Линклар

Ўзбек қорилари халқаро ҳофизлар мусобақасида қатнашади


АҚШдаги масжид ўзбек қориларини кутмоқда

АҚШдаги масжид ўзбек қориларини кутмоқда

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Мусохон қорини Украина мусулмонлари таклиф қилган.

Манбанинг айтишича¸ наманганлик имом қорилар конкурсидан ташқари Украина мусулмонларига диний маросимларни ўтказишда кўмак бермоқда. Манбага кўра¸ бу кўмак таровеҳ номозларини адо этиш ва ифторликларда амру-маъруф қилишдан иборат.

Дин ишлари қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ мазкур қўмитанинг чет эллар билан ишлаш бўлимига бу йил ўзбек қорилари учун чет эллардан таклифномалар келган:

- Айниқса¸ наманганлик қорилар учун таклиф кўп келади. Улар таклиф қилинган мамлакатлардаги масжидларда рамазон ойи учун махсусан ҳатми Қуръон қилишади. Қориларимизнинг қуръонни зўр нафас билан беxато ўқишликлари чет давлатда ҳам машҳур бўлган¸ дейди Озодлик манбаси.

Манбага кўра¸ рамазон арконларини адо этишда кўмак бериш учун АҚШдан ҳам таклифнома бўлган:

- Энди АҚШга сафарнинг маъсулиятини инобатга олиб океан ортидаги юртга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси” ходими Фаррух қори Худойбердиевни жўнатдик. Куни-кеча етиб бориб АҚШ мусулмонларини ҳидоятга чақиришлик каби савоб ишни бошлаб юбордилар¸ дея билдирди Дин ишлари қўмитасидаги Озодлик манбаси.

Манбанинг айтишича бу йил Россияда ҳам ўзбек қориларига талаб катта бўлган:

- Россияга талаб кўп бўлса ҳам¸ икки киши юборишликни маъқул кўрдик. Дин ишлари бўйича қўмита ходими Миродил қори Ҳайдаров ва Чилонзор тумани “Қатортол” масжиди имом хатиби ва бир пайтнинг ўзида Тошкент ислом университети битирувчиси Аброр қори Алимовлар ҳозир шу кунларда Россия масжидларида таровеҳ ва хатми-Қуръон ўтказиш ишларига кўмак беришмоқда¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбек қорилари эстафета бошида

Ўтган йилги Қувайт халқаро Қуръон мусобақасида ўзбек қорилари ҳам иштирок этган эди.

Қувайтнинг Жанубус–сурра минтақасида Халқаро исломий жамғарма ташаббуси билан ўтказилган халқаро Қуръон мусобақасида 56 давлатдан келган 104 қори орасида ўзбекистонликлар ҳам бор эди.

Ўзбекистондан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлар бўйича қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича қўмита тавсияси билан юборилган икки қори Қувайт уламоларининг олқишига сазовор бўлган:

- Бу иккита қоримиздан бир Қорақалпоғистон республикаси Аҳмад ал–Беруний ўрта махсус Ислом билим юртининг 3–босқич талабаси Нуриддинов Йўлдошбой тиловат йўналиши бўйича қатнашди. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 1–босқич талабаси Набийиддин Жалилов ҳифз йўналиши бўйича қатнашиб совринга сазовор бўлди¸ дейди суҳбатдош.

Ўтган йили Москва ва Париж шаҳрида ўтган Қуръон ҳофизлари мусобақасида ҳам ўзбек қорилари пешқадам бўлгани айтилади.

Гастарбайтер имомлар

Россиядаги масжидларнинг 80 фоизида ўзбекистонликлар имом вазифасида ишлайди, деб билдирди Озодликнинг Москвадаги мухбири Умидбек. Суҳбатдошга кўра кўп ҳолларда Россия масжидларидаги ўзбек имомлари ФМС рухсати бўлмагани учун норасмий тарзда имомлик қилишади:

- Имомлик лавозими дафтарда Россия фуқаросининг номига қайд этилади¸ амалда эса ўзбек имоми асосий ишни бажариб ойлик олади¸ дейди Озодликнинг Москвадаги мухбири Умидбек.

Ўзбекистондан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлар бўйича қўмитасидаги Озодлик манбасининг таъкидига кўра¸ Ўзбекистон меҳнат вазирлиги ва Дин ишлари қўмитасидан изн олмасдан чет элларда Ўзбекистон фуқаросининг имом вазифасида ишлаши қоидага зиддир.

Россияда ишлаëтган ўзбек имомлари бир вақтнинг ўзида тақирбош миллатчилар ва махсус xизматлар нишонида туришади.

2010 йилда Тюмен вилоятининг Новий Уренгой шаҳридаги “Нур Ислом” масжиди имоми наманганлик Исомуддин Акбаров отиб ўлдирилган эди. Ҳозир бу масжидда марҳумнинг ўғли Муҳаммад имомликка ўтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG