Линклар

Украина, Россия, Германия ва Франция раҳбарлари Донбассдаги вазиятни муҳокама қилди


Украина президенти Петро Порошенко (суратда) Россия, Германия ва Франция лидерлари билан 30 июнь куни яна бир суҳбат ўтказмоқчи.

Украина президенти Петро Порошенко (суратда) Россия, Германия ва Франция лидерлари билан 30 июнь куни яна бир суҳбат ўтказмоқчи.

Украина, Россия, Германия ва Франция лидерлари Петро Порошенко, Владимир Путин, Ангела Меркель ва Франсуа Олланд кеча тўрт томонлама телефон мулоқоти чоғида Донбассдаги тинчлик режаси амалга оширилишини муҳокама қилдилар.

Порошенко Путинни Украина ҳудудига қуролли шахслар, қурол-аслаҳа ва техника киришига чек қўйиш учун Россия-Украина чегарасида назоратни кучайтиришга чақирди.

Кремль баёнотига кўра эса, ЕИ ва Россия лидерлари Порошенкони 30 июндан кейин ҳам Украина шарқида оташкесимни давом эттиришга даъват этганлар.

Порошенко Путин, Олланд ва Меркель билан бугун, яъни 30 июнь куни ҳам яна бир марта телефон суҳбати ўтказмоқчи. Бунга шарқий Украинада тўқнашувлар қайталанганига оид хабарлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Порошенко томонидан 30 июнга қадар оташкесим тартиби жорий этилганига қарамай, мамлакат шарқида жанговар ҳаракатлар давом этаётгани минглаб украиналикларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Кеча Киев Майдонида йиғилган фаоллар Украина президенти Петро Порошенкодан оташкесимни тўхтатишни талаб қилдилар ва агар бу талаб бажарилмайдиган бўлса, якшанба кунги Народное вече сўнгги тинч тадбир бўлиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирдилар.

Намойишчилар Украина президентидан мамлакат шарқида ҳарбий ҳолат эълон қилишни, “террорчилар”га қарши жанг қилаётган кўнгиллилар батальонларига етарлича қурол-аслаҳа бериш ҳамда армия қисмлари олиб бораётган амалиётларда иштирок этаётган ҳарбийларга ижтимоий кафолатлар берилишини ҳам талаб қилдилар.

Ундан олдин Украина ҳарбийлари мамлакат шарқида оташкесим жорий қилинганига қарамай, сўнгги 24 соат ичида беш аскар ҳалок бўлгани, камида 17 нафари ярадор бўлганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG