Линклар

logo-print

Москвадан Тошкентга Газелда йўлга чиқдим.

Газель эгасининг праваси йўқ экан. Танишлардан суриштириб, шофёр топди. Хуллас, жонажон Ўзбекистон томон йўлга чиқдик.

20 ўриндиққа 16 одам ўтириб, мазза қилиб кетардик.

Бир кун ўтиб, чегарага етиб келдик. Чегарагача йўлдан олган шофёр миниб келди. Чегарада 2 та автобус навбатда турарди. Бироз вақт ўтиб, орқамиздан яна бир автобус келди.

Ҳаммамиз машинадан тушдик. Чегара очилмаган экан.

Автобусда келаётганлар билан танишиб гаплашиб турдик.

Орқамиздан келган автобусда 160 одам бор экан, 34 соатда етиб келадиган чегарага 4 кунда етиб келишибди. Уларни йўлда ФМС тўсиб, 6 нафарини депорт қилибди.

Кўп ўтмай чегара очилди, 2 соатдан кейин бизга навбат келди.

Шу орада автобусдан 3 киши бизнинг машинага ўтиришди. Пуллари тугаб бўлган. Йўлкирани Тошкентда беришга келишишди шофёр билан.

Ниҳоят, чегарага кира бошладик. Юкларимиз машинада қолди. Ҳаммамиз текширувдан ўтиб бўлдик, юкларимизни эса туширишмади, яъни текширишмади ҳам.

Қозоғистонга киришда ҳам муаммо бўлмади. Чегарадан ўтишимиз билан шофёрлар алмашди.

Правасиз шофёр бемалол машинани ҳайдаб кетарди. Йўлда бир неча маротаба ГАИ тўхтатди. Уларга документ кўрсатиш керак эмас экан, уларга 500 танга етади экан.

Икки кун ўтиб, Тошкент чегарасига етиб келдик. Чегарага яқин уйга кириб тўхтадик. У ерда бир қозоқ йигит: “500 рублга қозоқ чегарасидан олиб ўтиб қўяман”, деди. Ҳамма бир соатча тортишди-да, охири 300 рублдан беришди. Мен ўзим қолдим. Кейин шериклардан ажралгим келмади, қозоқ бола билан ўзим гаплашиб, 100 рублга кўндирдим.

Чегарага кира бошладик. Эрта сахар эди. Узундан-узун навбатнинг боши кўринмасди. Қозоқ бола ҳаммамизни йиғди. Навбат кутмаслик учун энди 10000 сўм сўрашди. Жаҳлим чиқди, тескари қараб туравердим. Шоввоз пулни йиғиб олди.

Одамларга ҳам ҳайрон қолдим, пул деса бераверишди. Қозоқ бола ичкаридаги мелисалар билан гаплашди. Ва бизни навбат охиридаги, яъни ёнимиздаги хонага олиб кириб кетди. Шу кетишда навбатда турганларнинг бошидан чиқдик.

Ўзбекистон чегарасигача кузатиб қўйишди. Агар навбатда турганимизда, 3 соатларда навбат келарди.

Ўзбекистон чегарасига кира бошладик. У ерда пул ҳақида оғиз ҳам очиб бўлмас экан. Хуллас, тушундимки, бизнинг чегара бошқа давлатларни чегарасидан анчагина кучли экан.

Йўловчи Зафар

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG