Линклар

logo-print

Ўзбекистон Республикаси Халқ банки 1992 йилда муомалага чиқарилган заём облигацияларини аҳолидан қабул қилиб олишни 1 июль куни тўхтатди. 20 йил муддатга чиқарилган 250, 500 ва 1000 сўмлик облигациялар аҳолига қанча нисбатда қайтарилиши ҳануз номаълум бўлиб қолмоқда.

Халқ банкининг Тошкентдаги шохобчаларидан бирининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда 1992 йилда муомалага чиқарилган 12 фоизлик ютуқли давлат заёмларини қабул қилиш 1 июлда тўхтатилганини айтди.

- 1 апрелдан бошлаб май, июнь ойларида, уч ой қабул қилдик. 1 июлгача топширилсин, деган қарор бор эди. Бугун 2 июль, деди Халқ банки ходими.

1992 йилда муомалага чиқарилган 250, 500 ва 1000 сўмлик заём облигацияларнинг қиймати бугунга келиб қанчани ташкил этиши борасидаги ҳисоб-китоблар жамоатчиликка эълон қилинмади.

Озодлик билан сўзлашган Молия вазирлиги ходими заёмлар қанча нисбатда қайтарилиши ҳозирча маълум эмас, деди.

- Шу бир ой ичида Вазирлар Маҳкамаси индексация масаласида қарор қабул қилади. Яъни, қанчага кўпайтирилиб бериш тўғрисида. Ҳозирча бу номаълум, деди Молия вазирлиги расмийси.

Унга кўра, аҳоли банккка топширган заёмларнинг пули 1 августдан 30 ноябргача берилиши режалаштирилган.

Вазирлик ходими белгиланган муддатда Халқ банкига топширилмаган заёмлар ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланишини қўшимча қилди.

- Вазирлар маҳкамасининг 51-қарори чиққан. Қарорда заёмлар 1 июлгача тақдим этилиши мумкин, дейилган. “Белгиланган муддатда ва тартибда банк бўлинмасига тақдим этилмаган заём облигациялари ўз кучини йўқотган ҳисобланади ҳамда қабул қилинмайди ва тўланмайди” деб ёзилган, дейди Молия вазирлиги ходими.

Маълумотларга кўра, 1992 йилда жами 25 миллиард сўмлик заём чиқарилган. Халққа 20 миллиард сўмлик заём сотилган. Қолган 5 миллиард сўмлик облигация сотилмаган.

1992 йилда Ўзбекистонда 1 АҚШ доллари тахминан 15 сўм атрофида бўлган.

Шу кунларда қора бозорда бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси 3100 сўмни, ЎР Марказий банки расмий курси бўйича 2300 сўмни ташкил этмоқда.

1 июль куни Ўзбекистон миллий валютаси сўм муомалага киритилганига 20 йил тўлди. Бу вақт ичида сўм бир неча юз баробарга қадрсизланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG