Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди


Тошкентда юрган бронетранспортерлардан бири.

Тошкентда юрган бронетранспортерлардан бири.

Озодликка келган хабарлардан бирида Фарғона вилоятининг Яйпан темир йўл бекатига яқин худудда ҳарбий техника ва аскарлар жамлангани айтилса¸ бошқасида Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудига қараб кетаëтган ўзбек ҳарбийлари тушган КамАЗлар карвони ҳақида сўз юритилади. Баъзи интернет нашрлари эса чоршанба куни Тошкентда ҳаракатланаëтган БТРлар суратларини ёйинлади.

Озодликнинг Фарғона вилояти Шўрсув шаҳарчасидаги манбасининг айтишича, чоршанба кунидан бошлаб шаҳарчада одамларнинг бир ерга тўпланиши тақиқланган:

- Маҳалла оқсоқоллари, домком, участка нозирлари ва посбонлар уйма-уй юриб, одамларнинг бир ерга зич бўлиб тўпланмаслигини уқтиришяпти. Бу тақиқ кўчаларда тўй ва бошқа тадбирлар ўтказиш, мактабда кечалар ташкил қилиш каби ҳолатларга ҳам тааллуқли экани тушунтирилмоқда, деди шўрсувлик манба.

Фарғона вилоятининг Шўрсув шаҳарчаси Тожикистоннинг Ворух тумани билан чегарадош бўлгани боис бу шаҳарчада хавфсизликка эътибор берилиши доим кузатилган ҳолат бўлиб ҳисобланади. Бироқ, Озодликнинг Шўрсувдаги манбасига кўра, чоршанба кунидан бошланган хавфсизлик чоралари олдингиларидан кўра анча кучайтирилган ва жиддий:

- Тўғри, биз чегара зонаси бўлганимиз учун огоҳлик ва ҳушëрлик чораларига кўникиб қолганмиз. Аммо одамларнинг бир ерга тўпланмаслиги ҳақидаги талаб илк марта бўляпти. Бундан ташқари, шаҳарчага ичи аскарлар билан тўла КамАЗлар келишни бошлади. Блокпостларда текширув жуда кучайди. Шўрсув кичик бир поселка, нимадир ўзгарса ҳамма билади, - деб таъкидлади Озодлик манбаси.

Озодликнинг Фарғона водийсидаги бошқа манбалари ҳам чегарадош ҳудудларда хавфсизлик чоралари кучайтирилганлигини тасдиқлашди. Масалан, Озодликнинг Республика транспорт прокуратурасидаги манбаси Фарғона вилоятининг Яйпан темир йўл бекатига яқин худудларда ҳарбий техника ва аскарлар концентрацияси ҳақида маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам Фарғона водийсидаги ҳарбийларнинг жанговар ҳолатга келтирилгани муҳокама мавзуси бўлди.

Однокласники.Ру ижтимоий тармоғида Наманган вилояти узра учаëтган бир нечта ҳарбий тикучар ва учоқлар муҳокама қилинмоқда.

Тошкентда БТРлар

Оддий тошкентликлар шаҳарда ҳаракатланаëтган зирҳли машина - БТРларнинг суратларини ижтимоий тамоқларга қўйишди.

Тошкентнинг Қорақамиш массивида яшовчи истеъфодаги ҳарбийнинг исмини айтмаслик шарти билан Озодликка маълум қилишича¸ Чирчиқдаги танк полигонида доимий турадиган ҳарбий машиналар шу кунларда Тошкентга келтирилган.

Фарғона.Ру ахборот агенлиги чоршанба куни ўз манбаларига асосланган ҳолда Тошкентнинг Қибрай туманида жойлашган Ўзбекистон президентининг “Дўрмон” қароргоҳи атрофи танклар билан қўриқланаëтганлиги ҳақида ëзди ва фотосуратларни эълон қилди.

Айни пайтда бу маълумотларни расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг матбуот бўлими ходимлари Озодлик мухбирига бу борада изоҳ бермади.

Андижонда эркин ҳаракатланишга чеклов йўқ

Озодликка Андижондан қўнғироқ қилган тингловчи Андижон шаҳрида соат 9 дан кейин кўчада юрган одамларни ушлаб жаримага тортишаëтганлигини айтди.

Бу манба вояга етмаган ўғлининг милиция томонидан “кечқурун юргани” учун олиб кетилганлиги¸ 200 минг сўм жаримага тортилганини ҳам иддао қилди.

"Ўғлимни бўлимга олиб кетган участка нозири¸ Андижонда комендантлик соати¸ 9 дан кейин кўчада юриш мумкин эмас"¸ дебди. Қанақа комендантлик соати¸ қачон бунақа бўлди¸ бу ҳақда гап йўқ. Бунақа тақиқ ҳаммагами¸ ëки фақат вояга етмаганларгами? деди Андижон шаҳридан Озодликка боғланган манба.

Озодликнинг Андижон вилоят ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаси бу иддаони рад қилиб¸ “Андижон шаҳри ва вилоятида кечқурун соат 12 дан кейин ҳам бемалол юриш мумкин. Ҳали ҳеч ким шаҳарда эркин ҳаракатланишни чекламади” деб таъкидлади.

"Агар кимдир "комендантлик соати" иддаоси билан одамларни жаримага тортган бўлса¸ улар оддий товламачилар¸ холос"¸ деди ҳуқуқ посбонларидан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG