Линклар

Ажиотаж Самарқандга кўчди: Шакар 2 ҳафтада 100 фоизга қимматлади


Одамлар 2 минг 800 сўмлик арзон нархдаги шакарни олиш учун Қўйлиқ бозорида навбат кутмоқда.

Одамлар 2 минг 800 сўмлик арзон нархдаги шакарни олиш учун Қўйлиқ бозорида навбат кутмоқда.

Самарқанддаги дўкон ва бозорларда шакар нархи икки ҳафта ичида 100 фоизга кўтарилди. Июнь ойи ўрталарига қадар 2800-3000 сўмдан сотилган шакарнинг бир килосини шу кунда 5500-6000 сўмдан олиш мумкин. Ғарқ пишиқчилик пайтида шакарнинг ошиши Самарқанд бозорларида мевалар нархининг кескин тушишига ҳам олиб келди.

29 июнь куни Самарқанд шаҳрининг Сиёб бозорида шакарнинг улгуржи нархи 5400-5500 сўмдан кам бўлмади. Давлат белгилаган арзон нархдаги шакар эса пештахталардан ғойиб бўлди.

Самарқандлик мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг айтишича, икки ҳафта муқаддам бир килограмм шакар 2800 сўмдан сотилаётган эди.

- Шу июннинг бошларида мен ўзим 2800 сўмдан олиб келдим, бир қоп шакар. Шу рўзғорга, мураббога. Мана ҳозир шу кунда 6 минг сўмгача сотилаяпти. Бугун айланиб, дўконларни қараб чиқдим. 5 минг 400 дан камига шакар йўқ, - дейди журналист.

Самарқанддаги валюта қора бозорлари курсида ўгирилса, вилоятда бир кило шакар нархи 2 АҚШ долларига кўтарилди, демак.

Интернетдаги блогида шакар муаммосини кўтарган маҳаллий журналистнинг айтишича, самарқандлик тадбиркорларга бу "ошди-ошди" сабаблари қоронғу.

Аммо, улгуржа савдо билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорлар орасида бир неча версиялар юрибди.

- Мен бозорлар, дўконларда бўлдим ва улгуржа савдо қиладиганлардан сўрадим сабабини. Бировлари айтаяптики, Украинадаги воқеалардан кейин Ўзбекистонга хомашё келиши тўхтаб қолган, деб. Яна бировларга Хоразмдаги шакар заводи ишламай қолди, дейишган. Хуллас, булар ҳаммаси тадбиркорлар оғзидаги гаплар, холос. Асл сабаблар қоронғу, - дейди самарқандлик мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.

Батафсил Тошпулат Раҳматуллаевнинг ўзидан эшитинг:

Нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистоннинг аксар вилоятларидаги бозорларда 2800-3200 сўмдан сотилган шакар нархи май ойи охирларидан бошлаб қимматлай бошлади.

Шу кунларда Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида бир килограм шакар 8-9 минг сўмгача қимматлади.

Натижада, Тошкент дўконларида сотилаëтган бир килограмм шакар нархи шу кунларда Хитой ва Украинадаги нархдан бир баробар, Россиядаги нархдан эса ярим баробарга қимматдир.

Сўнгги икки ҳафта ичида мамлакатда шакар нархи кескин ошиб кетгани хусусида Ўзбекистон расмийлари бирор изоҳ бермади.

Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш бўйича монопол корхона ҳисобланган “Хоразм шакар” заводи раҳбарияти Озодлик билан суҳбатда шакарга давлат белгиланган нарх ўзгармагани, корхона эса одатдаги тартибда ишлаётганини айтди.

Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган шакарнинг ярми четдан хомашё сифатида, ярми тайёр маҳсулот сифатида олиб келинади ва шакарга бўлган бир йиллик эҳтиёж 700 минг тоннани ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозир Ангрен махсус индустриал ҳудудида қурилаётган шакар заводи ишга туширилса, 2016 йилдан бошлаб хориждан шакар келтиришни бутунлай тўхтатиши мумкинлигини айтган.

Расмий хабарга кўра, Ангрендаги завод суткасига 1000 тонна шакар ишлаб чиқаришга мўлжаллаб қурилмоқда.

Лекин, МДҲ маконида шакар бозоридаги аҳволни кузатадиган Россиядаги Sugar Monitoring маркази Ўзбекистонда шакар нархининг ошиши сунъий ташкил қилинган жараён экани ҳақида хулоса берган.

Sugar Monitoring таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистонда шакар бизнеси президент маъмуриятига яқин бир ҳовуч одамларнинг қўлида, бозорда шакар оқимини шу гуруҳ назорат қилади ва шакар нархини ҳам шу гуруҳ сунъий равишда белгилайди.

Бироқ, шакар ва шу каби бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларига монополия ўрнатилгани ҳақидаги хулосаларни ўзбек расмийлари инкор қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG