Линклар

logo-print

Самарқандда йўлкира қайтимига сақич билан гугурт берилмоқда


100 сўмлик купюра билан боғлиқ муаммога самарқандлик ҳайдовчилар ўзига хос ечим топишди.

100 сўмлик купюра билан боғлиқ муаммога самарқандлик ҳайдовчилар ўзига хос ечим топишди.

25 июндан бошлаб Самарқанд шаҳрида автобус ҳайдовчилари йўловчилар йўл кира учун тўлаган пул қайтимига битта сақич ёки бир қути гугурт беряпти. Самарқанддаги манбаларга кўра, 100 сўмлик купюра деярли муомаладан чиққани боис ҳайдовчилар шу йўлни танлашга мажбур бўлмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокими қарори билан 25 июндан бошлаб жамоат транспортларидаги йўлкира ҳақи 500 сўмдан 700 сўмга оширилди.

Йўлкиранинг 40 фоизга қимматлаши билан самарқандликлар яна бир муаммога дуч келишди.

Самарқанддан олинган хабарларга кўра, йўлкирага 1000 сўмлик берган йўловчиларнинг қайтимига 200 сўм пул ва битта сақич ёки бир қути гугурт берилмоқда:

"Мен якшанба куни Сиёб бозорига автобусда бориб-келдим. Йўл пули қимматлаганидан буён биринчи марта автобусга чиқишим эди. Бозорга боришимда йўлкирага минг сўмлик бердим. Қайтимига 200 сўм билан бир дона жвачка беришди. Бозордан қайтишимда ҳам йўлкирага 1000 сўмлик бергандим, қўлимга 200 сўм билан бир пачка гугурт беришди", дейди самарқандлик манба.

Самарқандлик бошқа бир манба ушбу ҳолат бўйича Озодликнинг Facebook саҳифаси орқали хабар йўллади:

"Кондукторлар 100 сўмлик йўқлигини айтиб, унинг ўрнига бир пачка гугурт бераяпти. Ўзи 100 сўм истеъмолдан чиқиб кетган. Шунинг учун йўлкирани 600 ёки 800 сўм қилиши керак эди. Бугун ишга борганимда 1200 сўм бердим йўлкирага, кондуктор 500 сўм здачи берди”, дея ёзди самарқандлик манба.

Самарқандлик таниқли блоггер Тошпўлат Йўлдошев ҳам ушбу мавзуни кўтариб, шаҳар транспортида йўлкира оширилиши ортидан 100 сўмлик купюра камлиги муаммоси ўртага чиққани ҳақида ёзди:

“Кондукторлар йўловчиларга 1000 сўмликка қайтим беришда қийналишаяпти. Айрим кондукторлар бунинг ечимини ҳам топишди: йўловчига 100 сўмлик ўрнига гугурт бераяпти. Гугурт дўконда шунча нархга турибди”, дея ёзди блоггер.

Самарқандтрансхизмат идорасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ҳақиқатдан ҳам йўлкира оширилгач, ҳайдовчилар қайтим беришда 100 сўмлик купюра етишмаслиги муаммосига дуч келаяпти:

“Бу бор гап. 100 сўмлик купюрани одамлар ишлатмай қўйган. Лекин идорамиз бирор ҳайдовчига 100 сўмлик ўрнига жвачка ёки гугурт бер демаган. Айрим ҳайдовчилар вазиятдан чиқиш учун шундай йўл қўллашган. 100 сўмлик танқислиги бизнинг айбимиз эмас. Биз кондукторларга агар 100 сўмлик бўлмаса, пассажирдан 1200 сўра, қайтимига 500 сўм бер ёки 1500 сўраб, қайтимига 800 сўмнинг ўрнига 4 та 200талик бер деяпмиз”, деди Самарқандтрансхизмат ходими.

Тошкентда ҳам 15 июндан бошлаб жамоат транспортида йўлкира ҳақи 25 фоизга оширилди. Метро, трамвай ва автобуслар йўлкираси 800 сўмдан 1000 сўмга кўтарилди. Маршрут таксилар кираси эса 1200 сўмдан 1500 сўмга кўтарилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG