Линклар

logo-print

Россия газининг нархи европалик истеъмолчилар учун бир хил эмас. Жамоатчиликка ошкор бўлган янги маълумотлар Ғарбий Европа мамлакатлари газ учун Россиянинг Газпром ширкатига Шарқий ва Марказий Европанинг камбағалроқ давлатларига қараганда камроқ ҳақ тўлашини кўрсатмоқда.

Нега Польша ёки Чехия ҳар 1000 куб метр газ учун Россияга 500 АҚШ доллари тўлайдию Германия 400 долларгина тўлайди?

Таҳлилчилар буни "монополистнинг дискриминацион савдо сиёсати", деб таърифламоқдалар.

Европанинг Болқон минтақасидаги камбағал мамлакатларига Россия газ учун яна ҳам юқори нарх белгилаган.

Македония ҳар 1000 куб метр газ учун Россияга 564 АҚШ доллари тўлайди.

Аҳолисининг ўртача ойлиги Германиядагига қараганда 5 марта кам бўлган Босния-Герцеговина учун Россия ҳар 1000 куб метр газ нархини 515 доллар қилиб белгилаган.

Газ учун камроқ ҳақ тўлайдиган Европанинг бой давлатлари Қрим ярим оролини аннексия қилган Россияга нисбатан юмшоқ муносабат қилаётгани бежиз эмас экан, демоқда кузатувчилар.

Март ойида Россия Украинанинг таркибий қисми бўлган Қрим ярим оролини аннексия қилган эди.

Украина шарқида ҳукумат биноларини ишғол қилаётган айирмачиларни Россия дастаклаши айтилмоқда.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Москвага нисбатан чекланган санкциялар қўллади.

Германия, Австрия ва Франция Россияга нисбатан кучлироқ санкциялар қўлланилишига қаршилик қилди. Бу бежиз эмас.

Германия Россия газининг улкан харидори ҳисобланади. 2013 йилда бу мамлакат Россиядан 40 миллиард куб метр газ сотиб олди.

Франциянинг ҳам Россия билан келишуви бор. Париж ҳукумати Россияга "Мистраль" ҳарбий кемаларини етказиб бериш бўйича эришилган кўп миллирад долларлик шартноманинг бузилишини истамади.

Россияга ҳар 1000 куб метр газ учун 397 АҚШ доллари тўлайдиган Австрия эса июнь ойида Россия газини Украина ҳудудини четлаб ўтиб ғарбий Европа мамлакатларига етказишни кўзда тутган “Жанубий оқим” лойиҳасининг ўз ҳудудидан ўтадиган қисми бўйича келишганди.

Болгария Австрияга қараганда ҳар 1000 куб метр газ учун Россияга 100 доллар кўпроқ ҳақ тўлайди.

Европа Иттифоқи ва АҚШ танқидлари ортидан Болгария Россия газини Европа мамлакатларига элтадиган “Жанубий оқим” газ қувури қурилишидаги ишларини тўхтатди.

Мазкур газ қувурини ётқизиш ишлари 2013 йил октябрида Болгарияда бошланган.

Бу қувур Болгария, Сербия, Венгрия, Австрия, Словения ҳудудларидан ўтиб, Италияга газ етказилиши режаланганди.

Лойиҳа йилига 63 миллиард кубометр газ етказиш қувватига эга.

Россия МДҲ бўйича қўшниларини арзон газ кафолати эвазига Божхона Иттифоқига тортишга ҳаракат қилиб келади.

Ўтган йилнинг ноябрида Украинанинг ўша пайтдаги президенти Виктор Янукович Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолашдан бош тортиши билан Россия президенти Путин Киевни Россия, Қозоғистон ва Беларус аъзо бўлган Божхона Иттифоқига тортишга уринди.

Кремль 15 миллиард долларлик кредитдан ташқари Украинага газ нархини кескин камайтиришни ваъда қилди.

Ҳозир Божхона Иттифоқи аъзоси бўлган Беларусга Россия ҳар 1000 куб метр газ учун 166 доллар нарх белгилаган.

Ўтган йили бу Иттифоққа қўшилишга хоҳиш билдирган Арманистон эса Россияга ҳар 1000 куб метр газ учун 189 доллар ҳақ тўлайди.

Ҳар икки мамлакат истеъмол қиладиган газнинг ҳаммасини Россиядан олади.

Россиянинг танқидчилари бўлган Болтиқбўйи давлатлари - Эстония, Литва ва Латвия Россияга ҳар 1000 куб метр газ учун тўлайдиган ҳақ 416 доллардан кам эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG