Линклар

Петербургда 8 йил қидирилган рецидивист ўзбек ҳайдовчиларини отиб ташлади


Uzbekistan/Russia - uzbeks killed in Saint Petersburg

Uzbekistan/Russia - uzbeks killed in Saint Petersburg

30 июнь куни Петербургда маст ҳолатда бўлган маҳаллий фуқаро маршрутка ҳайдовчиларини ўққа тутди. Отишма натижасида 38 яшар ўзбекистонлик ўлдирилди, яна бири оғир аҳволга шифохонага олиб кетилди. Полиция томонидан қўлга олинган қотилликда айбланувчи шахс “маршруткачилар хотинини ҳақорат қилгани” учун отилганини гапирмоқда.

Петербурглик ўзбек ҳайдовчиларини отганликда айбланмоқда

Санкт-Петербургнинг Кронштадт шаҳарчасида 30 июнь куни эрталабки соат 7 ларда Большевиклар кўчаси 6 уй ёнидаги автобус бекатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси отиб кетилди.

Отишма гувоҳлари автобус бекатида қонга беланиб ётган эркак киши тўғрисида полицияга хабар берди. Ҳодиса жойига етиб келган полиция яраланган яна бир ўзбекистонликни оғир аҳволда топди.

Одамларга кесма милтиқдан ўқ узиб, ҳодиса жойидан қочиб кетаётган шахс изидан борган петербурглик ҳайдовчилардан бири уни қайси уйга кириб кетганини кўрган.

“Ҳушёр шаҳарликнинг қўрсатмаси асосида ҳодиса жойидан узоқ бўлмаган уйлардан бирида 34 ёшли Алексей Несмачний қўлга олинди”, дейди тафсилотларни Озодлик билан суҳбатда очиқлаган Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов.

- У 2006 йилдан буён икки кишини ўлдиргани учун федерал қидирувда бўлган. Айбланувчининг сўзларига кўра, унинг хотини маршруткада кимдир хафа қилганидан арз қилган. У эса маст ҳолатда кесма милтиқни олиб уларни отгани борган, дейди Тергов қўмитаси вакили.

Терговчиларнинг дастлабки маълумотларига кўра, Несмачний автомобиль бекатига келиб, аввал у ерда ўтирган ҳайдовчиларни ҳақорат қилган, кейин 407-чи мартшрут ҳайдовчисини юрагига ўқ узган, яна бир маршрут ҳайдовчисини оғир яралаган. Ҳодиса гувоҳлари қотилликда айбланаётган шахс бекатда йўловчиларни йиғиб турган маршруткачилар орасида айнан кўриниши осиёлик бўлганларни танлаб отганини таъкидламоқда.

- Ушланган шахс “безорилик майли билан одам ўлдириш” ва “безорилик майли билан одам ўлдиришга уриниш” моддалари асосида жиноий жавобгарликка тортилди. Милтиғи иккита ўқ билан ўқланадиган бўлмаганда эди, Худо билади қанча одам жароҳат олиши мумкин эди. Ҳозирча тергов давом этмоқда, деди Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов.

Озодлик олган маълумотларга кўра, ўлдирилган ўзбекистонлик 1,5 йилдан бери “Третий парк” ширкатида маршрут ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келган. Ҳодиса жойида ўлган 38 яшар ҳайдовчи ҳам, елкасидан ўқ еган 45 ёшли маршруткачи ҳам самарқандлик экани маълум.

“Третий парк” автоширкати раҳбарияти жабрланган ҳайдовчиларининг барча сарф-ҳаражатларини ўз зиммасига олганини маълум қилди. Шунингдек, автопарк Санкт-Петербург автобус бекатларида полиция назоратини кучайтириш талаби билан шаҳар маъмуриятига чиқиб, сўнгги пайтларда ҳайдовчи ва йўловчиларга ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини билдиришди.

Озодлик Петербургнинг Иоанн Кронштадтский шаҳар шифохонасига олиб кетилган ярадор ҳайдовчининг елка суяклари майдалангани, унинг ҳаёти хавф остида эмаслигини аниқлади. “Ўтган куни врачлар 4 соат давомида жарроҳлик амалиётларини ўтказди”, деди Кронштадтский шифохонаси жарроҳи.

- Ўқдан ярадор бўлган бизда реанимацияда ётибди. Аҳволи барқарор, оғир бўлса ҳам ҳаётига хавф йўқ, деди операция муваффақиятли ўтганини таъкидлаган шифокор.

Петербург ўзбеклар жамиятида Озодликка марҳум йигитнинг онаси аллақачон шаҳарга Самарқанддан етиб келганини тасдиқлашди. Маълум бўлишича, 2 июль куни нобуд бўлган самарқандликнинг жасади Ўзбекистонга юборилади.

Самарқандда марҳум мардикорнинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди етим қолди: яқин орада у катта ўғлини уйлантиришга ҳозирлик кўраётган бўлган.

“Муаммо илдизини ўзимиздан қидирайлик”

Санкт-Петербургдаги “Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси” раиси Маҳмуд Маматмўминов Озодлик билан суҳбатда хориждаги юртдошларимизнинг кўплаб муаммоларига ўзларимиз сабабчимиз, деган фикрни билдирди. “Турон” газетаси муҳаррири бир муҳожирнинг арзимас хатоси учун минглаб бошқалар жавоб беришига тўғри келмоқда, дейди:

- Азиат, деяпти, кимдир гап отиб қўйган экан маршруткачилардан хотинига. Айтгани рост бўлса, бировни хотинига биров қараб қўйган бўлса, мана бегуноҳ одам ўлимни бўйнига илиб олиб кетди. Муҳожирликда кўпчилик ўзини тутишни билмай қоляпти. Бўлаётган ишларнинг аслини олиб қарасак, инсонларимиз 5-10 йил юриб, пулли бўлиб ўзини тута олмай қоляпти, дейди Маҳмуд Маматмўминов.

Петербургдаги ўзбеклар жамияти фаоли Россияга ёки бошқа мамлакатга чиқишдан олдин меҳнат муҳожирлари ўша давлат тўғрисида маълумотга эга бўлиши, бу давлатнинг қонун-қоидалари, урф-одатлари борасида ахборот беришга эса Ўзбекистондаги маҳалла қўмиталари ва бошқа жамоатчилик ташкилотларини жалб қилиш кераклиги тўғрисида гапирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG