Линклар

logo-print

Ўзбекистон пойтахтидаги жамоат транспорти воситаларидаги тўлов марказлашган электрон тизимига ўтса¸ йўловчи электрон билет сотиб олиб, автобус ёки метро бекатлари кириш-чиқиш жойларига ўрнатилган махсус қурилмалар ёрдамида тўловни амалга ошириши мумкин бўлади.

Ўзбекистон пойтахтидаги жамоат транспорти воситаларидаги тўлов марказлашган электрон тизимига ўтса¸ йўловчи электрон билет сотиб олиб, автобус ёки метро бекатлари кириш-чиқиш жойларига ўрнатилган махсус қурилмалар ёрдамида тўловни амалга ошириши мумкин бўлади.

“Тошшаҳартрансхизмат” расмийларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, йўлкира тўлашнинг электрон тизимига ўтиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Бунинг учун электрон чипталар ишлаб чиқарилиб, шаҳардаги метро бекатлари ҳамда йўловчи транспорти автобусларига ана шу чипталардан тўловни ечиб оладиган қурилмалар ўрнатилиши режалаштирилмоқда:

- Ҳар бир транспорт воситаси, метрога кираверишда махсус асбоб бўлади. Карточка билан тўлаб ўтиладиган бўлади. Метроларда турникет, яъни айланма ғовлар, автоматик тарзда электрон билетлардан пулни ечиб олдиган ускуналар ўрнатилади. Марказлашган электрон тўлов тизими бўйича “Click” фирмаси билан ҳозир ишлар олиб бориляпти. Биринчи босқичда Тошкент метрополитенида буни синаб кўрмоқчимиз. Кейин автобусларга ҳам ўрнатилади, деди “Тошшаҳартрансхизмат” расмийси.

Ҳозирча Тошкент жамоатчилик транспортида йўлкира тўлашнинг электрон тизимига ўтишнинг аниқ санаси маълум эмас.

- Биринчи этапни сентябрь-октябрь ойларида бошлаш мўлжалланаяпти, деди “Тошшаҳартрансхизмат” вакили.

Йўлкира тўлашнинг электрон тизими технологиясини Тошкентдаги “Click” ширкати ишлаб чиқмоқда.

- Ҳозир кўп нарса ишлов босқичида бўлгани боис¸ кўп нарсани айтолмаймиз. Бу бўйича ишлар олиб борилаяпти. Ҳамма нарса тайёр бўлиши билан бу ҳақда расман маълум қиламиз, деди “Click” ширкати мутахассиси.

“Тошшаҳартрансхизмат” расмийларига кўра, йўлкира тўлашнинг электрон тизимига йўловчиларга қулайлик яратиш ва йўлкира тушумларининг тўлиқ ширкат ғазнасига келишини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилмоқда.

Кондукторлар ишсиз, ҳайдовчилар нонсиз қоладиган бўлди

Ҳозир Ўзбекистонда йўлкира тўловлари кондукторлар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Баъзида йўлкира пулини автобус ҳайдовчиларининг ўзлари олади. Бундай ҳолга тошкентликлар кўникиб қолишган:

- 58, 40, 45 сонли автобуслар бор. Шу йўналишдаги автобус ҳайдовчиларини кўпчилиги эшикни тагида туриб, ҳаммани олдидан тушириб, йўловчилардан пул олади. “Нима учун бунақа қиласизлар”, десак “биз эҳтиёт қисмларни ўзимиз сотиб оламиз” деб айтишади, дейди тошкентлик Маъруфжон

Баъзида эса¸ тошкентлик йўловчиларга кўра¸ кондукторлар йўловчилардан пул олиб билетни бермаслиги ёки ярмини йиртиб бериши кузатилади:

- Бир куни кондукторга пул берсам, билет бермайди. Нимага бермайсиз, десам “хоҳласанг рулони билан бераман”, деб менга дўқ қилади. Менга рулони керак эмас, уч кишига пул тўладим, учта билет берасан, деганман. Кейин “Тошшаҳартрансхизмат”га шикоят қилдим. Бизни ўзимиз буни ҳал қиламиз, дейишди. Энди электронга ўтилса, бунақа суистеъмолликлар бўлмайди, деб умид қиляпмиз, дейди бошқа бир тошкентлик йўловчи.

“Тошшаҳартрансхизмат” ширкати вакилларига кўра, ҳозир пойтахт жамоат транспорти тармоғида 290 га яқин йўналишда автобус, трамвай ва йўналишли таксида кунига 1,5 млн нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади.

Ўтган ой ўрталаридан Тошкентда йўлкира кутилмаганда 25 фоизга оширилди ва 800 сўм бўлган автобус ҳақи 15 июндан 1000 сўм қилиб белгиланди.

1 июлдан эса Наманган ва Хоразмда ҳам йўлкира нархлари кўтарилди. Мазкур вилоятларда 500 сўм бўлган йўловчи транспорти чиптаси 600 сўм этиб белгиланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG