Линклар

2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб “Россия Федерацияси Давлат тили тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси “Россия Федерациясида давлат тили сифатида рус тилидан фойдаланишда замонавий рус адабий тилига мувофиқ бўлмаган сўз ва ибораларни (жумладан, сўкиниш сўзларни) ишлатиш ман этилади”, деб ўзгартирилди.

1 июлдан бошлаб “Россия Федерацияси Давлат тили тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартишлар кучга кирди. Унга биноан Россия телевидениеси ва радиосида, кинофильмларда ва бошқа санъат асарларида сўкиниш сўзларини ишлатиш тақиқланди.

ТВ, радио, кино ва театрда сўкиниш мумкин эмас

2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб “Россия Федерацияси Давлат тили тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси “Россия Федерациясида давлат тили сифатида рус тилидан фойдаланишда замонавий рус адабий тилига мувофиқ бўлмаган сўз ва ибораларни (жумладан, сўкиниш сўзларни) ишлатиш ман этилади”, деб ўзгартирилди.

Демак, 1 июлдан бошлаб сўкиниш сўзлар ишлатилган фильмларга Россияда прокат гувоҳномаси берилмайди, сўкиниш сўзлардан фойдаланилган театр спектакллари, кўргазма ва концерт дастурлари намойиш этилишига рухсат берилмайди.

Сўкиниш ишлатилган мусиқий асарлар ёзилган дисклар ва китоб муқоваларида эса, “Сўкиниш сўзлари мавжуд”, деб ёзилиши шарт қилиб қўйилди.

Тил тозалиги учун курашишга қаратилгани айтилаётган янги тартибларни бузганлар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин: жисмоний шахслар 2 мингдан 2,5 минг рублгача, давлат амалдорлари 4 дан 5 минг рублгача, юридик шахслар эса 40 дан 50 минг рублгача жаримага тортилади.

Тартибни такроран бузганларга нисбатан жарима миқдори бир неча баробарга оширилади ва ҳатто қамоқ жазосига ўзгартирилиши мумкин.

Сўкиниш маданияти (?)

Айни пайтда, кузатувчилар сўкинишнинг ман этилиши бетакрор рус санъат асарларининг цензура қилинишига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Хусусан, бу қонун зарбаси остига биринчилар қаторида Андрей Звягинцевнинг “Левиафан” кинофильми тушди.

Кинорежиссёрнинг фильмдан “беадаб” сўзларни олиб ташлаш таклифига берган рад жавобига жавобан Канн кинофестивалида мукофотланган фильм Россияда прокатдан олиб ташланди.

30 июнь куни – тил тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири кучга киришидан бир кун олдин – Россиянинг Москва, Петербург, Қозон, Краснодар, Нижний Новгород, Новосибирск шаҳарларида норозилик акциялари бўлиб ўтди.

“Маданият ҳимояси учун Бутунроссия акцияси” шиори остида йиғилган намойишчилар сўкиниш сўзларни санъат асарларида ишлатишга рухсат бериш талаби билан чиқди.

Озодликнинг рус хизмати Москва кўчаларида ўтказган сўровда аксар россияликлар янги тақиқлардан наф чиқишига ишонмасликларини гапирди. Суҳбатга тортилган москвалик аёл "Менимча, айниқса адабиётда сўкинишдан фойдаланмасликнинг иложи йўқ! Чунки унда бадиий ғояси мужассамлашган бўлиши мумкин", деса маҳаллий эркаклар вакили "Сўкинишсиз фильмларнинг мазаси қолмайди", деган фикрни билдирди.

Драматург Дмитрий Рябов сўкиниш сўзлари рус адабиётида кўп бўлмаса-да, вақти-вақти билан ишлатиб турилган, дейди.

- Пушкиндан бошлаб Есенин, Маяковскийлар ёрдамида бу одат рус адабиётида ўз ўрнини эгаллаган. Лекин ундан устомонлик билан фойдаланишган. Тан олиш керак, охирги 20 йил давомида “ҳамма нарсага рухсат берилди”, деб одамлар эътиборини ўзига қаратиш мақсадида сўкиниш иборалари жуда кўп ишлата бошлади. Бу яхши эмас: сўкиниш сўзларидан фақат билган одамларгина фойдаланиши зарур, деди драматург Дмитрий Рябов.

Рус филологи Ирина Котенева беадаб сўзларни ишлатиш одати россияликлар кундалик ҳаётининг бир қисми экани, адабий асарлар эса – реал ҳаётнинг инъикоси сифатида қабул қилиниши кераклиги тўғрисида Озодликка гапиради.

- Қуйи қатлам вакилларининг баландпарвоз “буюк тилда” сўзлашишини бир тасаввур қилинг. Классик адабиёт айрим йўналишларида сўкинишни жойига қўйиб ишлатишлари мумкин. Бу масалада бундай шошқалоқлик қилиш ярамайди, деди депутатларга танбеҳ берган филолог Ирина Котенева.

Россия Федерацияси Давлат тили тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар жорий йилнинг 23 апрелида Россия Давлат Думаси томонидан қабул қилинган ва бир ҳафтадан кейин Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган эди.

Куни кеча, Владимир Жириновский бошлиқ ЛДПР депутатлари томонидан муҳокамага олиб чиқилган “ОАВда хориж сўзларидан фойдаланишни тақиқлаш” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Дума муҳокамасидан ўтмади. Либерал-демократлар рус тилидан “бутик”, “дилер”, “сейшен”, “офшор”, “парламент” ва бошқа барча “хорижий” сўзлар ўрнига русча эквивалентини жорий қилиш таклифи билан чиққан эди. Шунингдек, партиянинг ўзгармас етакчиси Владимир Вольфович рус тилидан “Ы” ҳарфини олиб ташлашни таклиф қилган.

Таъкидлаш жойизки, Россия Давлат Думасининг 450 депутатидан атиги 2 нафаригина филологдир. Қолгани - спортчи, юрист ва артистлардир.

Қаерда сўкиниш мумкин?

“Россия Федерацияси Давлат тили тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга биноан, сўкиниш сўзларига доир тақиқ кабель ёки спутник телевидениелари кўрсатувларига, шунингдек, Россияда ўтажак кинофестивалларида намойиш этиладиган хориж фильмларига тегишли эмас.

Россиялик кўча-кўйда шу пайтгача қандай сўкинган бўлса, шундай сўкинавериши мумкин. Янги қонуннинг бунга дахли йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG