Линклар

logo-print

Украинада ҳукумат кучлари ва айирмачилар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда


Луганск шаҳри яқинидаги Украина ҳарбийлари.

Луганск шаҳри яқинидаги Украина ҳарбийлари.

2 июль куни Украина хавфсизлик кучлари мамлакат шарқидаги Россия тарафдори бўлган айирмачиларга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттирди. Айни пайтда, Украина, Россия, Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Берлинда фавқулодда учрашув ўтказиб, Украина бўҳронини муҳокама қилиши режалаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров германиялик ҳамкасби Франк-Уолтер Штанмайер билан телефон сўзлашуви чоғида Франция Ташқи ишлар вазири Лорен Фабиус ва Украина Ташқи ишлар вазири Павло Климкин билан учрашув ўтказиш ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлагани билдирилган.

2 июль куни Берлинда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Германия Канцлер Ангела Меркел билан Украина бўҳронини муҳокама қилди.

Сўзлашувдан кейин журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида Меркел Украинадаги вазият ҳаммани ташвишга солаётганини таъкидлади.

- Ҳаммамиз Украинадаги вазиятдан жуда ташвишдамиз. Украина президенти (Петро Порошенко) бир томонлама эълон қилган оташкесим пайтида Порошенконинг тинчлик режасини айирмачилар қабул қилмагани ачинарли ҳолдир, дея баёнот берди Германия раҳбари.

Айни пайтда Украина Миллий хавфсизлик ва Мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко 2 июль куни Украина қўшинлари айирмачилар эгаллаган позицияларга юз мартадан кўп ҳужум қилиб учта қишлоқни жанггарилардан тозалаганини маълум қилди.

Лисенкога кўра, тўқнашувлар пайтида тўрт нафар Украина ҳарбийси ҳалок бўлган.

2 июль куни Украина парламенти раиси Александр Турчинов қуролли кучлар ва Миллий гвардия террорчилар ва жиноятчиларга қарши ҳужумларни давом эттирмоқда. Ҳарбийларимиз ўтказаётган амалиётлар ўз натижасини бермоқда, дея баёнот берди.

30 июнь куни Украина Президенти Петро Порошенко 10 кун давом этган бир томонлама оташкесим самара бермагани боис тўхтатилганини эълон қилган эди.

Порошенко жанггарилар оташкесимдан қайта гуруҳларга бўлиниш ва Россиядан оғир қуроллар олиб келиб ғамлаб қўйиш мақсадида фойдаланганини урғулади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги 10 кунлик оташкесим пайтида 27 нафар украин аскари ҳалок бўлганини билдирди.

1 июль куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Марие Харф Порошенко “ўз мамлакатини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани”ни айтди.

Аммо Сергей Лавров Украина президентининг қарори “яна қон тўкилишига олиб келиши”ни таъкидлади.

Россия Президенти Владимир Путин эса Порошенко Украинада уруш ҳаракатларига йўл очилгани масъулиятни ўз зиммасига олганини айтди.

Москвадаги элчилар билан 1 июль кунги учрашувда Путин Ғарб давлатларини минтақада беқарор вазият келтириб чиқаришда Украинадаги бўҳрондан фойдаланаётганлик айблади.

Путин Россия этник русларни сиёсий, иқтисодий ва гуманитар воситалардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилишни давом эттиришини таъкидлади.

1 июл куни Европа Иттифоқи ТИ вазирлари Россияга нисбатан янги санкциялар жорий қилишни кечиктирди.

Манбаларга кўра, 7 июл куни бу масала қайта муҳокама қилинади. Ҳозирда ЕИ экспертлари маълум шахслар ва ширкатларга қаратилган санкциялар жорий қилиш устида ишламоқда.

XS
SM
MD
LG