Линклар

Қорақалпоғистоннинг Қанликўл туманида буғдой режасини бажаролмаётган фермерларнинг автомобили тортиб олинмоқда. Исмини сир сақлаган 32 яшар фермерга кўра, у яшайдиган Киндикўзек жамоа хўжалигида 3 фермернинг автомобили олиб қўйилган. Босим остида режани бажаришга мажбурланаётган фермерларнинг шахсий мулки нима асосда олинаётганини туман мутасаддилари изоҳламади.

Қорақалпоғистоннинг Қанликўл туманидан Озодликка боғланган собиқ фермер буғдой режасини бажаролмаслиги кўриниб қолган фермерларнинг автомобиллари тортиб олинаётганини хабар қилди.

Ўзини Отаниёз, деб таништирган собиқ фермерга кўра, у яшайдиган Киндикўзек жамоа хўжалигида 3 фермернинг автомобили олиб қўйилган.

"Биттасининг Нексияси, яна биттасининг Дамасини олиб қўйишди. Бирига 30 тонна, яна бирига 60 тонна буғдой етмаяпти режани бажариш учун. Яна бугун айтишдики, уйидаги мол-холларини ҳам ҳисобини олишаётган эмиш. Бечора фермерлар энди шу қолган буғдойни топиш учун югуриб юрибди", деди киндикўзеклик фермер.

Озодлик мухбири собиқ фермер кўмагида Нексияси олиб қўйилган фермер билан боғланди.

Исмини сир сақлаётганимиз 32 яшар фермер хабарни тасдиқлар экан, қисқа фурсатда машинасини қайтиб олишга умид қилаётганини айтди.

"Бизга 30 тонна етмаган эди, олиб бориб топширдик. Режани бажардик, энди машинамизни берар", дея умид билдирди киндикўзеклик фермер.

Босим остида топиширилган қўшимча 30 тонна буғдой қаердан олингани ҳақидаги саволларга фермер очиқ жавоб бермади:

"Топширдикда, планни бажар дейишди, бажардик", дейди 8 йилдан буён ғалла экаётган киндикўзеклик фермер.

Унинг машинасини олиб қўйилишига масъул Қанликўл туман прокуратурасидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Тумандаги Суд қарорларни ижро этиш департаментининг ўзини таништирмаган ходими: "Фермерларнинг машиналари билан боғлиқ масалани ҳокимнинг замидан (ўринбосаридан- Таҳр.) сўраш керак", деди.

Қанликўл туман ҳокимининг Қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Омон Селиханов Озодлик мухбирининг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирди.

- Мен пахтадаманку ҳозир. У ғалла билан прокуратура шуғулланаяпти.

Озодлик: Фермерларнинг шахсий мулки нима асосда олиб қўйилаяпти?

- Мен билмайман буни, прокуратурадан сўранг!

Озодлик: Сиз ҳокимиятнинг Қанликўл тумани қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул ходимисиз, сиз билмасангиз ким билади?

- Прокуратурага чиқинг, мен билмайман,- деди Омон Селиханов Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда. Прокуратурадан эса Озодлик саволларига жавоб ололмади.

Қорақалпоғистонлик бошқа бир фермер - ери ва мулки тортиб олинган Олим Эшмуродов ҳуқуқларини 5 йилдан буён ҳимоя қилаётган адвокат Рустам Қорабоев режани бажармагани учун фермер мулки олинишига илк бор гувоҳ бўлаётганини айтади.

- Прокуратура, милицияга чақириб, қўрқитганинига гувоҳ бўлганмиз. Лекин режани бажармадинг, деб машинасини олиб қўйганини эшитмаган эдим. Мен 5 ярим йилдан бери ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Олим Эшмуродовни ҳам трактори, сув насосларини олиб қўйишган эди. Лекин сохта ҳужжат қилиб олишган ва мана ҳозир, талон-тарож қилинган аҳволда ётибди,- дейди Рустам Қорабоев.

Адвокат кузатувича, Қорақалпоғистонда фермерларнинг белини синдирадиган босим бажарилган режа устига бериладиган қўшимча режадир.

Лекин Отаниёз фермернинг айтишича, бу йил сув танқис бўлгани боис ҳам буғдойни вақтида суғоришнинг имкони бўлмаган ва натижада, суғориладиган майдонлардаги буғдой ҳосили қарийб ярим барорбарга камайган.

"Энг зарил бўлган 1-2 сувни вақтида беролмадикда. Ўшандаёқ ҳосил ўлган. 1 ҳафтача олдин буғдой ўрим бошланди, мана энди сув келаяпти, кимга керак энди?! Фермерлар жуда оғир аҳволда қолдида. Ҳеч ким: "Ҳа сув бўлмаса, фермер нима қилсин?" демайди. Режани бажар, режани бажар. Мен шунинг учун ўтган йили йиғиштирдим. Ол-эй, ер-перингниям дедим-қўйдим", дея хуноби чиқди Отаниёз фермернинг.

Ўзбекистоннинг турли вилоятларида шу кунларда буғдой ўрими бормоқда. Қорақалпоғистонлик фермерлар аксар суғориладиган ҳудудларида бу йилги буғдой ҳосилининг озлигига сувнинг камлиги сабаб бўлганини айтмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларида лалми майдонларда етиштирилган буғдой ҳосили ҳам бу йил гектарига 6-7 центнердан тўғри келаётгани айтилмоқда. Бу кўрсаткич одатдагидан қарийб 30-35 фоизга оздир.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари бу йил лалми майдонларда ғалла ҳосили аввалги йилларга нисбатан камайганини тан олган.

Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистонда 1 миллион 420 минг гектар майдонда ғалла етиштирилади.

Бу йил Ўзбекистонда 2 миллион 824 минг тонна ғалла ҳосили олиш режалаштирилган. Ҳосилнинг қарийб 310 минг тоннасини уруғлик ғалла ташкил этади.

Озодликка Навоий вилоятидан ҳам режани бажара олмаган фермерларнинг машиналари тортиб олинаётгани ҳақида хабарлар келди. Лекин ҳозирча бу хабарни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG