Линклар

logo-print

Ўшда “Маҳмудийлик” оқими пайдо бўлганини унинг асосчиси, дейилган имом инкор этди


Маълум бўлишича, Маҳмуджон қорининг фаолиятини шу кунда Қирғизистон мусулмонлари идораси ҳам ўрганмоқда.

Маълум бўлишича, Маҳмуджон қорининг фаолиятини шу кунда Қирғизистон мусулмонлари идораси ҳам ўрганмоқда.

Қирғизистонда 33 та оқимга мансуб бўлган 2435 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Суд қарори билан 13 та ташкилот террористик ва экстремистик, деб тан олиниб, фаолияти тўхтатилган.

Бу маълумотни Озодлик билан қирғизистонлик эксперт, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш масалалари бўйича мутахассис, Ислом маданияти илмий тадқиқот маркази раҳбари Бегижон Аҳмедов ўртоқлашди.

Ўшдан олинган хабарларга қараганда, Қирғизистонда 34- оқим пайдо бўлганга ўхшайди.

Бироқ янги оқим асосчиси деб аталаётган ўшлик имом ўзи билан боғлиқ гап-сўзларни рад этди.

Қирғизистонлик тингловчиларимиздан бири ўтган ҳафтада Ўшда “Маҳмудийлик”, деб аталадиган янги исломий оқим пайдо бўлиб қолгани тўғрисида хабар берар экан, бу оқимга эргашувчилар “қимиз ва от гўштини ҳаром, деб билишлари, исломий олимларга менсимай қараётганлари”, тўғрисида ёзди.

Қирғизистоннинг собиқ қозиси, ислом олими Содиқжон ҳожи Камолиддиннинг айтишича, Ўшда чиндан ҳам “маҳмудийлар” деган атама пайдо бўлган.

- “Маҳмудийлар”, деган сўз яқинда, бир ойча олдин пайдо бўлди. Ўшда Маҳмуджон қори деган бир имомимиз бор. Мусулмонларни баъзи шубҳаларга, ҳар-хил ўйларга солиб қўядиган, ёки уларни иккиланишларга олиб борадиган сўзлар чиқиб туради у кишидан, деди Содиқжон ҳожи Камолиддин.

Фикрининг далили сифатида Содиқжон ҳожи мусулмонлар шу пайтгача ҳалол, деб келган баъзи маҳсулотларни Маҳмуджон қори ҳаром, деб эълон қилганини эслади.

- Илгари Маҳмуджон қори “қимиз ҳаром, от гўшти ҳаром”, деб юборган, бу гап шаҳар мусулмонлари ичида анча гап-сўз бўлган, масала ҳатто республика даражасига чиққан, кейин тинчиган эди, деди Содиқжон ҳожи Камолиддин.

Маълум бўлишича, Маҳмуджон қорининг фаолиятини шу кунда Қирғизистон мусулмонлари идораси ҳам ўрганмоқда.

Содиқжон ҳожи Камолиддин ўтган ҳафтанинг охирида саволларимизга жавоб берар экан, мана бу гапни хабар қилди:

- Икки кунгина бўлди, муфтиятдан менга мурожаат қилишди. Маҳмуджон қори тўғрисида фикримни сўрашди. Баъзи масалаларда у муфтият билан, вилоят ва шаҳар қозилари билан келишилмаган ҳолда ўзича мустақил масала қилиб юбораётгани, унга эргашганлар ўзларини “маҳмудий”, деб атаётгани, баъзи ҳолларда бунга ўзи ҳам қандайдир туртки бераётгани тўғрисида маълумотлар борлигидан ташвиш билдиришди, деди Содиқжон ҳожи Камолиддин.

Суҳбатдошимиздан Маҳмуджон қорининг илмини сифатлаб беришни илтимос қилдик.

- Маҳмуджон қорининг илми ўртача савияда. Араб тилидаги китобларни бемалол мутолаа қилиб, таржима қила оладиган даражада эмас. Афсуски, баъзи хом гапларни айтиб, мусулмонлар орасида ҳар-хил гапларни пайдо қилиб юрган йигитлардан. Бу кишининг сўзлари ҳужжат бўладиган, асос бўла оладиган сўзлар эмас, деди Қирғизистоннинг собиқ қозиси, ислом олими Содиқжон ҳожи Камолиддин.

Озодлик Маҳмуджон қорининг ўзи билан ҳам боғланди.

“Маҳмудийлик” нима эканлигига қизиқиб, Маҳмуджон қорига мурожаат қилган ёлғиз биз эмас, шекилли, у киши саволларимизга истамайгина жавоб қилди. Қисқа жавобларининг ҳаммаси йиғилса, мана бу гап ҳосил бўлади:

- “Маҳмудийлар” деган гап йўқ. Просто, менга мухлис бўлганларни маҳмудийларнинг мухлиси, дейишади, холос. “Маҳмуднинг мухлиси”, дейиш ўрнига “маҳмудий”, деб қўйишади. Оқим эмас бу. Аҳли сунна вал жамоа, Ҳанафий мазҳабидаман. Қавмга айтадиган гапларимнинг бошқа имомлар айтадигандан ҳеч қандай фарқи йўқ. Мен агар қимизни ҳаром деган бўлсам, бундан катта гапларни гапирганлар бор. Десам нима бўпти?! Ароқни ҳалол, дейдиганлар бор... деди Маҳмуджон қори.

Афтидан, Ўшда “маҳмудийлар” оқими мавжудлиги, унинг хавфли эканлиги тўғрисида гапиришга асослар ўта жиддий эмасга ўхшайди. Ҳар ҳолда бундай оқим тўғрисида қирғизистонлик эксперт, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш масалалари бўйича мутахассис, Ислом маданияти илмий тадқиқот маркази раҳбари Бегижон Аҳмедовнинг хабари йўқлиги маълум бўлди.

- Қирғизистонда 33 та оқимга мансуб бўлган 2435 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улар орасида суд қарори билан 13 та ташкилот террористик ва экстремистик, деб тан олиниб, фаолияти тўхтатилган. Тақиқланган ташкилотларнинг 10 таси Ислом дини ниқоби остида тузилган бўлса, Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати ва Курд конгресси каби ташкилотлар сепаратистик ва миллий йўналишдаги террорчи ташкилотлар сифатида фаолияти тақиқланган. Шунингдек, Мун черкови тақиқланган. “Маҳмудия", деган оқим борлигини мен биринчи марта сиздан эшитиб турибман, деди эксперт.

“Маҳмудийлик” оқими асосчиси, деб нисбат берилаётган Маҳмуджон қори, шу пайтгача Ўш шаҳрининг Ўнадир мавзесидаги масжидда имомлик қилиб келгани айтилган эди.

Маҳмуджон қорининг ўзи шу кунда ҳеч қайси масжидда ишламаётгани айтди:

- Мен ҳозир отпускадаман, деди Маҳмуджон қори.

Ўтган ҳафтада (25 июнь куни) Қирғизистон Президенти Атамбаев Республика Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари Ўрўзбек Мўлдалиевни қабул қилди.

Мўлдалиевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, Президент билан урашувда давлатнинг диний соҳадаги сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган Мудофаа кенгаши қарорини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG