Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

"Вор в законе" Қирғизистонда яна сиёсий инқирозга сабаб бўлиши мумкин


“Оғир касалликка чалинган ва жуда оз умри қолган” деган асос билан қирғиз қамоқхонасидан озод этилган ва бир неча соатдан сўнг махсус самолётда Бишкекдан Чеченистонга кузатиб қўйилган ўғрибоши Азиз Батукаев Россияда қўлга олинди. Унинг озод этилиши Қирғизистонда катта сиёсий жанжалга сабаб бўлган эди.

Азиз Батукаев Россияда қамоққа олинганини 2 июль куни Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев тасдиқлади. Унга кўра, қамоқдан ноқонуний тарзда бўшатиб юборилган Азиз Батукаевни Қирғизистонга экстрадиция қилиш Россиядан талаб этилади.

- Биз уни Қирғизистонгга қайтаришимиз керак. Халқаро шартномалар асосида биз Батукаевни экстрадиция қилиш масаласини кўтарамиз, деди Бош вазир.

Маълумотларга қараганда, Россия полицияси Азиз Батукаевни 30 июнь куни Шимолий Осетияда қўлга олган.

16 йилга кесилган Азиз Батукаев ўтган йилнинг апрель ойида “бир неча ой ичида ўладиган дардга чалинган” деган асос билан Норин шаҳар суди қарорига мувофиқ муддатидан олдин қамоқдан озод этилган эди. Шундан сўнг бир неча соат ичида у янги паспортга эга бўлган ва махсус самолётда Чеченистонга кузатиб қўйилган.

Батукаевнинг қамоқдан бўшатилиши 2013 йилда Қирғизистонда энг катта сиёсий инқироз юзага келишига сабаб бўлди. Мухолифатдаги сиёсий кучлар Батукаевнинг қамоқдан сохта ташхис билан озод этилиши ортида мамлакат президенти ва ҳукумати турганини иддао қилган.

2013 йилнинг майида Қирғизистон парламенти барча иддаоларни ўрганиб чиқиб, Батукаевни қамоқдан бўшатилишга Бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов, Ички ишлар вазири Абдилда Суранчиев, Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбари Зарилбек Рисалиев, Бош прокурор ўринбосари Людмила Усмонова, Соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, Омбудсмен Турсунбек Акун ўз ҳиссасини қўшган деган хулосага келган. Бунинг оқибатида Бош вазир ўринбосари ва Жазони ўташ бош бошқармаси раҳбари истеъфо беришга мажбур бўлган, Қирғизистон Омбудсмени лавозимидан бўшатилган эди.

Мана шу сиёсий жанжал ортидан Азиз Батукаевни қамоқдан бўшатиш тўғрисидаги суд қарори бекор қилиниб, унинг ўзи халқаро қидирувга берилган.

- Азиз Батукаевдан “судланган” деган мақом олиб ташланмади. У ўз жазо муддатини тўла ўтаб бўлмагунича қамоқда сақланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарилди. Шунинг учун уни халқаро қидирувга берган эдик. Мана шу тадбир туфайли у қамоққа олинди, деди Бош прокурор ўринбосари Темирбек Бекмамат уулу.

Азиз Батукаевнинг қамоқдан бўшатилиши Қирғизистонда сиёсий бўҳронга сабаб бўлган бўлса, унинг Россияда қўлга олиниши билан Бишкекда яна янги сиёсий жанжалнинг ҳиди кела бошлади. Айни пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Батукаевнинг қамоқдан бўшатилиши юзасидан жиноят иши очди. Парламент депутатлари эса бир қатор ҳукумат амалдорлари жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда.

- Батукаевнинг Қирғизистондан қочирилганини ҳамма билади. Уни бир амалдор эмас, бир қатор амалдорлар биргаликда тил бириктирган ҳолда қамоқдан қочирган. Парламент бу амалдорлар кимлар эканини аниқ билади ва уларнинг айбдор эканига ишонади. Биз бу амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қиламиз, деди парламент депутати Туратбек Мадилбеков.

XS
SM
MD
LG