштирган ҳужумда ҳалок бўлган.

Томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бир ҳафта олдин эълон қилинганидан бери тартиб кўп марта бузилди.

27 июнь куни Украина Президенти Петро Порошенко оташкесим муддатини 30 июнгача узайтирган.

Ўт очишни тўхтатиш Порошенко ўтган ҳафта эълон қилган тинчлик режасининг бир қисми ҳисобланади.

28 июнь куни айирмачилар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг 29 май куни ҳибсга олган саккиз нафар ҳарбий кузатувчисидан тўрт нафарини озод қилди. Бошқа тўрт кузатувчи олдинроқ қўйиб юборилган эди.

ЕХҲТнинг Шарқий Украинадаги юқори лавозимли воситачиси Марк Этерингтон мамлакатда тинчлик ва барқарорликни қайта тиклашда ёрдам бериш “муҳим” бўлган паллада ЕХҲТ кузатувчиларининг иши “чекланиб қолгани”ни таъкидлади.

27 июнь куни Брюсселда Европа Иттифоқи (ЕИ) лидерлари Россиядан Украинадаги вазиятни юмшатиш учун кўраётган чоралардан бири сифатида ЕХҲТ кузатувчилари озод қилиниши талабини илгари сурган эди.

29 июнь куни Украина Президенти Петро Порошенко ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида бўлиши режаланган телефон мулоқотида Германия Канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Франсуа Олланд ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Бу сўнгги тўрт кун ичида ўтказилаётган иккинчи телеконференциядир.

Телемулоқот ўтказиш 27 июнь куни Украина Брюсселда Европа Иттифоқи билан ассоциация битимининг иқтисодий қисми ҳақидаги тарихий шартнома имзолаган пайтда режаланган.

XS
SM
MD
LG