Линклар

Сарлавҳага чиқарилган маълумот янгилик эмас. У мамлакат Меҳнат кодексида, Президентнинг минимал иш ҳақига оид фармони ва қарорида белгилаб қўйилган меъёрдир.

Лекин бу қонуний меъёрни кўпчилик, айниқса, фермер хўжаликлари ишчилари билмаслиги Озодликка келаётган шикоятлардан кўриниб турибди.

Мухбиримиз ана шундай шикоятлардан биридан сўнг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийсига бир неча савол билан мурожаат қилди.

Энг сўнгги шикоятлардан бири

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи, шу ердаги “Маслаҳат тонги” фермер хўжалиги ишчиси Садирохун Сўфиев куни кеча OzodMikrofon эшиттириши билан боғланиб, бир неча йилдан бери иш ҳақи берилмаётганидан, иш берувчи устидан давлат идораларига қилган мурожаатлари натижа бермаганидан шикоят қилди.

- Ярим гектар ерим бор. Ишлайман, лекин 1 сўм ойлик беришмайди. Арз қилмаган жойим қолмади, ҳокимгаям, прокуроргаям арз қилдим, натижаси йўқ, деган эди Садирохун Сўпиев.

Унинг айтишича, тасарруфидаги ярим гектар ерни унга бундан 3 йил муқаддам фермер берган ва бу ерда суҳбатдошимиз оиласи билан пахта етиштиради.

50 кг буғдой, 150 боғ ғўзапоя

Сўфиевдан 2013 йили қанча иш ҳақи олганини сўрадик.

- Пул кўринишида ҳеч нарса бергани йўқ, лекин 50 кило буғдой берган, деди фермер хўжалиги ишчиси.

“Бас, шундай экан, нима учун фермерга ўша ерни қайтариб бермайсиз, ишдан бўшаб олмайсиз?”

Бу табиий саволга жавобан Садирохун Сўфиев “бўшаб олсам, оилам ўтинсиз қолади, ярим гектар ердан мен 100-150 боғ ғўзапоя оламан. Унинг бир боғи 2000 сўм”, деди.

Суҳбатдошимиз бир йилда бир марта йиғиб оладиган ғўзапоя 100 боғ бўлса 200, 150 боғ бўлса 300 минг сўмлик важ.

Садирохун Сўфиев билан қайта-қайта боғланиб, ўтказганимиз узоқ суҳбатлардан шу нарса маълум бўлдики, фермер хўжалигида на унинг ўзи ва на оила аъзоларидан бирон киши ишчи сифатида расман қайд этилган.

Нега бундайлигини сўраш учун хўжалик раҳбарини топиб бўлмади.

Агар Сўфиев фермер хўжалигининг ишчиси сифатида қонунда назарда тутилган тартибда қайд этилганида эди, оладигани бир йиллик ғўзапоянинг пулини бир ойда маош сифатида олган бўлар эди.

Ҳар ҳолда Ўзбекистоннинг Меҳнат кодекси ва Президент имзолаган ҳужжатларда белгилаб қўйилган меъёрлар шундай фикрга боришга асос бўла олади.

Меҳнат вазирлиги мулозими нима деди?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ўзини таништиришни истамаган расмийси билан мана бу савол-жавоб бўлиб ўтди:

Озодлик: Ўзбекистонда “Кафолатланган минимал иш ҳақи”, деган тушунча борми?

Меҳнат вазирлиги мулозими: “Кафолатланган минимал иш ҳақи”, дейилмайди. Лекин “Минимал иш ҳақи” бор. У Президент фармони билан белгилаб қўйилади. Иш берувчи шу минимумни таъминлаб бериши лозим. 2012 йил, 1 январидан бошлаб, ҳозир иш ҳақи Ягона тариф сеткасининг 1- разряди миқдорида белгиланиши керак. Бу ҳақда Президент қарори бор.

Озодлик: Иш берувчи ишчига Президент фармони билан белгилаб қўйилган минимал иш ҳақидан кам иш ҳақи тўлаши мумкинми-йўқми?

Меҳнат вазирлиги мулозими: Мумкин эмас. Президент қарорида ёзиб қўйилибдики, ишлаган ишчиларнинг иш ҳақи Ягона тариф сеткасининг 1- разрядидан кам бўлиши мумкин эмас.

Озодлик: Неча пул ўша меъёр?

Меҳнат вазирлиги мулозими: 236 минг сўм.

Озодлик: 236 минг сўмдан кам...

Меҳнат вазирлиги мулозими: ... бўлиши мумкин эмас Президент қарорига биноан. Ишчи берилган иш нормасини бажарса, унга тўланадиган бир ойлик иш ҳақи шунча бўлиши керак.

Озодлик: Сиз айтаётган меъёрдан кам иш ҳақи тўлаган иш берувчини ишчи судга бериши мумкинми?

Меҳнат вазирлиги мулозими: Президент қарорини (иш берувчи) бажармаса, албатта, бериши мумкин.

Озодлик: Айтилаётган меъёрлар фермерларга ҳам оидми?

Меҳнат вазирлиги мулозими: Фермерларга ҳам тааллуқли. Чунки фермер ҳам ишчини ишга ёллаганда унга разряд бўйича иш ҳақи тўлаши керак, дейилган. Меҳнат шартномаси бўйича тўлаши керак, дейилган.

Шу ўринда яна бир муҳим ҳужжатни эслатиб ўтмоқчимиз:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг (манба - Lex.uz сайти, сайтга кўра “Ҳужжат 01.05.2013 00 санаси ҳолатида, амалдаги версия”) 16-моддаси “Ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари”, деб аталади ва унда бошқа ҳуқуқлар қаторида мана бу меъёр белгилаб қўйилган:

“ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш <…> ҳуқуқига эгадир”.

236 000 сўмни ташкил қилувчи минимал иш ҳақи – реал курс бўйича 100 АҚШ долларига етмаган пул - ўзбекистонлик ишчининг бир ойлик эҳтиёжларини қондирадими-йўқми – бу бошқа мақола мавзуидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG