Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:06

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Бишкекка киритилмади


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Европа сафари олдидан Қирғизистондаги ҳамкасблари билан учрашиш учун 29 июнь оқшомида Тошкентдан Бишкекка учиб келган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова мамлакат ичига қўйилмади.

Бу ҳақда Озодликка айни пайтда Истанбулда бўлган ҳуқуқ фаолининг ўзи маълум қилди.

- Мен Бишкекка халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувга боришим керак эди. “Қирғизистонда мени ушлаб қолишлари мумкин” деган ёки уларнинг қора рўйхатига киритилганим тўғрисида менда ҳеч қанақа шубҳа-гумон йўқ эди. Борсам, паспорт текширадиган жойда мени тўхтатиб, “сиз бу ёққа юринг”, дейишди. Шунақа бир қўрқинчлики, бошқа одам бўлса, ўзини ташлаб юборган бўларди. Мен эса бунақа ўйинларга ўрганиб қолганман. Бурчакка обориб қўйиб, на сувга чиқаради, на ҳожатга, на гапирсангиз, жавоб беради... Шунақа бир қўпол муомалада бўлишди, - дер экан Васила Иноятова “Манас” аэропортидаги қирғиз расмийлари уни бирор жўяли изоҳ бермасдан тўрт соат тутиб турганларини айтади.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, шундан сўнг у телефон орқали Бишкекдаги халқаро ташкилотлар вакиллари билан боғланишга муваффақ бўлган. Тунги соат 3 ларда у тутиб турилган “Манас” аэропортига Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Алисон Гилл етиб келган.

Қирғиз хавфсизлик хизмати ходимлари билан анча тортишган Гилл хоним Васила Иноятованинг ёнига кириб, у билан суҳбатлашган ва ҳатто тошкентлик ҳуқуқ фаолига Бишкек-Истанбул-Париж йўналиши бўйлаб учоқ чиптасини олиб берган.

Бироқ, Васила Иноятованинг айтишича, Ҳюман Райтс Уотч вакиласи кетганидан сўнг қирғиз расмийлари яна тўнини тескари кийиб олишган.

- Алисон Гилл кетганидан кейин мени чақиришди. “Қирғизистонда сизга “нон грат персон” деб эълон қилинган, чунки сиз Қирғизистондаги барқарорликни бузишга ҳаракат қилгансиз, сиз миллатлар ўртасида низо чиқишига сабаб бўладиган ҳолатларни келтириб чиқаргансиз ва сиз билан ҳозир тегишли идоралар гаплашади. Сизни ҳозир ҳеч қаёққа кетказмаймиз”, дейишди. Хуллас, мени яна икки соатча – соат бешгача олиб ўтиришди. Телефонимни кавлай бошлаганимдан кейин улар ҳам: “Ҳозир яна шум-гам бўлиши мумкин, жўнатвора қолгин” деганди, шериги: “у одамнинг билетини аннулировать қилдик-ку, энди қандай қилиб жўнатамиз?” деса, “ўзига олдирларинг”, деди. Кейин: “Ҳозир сени жўнатворсак, ўзинг ололасанми?” дейишувди, “ҳа, ололаман”, дедим. Хуллас, ўзимнинг пулимга олдим (билетни) ва ҳозир мана Истанбул аэропортига келиб ўтирибман, - дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтмаганини навбатдаги Бишкек-Тошкент рейси фақат чоршанба оқшомида бўлиши, у эса икки кундан кейин Венадаги бир тадбирда қатнашиши лозимлиги айтиб, шунинг учун ҳам Истанбулга учиб кета берганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова 2010 йили Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеаларга фаол фуқаролик позициясидан туриб ёндошган, хусусан, 2011 йилнинг июнь ойида ўз ҳамкасблари билан бирга Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасини пикет қилганди.

Қирғизистонга хорижлик ҳуқуқ фаолларининг исталмаган шахс сифатида киритилмай қўйиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Аввалги президент Қурмонбек Бакиев даврида қирғиз расмийлари Норвегиядаги Хельсинки Қўмитасининг Марказий Осиё бўйича вакили Ивар Дале, “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази фаоллари Виталий Пономарёв ва Баҳром Ҳамроев, тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Нигина Баҳриевани номақбул шахс ўлароқ мамлакатга киритмагандилар.

Айни пайтда ўзлари истамаган хорижлик фаолларни мамлакатга киритмаслик амалиёти ўзбек расмийларида ҳам бор. Улар орасида ўтган йилнинг июнь ойида Тошкентга киритилмаган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова воқеасини эслаш кифоя.

XS
SM
MD
LG