Линклар

logo-print

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси шакар нархининг ошиб кетгани учун чайқовчиларни айблади. Қўмита расмийлари аҳолини шакар чайқовчилари ҳақида ишонч телефонига боғланиб, маълумот беришга чақирмоқда. Ўзбекистонда сўнгги 2 ой ичида шакар нархи 2800 сўмдан 6000-8000 сўмга чиқди.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси расмийлари бозорда шакар нархи ошишига айнан “инсофсиз чайқовчилар” айбдор демоқда.

-Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида шакар нархи инсофсиз чайқовчилар тарафидан сунъий равишда кўтарилмоқда. Улар шакар сунъий дефицитини пайдо қилиб, аҳоли орасида ваҳима яратмоқда, - деб билдирди Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасининг Озодлик боғланган расмийларидан бири.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясидагилар ҳам сўнгги ҳафталарда мамлакатда шакар чайқовчилиги кўпайиб кетганини айтишди.

Федерация расмийлардан бири Озодлик билан суҳбатда шакар атрофида ваҳималар пайдо бўлишига одамларнинг ўзи ҳам ҳисса қўшаётганини ҳақидаги фикрини қўшимча қилди:

- Ҳозир одамлар орасида шунақа ажиотаж бошланганми дейман, шакарни керак бўлса-бўлмаса олаяпти. Керак бўлмаса ҳам уйда турсин, деб олаяпти. Рўзғорга 10 кило керак бўлса, 20 кило олиб келяпти-де. Шуни ҳисобига ҳам бозорда маҳсулот камайиб, керак бўлганларга етмай қоляпти, - деди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси расмийси.

Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқариш бўйича монопол корхона ҳисобланган “Хоразм шакар” заводидагилар эса бозорга керагидан ҳам кўпроқ шакар чиқараётганини айтади.

- Биздан керагидан ҳам ортиқ шакар биржа нархида чиқаяпти (2 минг 800 сўм - Таҳр). Дўконларни ўзлари сунъий дефицит яратаяпти. Одамларнинг ўзлари ҳам шакар қимматляпти, деб дод-вой солиб, шунақа ваҳмаларни пайдо бўлишига ҳисса қўшмоқда. Ваҳима, тўпалон кўпайиб кетгани учун биз қайтанга бозорга кўпроқ шакар чиқараяпмиз. Лекин чайқовчилар шакар атрофида пайдо бўлган ваҳимадан фойдаланиб, нархини кўтариб юборишаяпти. Дўконларда ҳам шакар атайлаб ушлаб турилаётгани фактлари ҳам бор, - деди “Хоразм шакар” заводи раҳбарларидан бири.

Ўзбекистонда шакарни давлат белгилаган нархда олиш учун эса узундан-узоқ навбатга туришга тўғри келади. Тошкентдаги "Корзинка" озиқ-овқат дўконлари тармоғида ҳам шакар ҳануз чекланган миқдорда сотилмоқда.

“Корзинка” дўкони сотувчиси чеклов бўлмаса, халққа шакар етмай қолишини айтади.

- Бизда 3 минг 200 сўмдан киши бошига беш килодан сотиляпти. Беш килодан кўп беролмаймиз, ограничение билан бермаса халққа шакар етмайди. Одамни кўряпсизми, навбат ярим километрга чўзилиб кетган, - дейди “Корзинка” дўкони сотувчиси.

Тошкент бозорларида ва айрим майда дўконларда шакар очиқдан-очиқ 5500-6000 сўмдан сотилмоқда.

Тошкент бозори паст-баландликларидан яхши хабардор ўзбекистонлик тадбиркор Шоҳруҳнинг айтишича, Ўзбекистонда шакар бизнесини ҳукуматга яқин гуруҳлар назорат қилади, бозорга қанча шакар чиқаришни улар ҳал қилади.

- Шакар Хоразмдан доимий келиб турибди. Тошкентдаги Рисовый бозорни ёнида катта омбор бор. Ўша ердан шакар юк машиналарида олиб кетилиб, шаҳардаги расталарга тарқатилади. Сиз ва мен шу складга бориб шакарни улгуржи нархда ололмаймиз. Бу билан ҳукуматга яқин одамлар шуғулланади. Улар уч минг сўмдан олиб, беш мингдан сотяпти. Бу одамлар ҳукуматга яқин одамлар бўлгани учун очиқдан-очиқ шакарни беш мингдан сотяпти-да. Бу нарсага қарши ҳеч қанақа иш қилинмапяти, - дейди Шоҳруҳ.

Москвадаги Sugar Monitoring гуруҳи таҳлилчилари ҳам Ўзбекистонда шакар бизнеси президент маъмуриятига яқин бир ҳовуч одамларнинг қўлида қолаётгани боис, энг истеъмолбоп маҳсулот нархи сунъий тарзда кўтарилиб бораётганини айтишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG