Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

Урганч бозоридаги ёнғинда 25 та дўкон ёниб, кул бўлди


Урганч савдо буюм комплексининг ёнғиндан кейинги кўриниши.
Урганч савдо буюм комплексининг ёнғиндан кейинги кўриниши.

28 июнь куни кечаси соат 11лар атрофида Хоразм вилоятидаги Урганч буюм савдо комплексида содир бўлган ёнғинда 25 та дўкон ёниб кул бўлди. Озодлик манбаларига кўра, ҳозирча ёнғин сабаблари маълум эмас, айни пайтда дўконларга қасддан ўт қўйилган деган тахмин ҳам ўрганилмоқда.

Урганч тумани марказида жойлашган Урганч буюм савдо комплексидаги ёнғин ўтган шанба куни тахминан кечки соат 11ларда бошланган.

Хоразмликлар “Урганч райцентр бозори” дея атайдиган ушбу комплексдаги ёнғин оқибатида 25та дўкон бутунлай ёниб кетган.

Бу ҳақда Озодликнинг Урганчдаги манбаси хабар қилди:

“Мен райцентр бозори яқинида яшайман. Жуда катта ёнғин бўлди. 5-6 та пожарний машина келди. Бир соатда ҳаракат қилиб, зўрға ўчиришди. Ҳамма ёқни резина ҳиди босиб кетди. Бозорнинг ўртасидаги дўконлар ёнди”, дейди воқеа тафсилотларидан хабардор урганчлик манба.

Урганч буюм бозорида ëнғин
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:06 0:00

Урганч туман Ёнғинга қарши кураш бўлимидан олинган маълумотга кўра, бозордаги ёнғин ҳақида хабар келиб тушиши билан ўт ўчирувчилар гуруҳи йўлга чиққан:

“Бизлардан икки машина чиқди. Бошқа машиналар шаҳар бўлимидан келди. Бизга соат 23:23да сигнал келиб тушди. Кейин машиналаримиз чиқди. Қанча квадрат метр ёнганини бошлиқлар билади”, деди бўлим навбатчиси.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбамизга кўра, ўт ўчириш машиналари бозорга етиб келгач, дастлаб ичкарига кира олмаган.

“Соат 23ларда бозор қўриқчилари ёнғин бўлаётганини сезиб қолган ва пожарнийга хабар берган. Пожарний келгач, бозорга кира олмай ҳалак бўлган. Дўконда темир расталар кўплигидан пожарний машиналар ўта олмаган. Мен эртасига кундузи бориб кўрдим. Ҳеч нима қолмаган. Ҳамма дўконлар теппа-текис бўлган”, деди манба.

Урганч туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ёнғин натижасида қурбонлар ва жароҳатлар бўлмаган. Фақат дўкони ёнган тадбиркорлар зарар кўрган.

“Ўлганлар йўқ. Ёнғин ярим тунда бўлгани учун ҳеч ким жароҳат кўрмаган. Ҳозир суриштирув олиб бораяпмиз. Ҳали иш очилмаган. Суриштирув натижасига қараймиз”, деди туман ИИБсининг ўзини таништирмаган ходими.

Урганчдаги манбалардан олинган маълумотга кўра, бозордаги ёнғин сабаблари бўйича бир қанча тахминлар илгари сурилаяпти:

“Бозор ўртасидаги дўконда ёниқ қолган холодильникнинг симида қисқа туташув келиб чиққан. Шунинг ортидан дўкон ёниб кетган. Кечаси бўлгани учун бошида ҳеч ким билмаган. Ёнидаги дўконларга ҳам ёнғин ўтгач, одамлар хабар топган”, деди воқеадан хабардор яна бир манбамиз.

Айни пайтда милиция ходимлари бозордаги дўконларга қасддан ўт қўйилган бўлиши мумкин, деган тахминни ҳам ўрганишмоқда.

“Ёнғин сабаблари борасида ҳозирча бирор нарса дея олмайман. Лекин қасддан ўт қўйилган, деган тахминни ҳам албатта текшираяпмиз”, деди Урганч туман ИИБ ходими.

Урганчдан олинган маълумотга кўра, якшанба куни тушга яқин бозор ишга тушган:

“Ёниб кетган дўконлар ўраб қўйилган. Ҳамма жойига темир панжара қўйишган. Бозорнинг бошқа жойидаги дўконлар ва расталарнинг ҳаммаси нормалний ишлаяпти”, деди манба.

Озодликка кейинги кунларда ёнғин ҳақидаги хабарлар келиши тез-тез кузатилаяпти.

18 июнь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги “EVOS” лаваш марказида электр тизимида содир бўлган қисқа туташув натижасида келиб чиққан ёнғиндан марказнинг омборхонаси ва ходимлари учун мўлжалланган хона жами 25 квадрат метр майдони ёниб кетган.

23 апрель куни Тошкент шаҳрининг Лабзак мавзеидаги 8 қаватли бинонинг 1-қаватида газ сизиб чиққанидан содир бўлган портлаш натижасидаги ёнғинда камида 4 киши жароҳатланди.

Кейинроқ портлаш пайтида жароҳат олган бир аёл касалхонада вафот этди.

XS
SM
MD
LG