Линклар

Рамазон ойининг биринчи кунида Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари ўзлари эгаллаб олган ҳудудда теократик давлат – халифалик тузилганини эълон қилдилар. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига ИШИД вакили Абу Муҳаммад ал-Аднаний билдирган.

“Ироқ ва Шом ислом давлати Шўъро мажлисида Исломий халифалик таъсис этиш ва Абу Бакр ал-Бағдодийни халифа этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади унинг баёнотида.

Маълумотларга кўра, ал-Бағдодий амиралмуслимийн лавозимини эгаллаш бўйича Шўъро мажлиси таклифини қабул қилган.

Бу орада Ироқ кучлари ИШИД жанггарилари томонидан эгаллаб олинган Тикрит шаҳрига ҳужумни давом эттирганлар.

Маълумотларга кўра, кеча Ироқ армияси вертолётлари сунний жанггарилар эгаллаган позицияларни нишонга олган.

Ироқ армияси ҳужумининг иккинчи кунида Тикрит шаҳрининг турли мавзеларида Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари билан ҳукумат кучлари ўртасида отишмалар рўй берган.

Уч ҳафта олдин ҳужум бошлаган Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари Ироқнинг шимол ва ғарбий минтақаларида катта ҳудудларни босиб олган.

XS
SM
MD
LG