Линклар

logo-print

OzodJavobнинг бугунги сонида абитуриентлардан келаётган ушбу саволга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Озодликда кейинги кунларда абитуриентлардан бўлаётган мурожаатларда, асосан, жойлардаги военкоматларнинг абитуриентларни бир ойлик ҳарбий хизмат бўйича шартнома тузишга мажбурлаётгани айтилаяпти.

Фарғона вилоятида яшовчи исмини очиқламаётганимиз йигитга кўра, у яшаётган тумандаги Мудофаа ишлари бўлими уни бир ойлик сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат шартномасини имзолашга мажбурлаяпти, акс ҳолда унинг ҳарбий хизматини кечиктирмаслик билан таҳдид қилинган:

- Университетга военкоматда учётда турибди деган справка керак экан. Ўша олий ўқув юртига топширадиган документлар орасида шу ҳужжат ҳам бўлиши керак. Коллежни битирганимдан кейин олий ўқув юртига, университетга топшираман деб, военкоматга борганимда шунақа шарт қўйишдики, ё бир ойлик шартнома асосида борасан, пул тўлайсан деди. Ёки университетга ёзиб бермаймиз, дейишди. Каттароқ одам келса, ё бирорта амакиси, тоғаси каттароқ ишда ишласа, келиб ёздириб кетаяпти. Қолган оддий инсонларга беришмаяпти осонлик билан, - деди фарғоналик йигит.

Бу каби мурожаатлар Озодликнинг Facebook, Одноклассники ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари, WhatsApp ва email орқали деярли ҳар куни бўлаяпти.

Амалдаги тартибга кўра, абитуриент йигитлар ўқиш давомида ҳарбий хизмати кечиктирилгани ҳақидаги маълумотномани олийгоҳга топширмаса, унинг ҳужжатлари қабул қилинмайди.

Озодлик манбаларига кўра, военкоматга борган абитуриентларга бир ойлик сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат шартномасини имзолаш шарти қўйилаяпти, имзоламаган йигитларга олийгоҳлар талаб қилаётган ҳужжат берилмаяпти.

Абитуриент йигитларнинг айтишича, кўпчилик бир ойлик ҳарбий хизматга бориш учун шартномани имзолашга мажбур бўлишмоқда.

“Менинг танишим бир ойлик армия учун шартномани имзолади. Пулини ҳар ойда бўлиб - бўлиб тўламоқчи. Лекин мен бир йиллик армияга бормоқчиман. Соғлигимни бир йилликка мос деб топишган. Шунинг учун бир ойликка хоҳламаяпман”, деди тошкентлик абитуриентлик йигит.

**********************************

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига мурожаат қилдик.

Вазирлик мутахасисига кўра, Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизмат вақти ўн икки ой, олий маълумотли шахслар учун эса тўққиз ой қилиб белгиланган. Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат эса бир ой.

Мутахасиснинг айтишича, бир йиллик ҳарбий хизмат мутлақо БЕПУЛ, бир ойлик хизмат эса 2 миллион 600 минг сўм:

“Бир йиллик хизматга фақат соғлиги жойида бўлганлар олинади. Тиббий комиссия вазни, бўйи, соғлиги, жисмоний тайёргарлиги нормада деб топган йигитлар бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга олинади. Лекин соғлиги жойида бўлса ва бир ойликка бормоқчи бўлса бу ҳам мумкин”, деди мутахасис.

Амалдаги қоидага кўра, бир йиллик хизматга аскарлар чекланган тартибда қабул қилинади.

“Соғлиги жойида бўлсаю, муддатли ҳарбий хизматга қабул қилиш рўйхати тўлган тақдирда ҳам бир ойлик хизматга олинади", дейди вазирлик мутахасиси.

Ўзбекистоннинг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасига кўра, ҳарбий чақирув ёшидаги йигит оилавий шароити, саломатлиги, ўқиши сабаб муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақириш муддатини кечиктириши мумкин.

Мазкур қонунда қайд қилинишича, мактаблар, лицей ва коллежлар талабалари ҳамда олийгоҳларнинг кундузги бўлими талабалари ҳарбий хизматни ўқишни тамомлагунларига қадар кечиктириши мумкин.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига 27 ёшга тўлгунча жалб қилиниш мумкин.

Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими эса абитуриент йигитлар дуч келаётган муаммони таъмагирлик билан боғлади:

“Балки жойлардаги военкоматларнинг айримларида таъмагирлик қилиш ҳолатлари бўлаётгандир. Бу борада бизга ёзма ариза тушса, албатта ўрганамиз. Лекин коллежни битирган ҳар бир йигит ҳарбий хизматни ўташга мажбур. Агар прописнойи бўлмаса, институт қабул қилмайди. Коллежни биритгач, кимдир бир йилликка, кимдир бир ойликка боради. Бу ёшдагиларнинг 27 фоизи ҳарбий хизматга бориши лозим. Кейин ўқишга қабул қилинади. Тартиб шунақа қилиб қўйилди. Албатта соғлиги тўғри келиши лозим. Лекин ўқишга кирмоқчи бўлганлар ҳарбий хизматини кечиктириши мумкин. Бунга уларнинг ҳаққи бор”, деди Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаси мулозими.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мутахасиси агар абитуриент йигитлар жойлардаги военкоматлар томонидан бир ойлик хизмат учун шартномани имзолашга мажбурлаш ҳолатига дуч келишса, албатта бу борада вазирликка мурожаат қилишлари лозимлигини таъкидлади.

***************************************

Ўзбекистонда фақат эркак фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилади. Йигитлар ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташлари шарт бўлади.

Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг тўртта тури бор:

1. Муддатли ҳарбий хизмат
2. Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат
3. Контракт бўйича ҳарбий хизмат
4. Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Микрофонсиз суҳбатда бўлганимиз тошкентлик капитаннинг айтишича, муддатли ҳарбий хизматнинг афзаллик томони унинг имтиёзларга эгалигидадир.

“Бир йиллик армияда бўлганлар ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлишади. Олийгоҳларнинг кириш имтиҳонларининг умумий баллидан 27 баллик имтиёз берилади”, дейди суҳбатдош.

Муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат бўйича мажбуриятларини ўтаган фуқаролар йигирма етти ёшга тўлганларидан кейин Қуролли кучлар резерви таркибига ўтказиладилар.

****************************************

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG