Линклар

Навоийда автомобилга ўрнатиладиган газ ускунаси чиқадиган Avtosanoat-Landirenzo заводи ишга тушди. Италия билан ҳамкорликда очилган завод маҳсулотини Мустақиллик байрами арафасида сотувга чиқариш режаланган. Завод маъмурияти нархни ҳозирча маълум қилмади, аммо ўз ускунаси портламаслигига ҳозирданоқ кафолат бермоқда.

"Ўзавтосаноат" акциядорлик ширкати Италиядаги Landi Renzo ширкати билан ҳамкорликда "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасида очилган заводда автомобилга ўрнатиладиган газ баллони комплекти ишлаб чиқарилади.

Италиянинг Landi Renzo S.p.A. ширкати жаҳон бозоридаги улуши 30 фоизни ташкил қилади ва автомобиллар учун мўлжалланган сиқилган газ ҳамда метанда ишлайдиган қурилма ишлаб чиқариш бўйича бу ширкат етакчи ҳисобланади.

Навоийдаги завод маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, газ баллони комплекти эҳтиёт қисмлари Италиядан келтирилмоқда.

"Газнинг икки хили борку - метан ва пропан. Бизлар метан редукторларини чиқарамиз. "Редуктор газобаллонноно оборудование без баллона". Қолган нарсалар, мисол учун шланг, переходник, балонни бизлар чиқармаймиз. Биз бунинг ичидаги энг сложный механизм бўлган редукторни чиқарамиз. Кейин қолган эҳтиёт қисмлари билан комплектовка қилиб, насиб бўлса, Мустақиллик байрамигача сотувга чиқарамиз, - деди Avtosanoat-Landirenzo заводи мутасаддиларидан бири.

Корхона раҳбарияти маҳсулотлари нархини ҳозирча очиқлагани йўқ. Аммо, бу нархнинг Ўзбекистон бозорларида сотилаётган газ баллони комплектлари нархидан жиддий фарқ қилмаслиги айтилмоқда.

Бу Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасида қурилган корхоналардан навбатдагисидир.

Яна бир корхона Жанубий Корея билан ҳамкорликда 2011 йилда очилган "KO-UNG CYLINDER" ширкатидир. Бу корхона 100 литрлик баллонларни ишлаб чиқармоқда ва унинг маҳсулотлари республика бўйлаб шитоб билан сотилмоқда.

Ширкатнинг Навоий вилоятидаги бўлими ходими маҳсулотга талаб кундан-кунга ошиб бораётганини айтди.

"Бизда 1 дона цилиндр нархи 1 миллион 250 минг сўм. Кореяники, жуда сифатли. Бу улгуржи нарх. Биздан олиб сотадиганлар бор. Баъзилари ўрнатиб ҳам беради. Бунинг учун алоҳида нарх тўланади. Шу кунгача ҳали корейский баллон билан муаммо чиқмади. Биз эшитмадик", дейди корхонанинг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкентдаги техник хизмат кўрсатувчи қатор ширкатлардан олинган маълумотга кўра, шу кунларда "Нексия" русумидаги автомобилга газ баллонини ўрнатиш 3 миллион 200 минг сўмга тушади.

Аммо, "KO-UNG CYLINDER" ширкати ходими гапининг бошидаёқ асосий муаммо - автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг портлаши муаммосига ишорат берди.

Зеро, кейинги 1-2 йил ичида Ўзбекистонда газ баллони мижозларини қизиқтираётган асосий жиҳат фақат нарх эмас, балки кўпроқ хавфсизлик масаласи бўлиб бормоқда.

Сўнгги бир йил мобайнида Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автомобиллар портлаши оқибатида кўплаб одам жабрланди.

Хусусан, шу йилнинг 16 майида Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ёнилғи қуйиш шоҳобчасида "Жигули" машинаси портлаб кетгани оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олди.

7 апрель куни Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳат олди.

26 октябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ буюм бозорида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, олти одам жароҳатланди.

Булар Озодлик архивидаги хабарлардан сўнгги 3 донаси, холос. Расмий маълумотларга кўра, 2013 йилда Ўзбекистон бўйлаб енгил ва юк машиналари ҳамда автобусларда 408 марта ёнғин чиққан. Оқибатда 31 киши жароҳатланиб, бир киши нобуд бўлган.

Гарчи расмий хабарларда ёнғин сабабини очиқ баён қилмасада, Ўзбекистон раҳбарияти 2013 йилда ўтказилган қатор текширувлар натижасида газ баллонларини импорт қилиш ва автомобилга газ баллонлари ўрнатиш билан шуғулланувчи ширкатларга техник хавфсизлик талаблари кучайтирган.

Тошкентда автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи “Глобал газ” ширкатидан олинган маълумотга кўра, бу каби ширкатлардан газ баллони ўрнатиш ва ундан фойдаланишга оид Европа стандартлари асосида ишлаш талаб қилинмоқда.

Avtosanoat-Landirenzo заводи мутасаддиси ҳам бунга алоҳида урғу бераркан: "Газ баллонларидан фойдаланиш бўйича Европа стандартларига ўтсак, газ баллон портлабди, деган муаммо йўқолади", деб таъкидлади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида 2016 йилга қадар газ билан юрадиган автомобиллар сонини 29 фоизга етказиш режаланган.

Ўзбекистон ҳукумати тасдиқлаган "Атроф-муҳитни сақлаш ҳаракат дастури" доирасида 2013-2017 йилларда 74 мингдан кўпроқ автомобил воситасини табиий газга ўтказиш мўлжалланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG