Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:20

Украина шарқида ҳукумат кучлари айирмачиларга қарши ҳужумни кучайтирмоқда


Украина шарқида пайшанба куни ҳукумат қўшинлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида яна жанглар рўй берди. Берлинда Европа Иттифоқи ва Россия ташқи ишлар вазирлари можарода сулҳ ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишди. Айни пайтда Украинанинг ўзида янги мудофаа вазири ва бош штаб қўмондони лавозимларига янги шахслар тайинланди. Президент Петро Порошенко армияни “ўғри ва қаллоблар”дан тозалашини ваъда қилди.

Украина ҳукумати кучлари мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларга қарши ҳужумларни давом эттирмоқда.

10 кунлик сулҳ муддати ҳафта бошида тугаши ортидан 3 июль куни давом этган жанглар пайтида айирмачилар Россия билан чегарадаги ҳарбий постни ўққа тутди.

Украина чегара хизматининг маълум қилишича, Дольжанский чегара заставаси исёнчилар томонидан ўққа тутилгани оқибатида тўққиз нафар чегарачи жароҳатланган

Бу чегара постини бир неча кун аввал ҳукумат қўшинлари айирмачилардан қайтариб олишга муваффақ бўлган ва ҳарбий амалиёт қайта бошланганидан бери “илк ғалаба”, дея олқишланган эди.

Бошқа ҳодисада, Украина Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, “террорчиларни” олиб кетаётган бешта юк машинаси йўқ қилинган.

Баёнотда яна айтилишича, сўнгги 24 соат давомида исёнчилар ҳукумат қўшинларига қарашли назорат пунктларига қарши 16та ҳужум уюштирган. Талафотларга доир аниқ рақамлар берилгани йўқ.

Берлинда 2 июль куни Украина, Россия, Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари яна сулҳ ўрнатиш уринишларини давом эттириш ва кечи билан 5 июль куни бу борада музокара бошлашга келишиб олишди.

Келгусида ўрнатилиши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш режими Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан мониторинг қилиниши кўзда тутилган.

Тўрт вазир барча томонлар зўравонликни тўхтатиши, гаровдагиларни озод қилиши ҳамда Украина билан Россия ўртасидаги чегара постлари ҳукумат қўшинлари назоратига қайтарилиши лозимлиги борасида ҳам қўшма баёнот беришди.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Берлинда бўлиб ўтган сўзлашувларни “конструктив”, дея баҳолади ва барча томонлар “ўз зиммасидаги масълуиятни яхши тушуниб олди”, дея қўшимча қилди.

3 июль куни ўтказилган телефон конференциясида Франция Президенти Франсуа Олланд ва Германия Канцлери Ангела Меркель Россия Президенти Владимир Путиндан сулҳ ўрнатиш шартларини келишиб олишиш мақсадида 5 июлгача учрашув уюштиришда кўмаклашишни илтимос қилди.

Европа етакчилари “президент Путиндан айирмачиларни музокараларга жалб қилиб, Украина ҳукумати билан муросага эришишлари масаласига аралашишни сўради”, дейилади Франция президенти маъмурияти эълон қилган баёнотда.

Кремль тақатган баёнотда Путин тинч аҳоли орасида талафотлар ва Россияга қочиб ўтган украиналик қочқинлар сони ошаётганидан “чуқур ташвиш” билдирди, дея таъкидланган.

Айни пайтда, Украина Президенти Петро Порошенко мудофаа вазири лавозимига генерал-полковник Валерий Ҳелетейни тайинлади. Генерал-лейтенант Виктор Муженко эса бош штаб бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу лавозимларга номзодларни Украина парламентида эълон қилган Порошенко “ўғри ва қаллоблар армиясини тозалаш”ни ваъда қилди.

- Қуролли кучлар қатъийлиги ва професионаллигини жиддий тарзда оширмоғимиз лозим. Шунинг учун мен генерал-полковник Валерий Ҳелетейни янги мудофаа вазири ва Виктор Муженкони бош штаб бошлиғи лавозимига номзод қилиб кўрсатишга қарор қилдим,- деди президент Порошенко

Собиқ полиция зобити Ҳелетей кўп йиллар давомида давлат амалдорларини қўриқлаш хизматида ишлаган. Муженко эса собиқ иттифоқ давридан бери армия сафида хизмат қилиб келади.

Порошенко шунингдек, қишлоқ хўжалиги магнати ва Украинанинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган Юрий Косюкни президент маъмуриятида мудофаа масалалари билан шуғулланишга тайинлади.

Ҳарбий раҳбариятга тайинланган мулозимлар парламент томонидан маъқулланди.

XS
SM
MD
LG